Олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш тест синовларига тайёргарлик қандай кечмоқда?

    2024/2025-ўқув йили учун абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш 5 июнь куни бошланиб, 25 июнь куни якунланди.

    Абитуриентларни рўйхатга олиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг сайти (my.uzbmb.uz) орқали онлайн тарзда амалга оширилди.

    Жорий йилда жами 894 279 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг 410 415 нафарини (46 фоиз) жорий йил битирувчилари, 483 864 нафарини (54 фоиз) эса аввалги йилларда битирган абитуриентлар ташкил этди. Рўйхатдан ўтиш талабларини тўлиқ бажарган 805 688 нафар абитуриентга тест синовларида иштирок этишга рухсат берилди (2023 йилда – 948 минг 486 нафар).

    Тест синовларида иштирок этиши белгиланган абитуриентларнинг 422 400 нафарини хотин-қизлар (52,4 фоиз), 383 288 нафарини эркаклар (47,6 фоиз), ташкил этади.

    Жорий йилда 489 118 нафар (60,7 фоиз) абитуриент тест синовида иштирок этиш учун белгиланган тўловдан озод этилган.

    Жорий йилда доимий яшаш ҳудуди бўйича энг кўп Самарқанд вилоятида 95 979 нафар, Қашқадарё вилоятида 92 636 нафар, Фарғона вилоятида 79 808 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган.

    Абитуриентларнинг 46 244 нафари алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига, 12 851 нафари олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагини билдирган.

    Рўйхатдан ўтишда 22 632 нафар абитуриент чет тилидан халқаро сертификат юклаган бўлиб, улардан 20 063 тасининг ҳақиқийлиги тасдиқланди, 2 569 та сертификатнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмади.

    Бундан ташқари 30 637 нафар чет тилидан, 20 684 нафар умумтаълим фанларидан миллий сертификатга эга абитуриент рўйхатдан ўтган.

    Жорий йилда тест синовларини сифатли ташкил этиш ва ўтказиш учун бинолар оптималлаштирилиб, ҳозирда 73 та ёпиқ турдаги катта сиғимли бино тест синовларига тайёрланмоқда. Уларда бир сменада 1 176 та гуруҳда, 35 280 нафар, бир кунда эса 70 560 нафар абитуриент тест синовида иштирок этиши ва тест синовларининг 12 кун давомида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

    Тест синовларини адолатли ва шаффоф ўтказиш мақсадида кенг жамоатчилик орасидан очиқ танлов ўтказиш орқали 2 690 нафар гуруҳ назоратчиси танлаб олинди. Бундан ташқари гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган абитуриентларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида 139 нафар сурдотаржимон жалб этилади.

    Тест синовларида фойдаланиладиган 15 та (тиллар кесимида 29 та) умумтаълим фанидан 40 мингдан ортиқ янги тест топшириғи шакллантирилди ва экспертизадан ўтказилди.

    Шунингдек, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга жавоб бериш учун 1195 қисқа рақамли мурожаатлар маркази («Колл марказ») доимий хизмат кўрсатмоқда.

    Қабул жараёнига оид мавзулаштирилган видеороликлар (ўзбек ва рус тилларида сурдотаржима билан) тайёрланиб, эълон қилиб борилмоқда.