Беларусь давлат технология университети (БДТУ)нинг биотехнология, технологик жараёнлар, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш, информатика ва ахборот технологиялари йўналишларига талабаларни 2-2 форматда қабул қилиш ўзаро ҳамкорликнинг муқаддимаси бўлди. Шу билан бирга мазкур олий ўқув юрти билан машинасозлик ва механика йўналишларида юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича келишувнинг йўлга қўйилиши таълим соҳасидаги ўзаро алоқаларимизни янги босқичга кўтарди. Ундан кўзланган асосий мақсад — мамлакатимиз саноат тармоқлари учун юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, олий ва касб-ҳунар таълимини ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш, илғор педагогик ва ахборот технологиялари, фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ўқув жараёнига жорий этишдир. Бундан ташқари, БДТУ билан қўшма таълим дастурларини яратиш, бакалавриат таълимининг тегишли йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича дарслик, ўқув қўлланма ва материаллар нашр этиш, ўқув-услубий ишларнинг сифати ва даражасини ошириш, таълим ва фан уйғунлигига эришиш каби бир қатор масалаларда биргаликда фаолият юритишга келишиб олинди. Бугунги кунда бу борадаги ўзаро ҳамкорлик муваффақиятли давом этмоқда.
Беларусь миллий техника университетининг биринчи проректори Георгий Вершин раҳбарлигидаги делегация университетимизда бўлди. Икки олий ўқув юрти ўртасида қўшма таълим дастурлари, илмий-технологик технопарк, қўшма факультет ва малака ошириш марказлари борасида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича меъёрий ҳужжатлар тасдиқланди. Ҳозир ана шу келишув шартлари тўла бажарилмоқда.
Университетимизда илмий-технологик парк яратиш лойиҳаси юзасидан икки ҳамкор олий таълим даргоҳининг илмий инновацион фаолиятини интеграция қилиш, тажирибаларини кенг ёйиш, талаба, магистрант ва докторантлар иштирокида юқори технологик лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кенгайиб боряпти. Эришилган келишувларнинг натижаси сифатида бугунги кунда икки университет қўшма факультетида таҳсил олаётган 113 талабанинг 58 нафари кейинги ўқув йилидан бошлаб таҳсилни Беларусь миллий техника университетида давом эттиради.
Ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш, амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш, икки университет ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, шу билан бирга, Беларусь миллий техника университети ташкил топганлигининг 100 йиллигида иштирок этиш учун Тошкент давлат техника университети ректори С.Туробжонов раҳбарлигида бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларимиз 2020 йили декабрда Минск шаҳрида бўлди. Улар университет эришган ютуқ ва янгиликлар, механика факультети лабораториялари билан танишди. Кенгайтирилган йиғилишда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Ўтган даврда ҳамкорлик доирасида амалга оширилган ишлар ижобий баҳоланди.
Беларусь миллий техника университети илмий кенгаши қарорига мувофиқ, икки олий таълим даргоҳи ўртасидаги ҳамкорлик ва алоқалар муваффақиятининг рамзи сифатида Тошкент давлат техника университети ректори С.Туробжоновга БДТУнинг фахрий профессори унвони берилди.
Орипжон ЗАРИПОВ,
Тошкент давлат техника университети проректори