4-5 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева хизмат ташрифи билан Навоий вилоятида бўлди.
Дастлаб Сенат раиси Навоий шаҳридаги Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш муассасаси бўлиб, бу ерда ходимлар ва малака оширувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишилди.
Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева раҳбарлигидаги делегация Навоий шаҳри ҳудудида фаолият юритаётган йирик қандолатчилик корхонасида ҳам бўлиб, «Favorite Luks Servis» МЧЖда хотин-қизларга яратилган шароитларни ўрганди.
Шундан сўнг Сенат Раиси Навоий шаҳридаги Республика Ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббий маркази Навоий вилояти филиали фаолияти билан танишиб, мутахассислар билан мулоқотда бўлди. Мулоқотда вилоятда она ва бола саломатлигига аҳамият қаратилувчи соқада йирик муваффақиятлар мавжудлиги, айнан оналар ўлими тубдан қисқарганлиги эътироф этилди.
Олий Мажлиси Сенати Раиси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги «Ёшлар технопарки» бўлиб, у ерда хотин-қизларни IT йўналишида ўқитиш жараёнлари билан ҳам танишди. Мутахассислар билан мулоқотда мавжуд муаммо ва камчиликларга тўхталиб, ютуқлар ва уларни кўпайтириш борасида суҳбатлашилди.
Сенати Раиси вилоятнинг Навбаҳор тумани «Қоровултепа» маҳалласига ҳам ташриф буюриб, аҳоли хонадонларида бўлди. Танзила Камаловна маҳалла аҳолиси ва еттиликлари билан самимий суҳбатлашди.
- Маҳалла еттилиги бировга кўрсатиш учун ёки кўз-кўз қилиш учунмас, шу маҳалла истиқболи учун қаттиқ ишлаши керак, — деди суҳбатда Танзила Нарбаева.
Навоий шаҳридаги вилоят Маънавият ва маърифат марказида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг халқ депутатлари Навоий шаҳар, Кармана ва Навбаҳор туманлари Кенгашлари депутатлари билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда депутатлар томонидан амалга оширилаётган ишлар, уларнинг натижалари тўғрисида сўз борди.
Навоийдаги хизмат сафарининг иккинчи куни Олий Мажлиси Сенати Раиси вилоят ҳокими Нормат Турсунов ҳамроҳлигида Навоий шаҳридаги «Гидро Станко Сервис» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишишдан бошланди. Бу ерда айнан шу каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Бу ерда кооперация орқали 100 дан ортиқ қурилма ва мингдан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмлар маҳаллийлаштирилган.
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева вилоят ҳокими Нормат Турсунов ҳамроҳлигида Навоий шаҳрида Хитой капитали иштирокида ташкил этилган «Tiancheng Stone» хорижий корхонаси томонидан гранит маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди. Сенат Раиси завод ходимлари билан суҳбатда ишлаб чиқариш жараёнида экологияга зарар етказмасликка аҳамият қаратиш лозимлигини таъкидлади.
Вилоят раҳбари Нормат Турсунов Олий Мажлис Сенати Раисини автомобиль фильтрлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Universal filter» корхонаси фаолияти билан ҳам таништирди.
Танзила Нарбаева Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов ҳамроҳлигида Навбаҳор касб-ҳунар мактабида ҳам бўлиб, у ерда ёшларни касбга йўналтириш бўйича амалга оширилаётган ишларни ҳам ўрганди.
Юқори мартабали меҳмонларнинг Навоийдаги навбатдаги манзили Кармана туманининг «Мирсаид Баҳром» маҳалласи бўлди. Танзила Нарбаева маҳаллада ташкил қилинган «Соғлом оила хонаси» фаолияти билан танишиб, «маҳалла еттилиги» билан мулоқотда бўлди. Маҳаллани ишсизликдан ва жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Шунингдек, Кармана тумани Маданият маркази фаолияти билан ҳам танишилди.
Ташриф сўнгида Навоий вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини ўрганиш натижалари якунларига бағишланган Олий Мажлис Сенати Кенгашининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди.