Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ижтимоий тармоқларда тарқалган ИИБ биносига мажбурий олиб кетилган ака-укаларга нисбатан куч ишлатилгани ҳолати ўрганилмоқда. Тошкент вилояти ИИББ расмий муносабатида марҳумнинг ИИБ биносига кириш йўлагида соғлиғи ёмонлашиб, ҳушини йўқотгани, у шаҳар шифохонасига олиб борилгани ва кўрикдан ўтказилган вақтида вафот этгани қайд этилган.
Ҳозирда фуқаронинг ўлими сабабларига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳолат Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.
Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича омбудсманнинг Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили марҳумнинг оила аъзолари билан учрашиб, таъзия билдирди. Мазкур ҳолат бўйича Бош прокуратурага омбудсманнинг назорат хати юборилди.
Омбудсман ушбу ҳолат қонун талаблари доирасида кўриб чиқилиши, воқеанинг барча жиҳатларининг очиқ ва адолатли суриштирувини таъминлашни сўрайди.