Инсон қалби унинг қилган ишларида акс этади

    Фан 8 апрел 2025 788

    Металлургия йўналишининг етук олими, техника фанлари доктори, профессор Сойиб Абдураҳмонов 80 ёшга тўлди.

    Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиалида металлургия йўналишининг етук олими, техника фанлари доктори, профессор Сойиб Абдураҳмонов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган Республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

    “Ўзбекистонда кон-металлургия хомашёларини қайта ишлаш технологияларининг долзарб муаммолари ва ечимлари” мавзусида ташкил этилган анжуманда кон-металлургия соҳасининг етакчи олимлари, мутахассислар, устознинг ҳамкасблари, шогирдлари ва қўшни давлатлардан меҳмонлар иштирок этди.

    Тадбирни Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали директори А.Самадов кириш сўзи билан очиб берди. Унда илм-фан билан саодат, бахт ва камолотга, пиру бадавлатлик мақомига эришган замондошимиз, юртимизда фаннинг металлургия йўналишига улкан ҳисса қўшган, юзлаб шогирдлар етиштирган, қутлуғ ёшида жамиятда фаол елкадош бўлаётган инсон, устоз Сойиб Абдураҳмонов ҳаёти, илмий-педагогик фаолияти ҳақида сўз юритилди.

    Шундан сўнг ТДТУ ректори С.Турабджонов, Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қ.Санақулов, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ректори Б.Мардонов, МТТУ МИСиС Олмалиқ филиали директори Ф.Умаров, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Республика бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Ш.Усманов ҳамда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари Касаба уюшмаси Республика кенгашининг Тошкент вилояти вакилларининг табриклари тингланди.

    – Инсон қалби унинг қилган ишларида акс этади, – деди нотиқ. – Техника фанлари доктори, профессор Сойиб Абдураҳмонов у амалга оширган ишлар, эришган ютуқлари, шогирдлари, бахт қўрғони – оиласига қараб, устоз умри давомида яратган боғ тимсолида баҳо бериш мумкин.

    Сойиб Абдураҳмоновнинг узоқ йиллар давомида соҳага фидоийлиги, тинимсиз меҳнати ва илм-фан чўққиларини эгаллашга бўлган иштиёқи 1972 йилда техника фанлари номзоди илмий даражасига, 1976 йилда доцент илмий унвонига, 1997 йилда техника фанлари доктори илмий даражасига, 2000 йилда профессор унвонига эга бўлишига хизмат қилди. 1997 йил 26 август куни у “Шуҳрат” медалига, 2015 йил 31 мартда Навоий кон металлургия комбинати томонидан III даражали “Кончилик шуҳрати” нишонига, 2017 йил 31 августда Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан II даражали “Кончилик шуҳрати” нишонига сазовор бўлди. 2022 йил 29 августда мустақилликнинг 32 йили муносабати билан Ватанимизнинг юксак мукофоти “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Қувонарлиси, бўлиб ўтган анжуман давомида устоз Сойиб Абдураҳмоновга Навоий кон-металлургия комбинати томонидан I даражали “Кончилик шуҳрати” нишони топширилди.

    Устознинг илмий-педагогик, раҳбарлик, ташкилотчилик фаолияти ва инсонийлик жиҳатларига назар ташласак, бир инсонда қанча қобилият бўлиши мумкин бўлса, уларнинг ҳаммаси устозда мужассам, десак муболаға бўлмайди.

    Ҳар бир салоҳиятли, қобилиятли шогирд устознинг фахри ҳисобланади. Сойиб Абдураҳмонов илмга лаёқати бўлган ёшларни диққат-эътиборига олиб, уларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатиб, сабр билан фан оламига йўллади. Шу сабабли бугунги кунда устоздан таълим олиб, илмий унвон ва даражаларга эришган шогирдлар сулоласи етишиб чиқди. Устоз шогирдларига муваффақиятга меҳнат, сабр ва тинимсиз илм олиш билан эришиш мумкинлигини уқтириб келади.

    Ўз ишинг тўғрисида бировдан маслаҳат олмоқчи бўлсанг, аввало, унинг иши қандайлигига эътибор қил, деган нақлга амал қилиб, Сойиб Абдураҳмоновнинг ўзи ҳар бир масалада шогирдларига намуна бўлади. Айтилган ваъданинг устидан чиқиш, меҳнатсеварлик, ишни охирига етказиш, ҳалоллик ва ростгўйлик...

    — Ҳаётим давомида амалга оширган барча ишларимда аввало қон ва жисм орқали ўтган ота-онамнинг сийму сийрати, яъни тўғрилик, ҳалоллик, меҳнаткашлик гавдаланган, — дейди Сойиб Абдураҳмонович, — яна шу нарсага амин бўлдимки, илм инсонга бахт келтирар экан. Илм мени комиллик йўлига етаклади, пир-у бадавлатлик мақомига етказди. Бундан беқиёс, беадад шукроналик туйғуларини ҳис этаман...

    Анжуман соҳадаги долзарб мавзулардаги суҳбатлар, баҳс-мунозараларга бой бўлди. Шундан сўнг анжуман иши 5 та шўъбаларда олиб борилди, мутахассислар томонидан соҳага доир йўналишлардаги илмий ишлар юзасидан маърузалар тингланди.

    Устознинг юбилей ёшига атаб филиал раҳбариятининг ташаббуси билан "Илм саодат йўлидир" китоби нашр этилди.

    Айниқса, устознинг Андижон вилояти Шаҳрихон туманидан келган дўстлари, қариндошлари, қўни-қўшнилари ҳамда тадбирда иштирок этаётган меҳмонларнинг юзларида самимий табассум, кўтаринки кайфият мужассам эди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари устоз Сойиб Абдураҳмоновга самимий тилаклар билдиришди. Файзли умр соҳиби бўлган устознинг ҳаётий қарашлари, тутган тутуми, инсоний фазилатлари жуда кўпларга ўрнак, намуна, ибрат бўлса не ажаб. Зеро, яхши ва илмли инсон бўлиш ҳамма даврларда ҳам одамларнинг орзу-ҳаваси бўлган.

    Зулхумор АКБАРОВА


    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates