Муқаддам фаррош бўлиб ишлаган маҳкуманинг сўзларига кўра, унинг соддалигида фойдаланиб, бир гуруҳ шахслар томонидан номига МЧЖ очилган ва банкдан кредит олинган. Улар 10 млрд сўмдан ортиқ пул маблағини ноқонуний айлантириб, сохта тадбиркорлик билан шуғулланган. Бу ҳам етмагандек 1,7 млрд сўмдан ортиқ қўшимча қиймат солиғини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган. Кирдикорлари фош бўлгач, Бухоро вилоят прокуратураси томонидан 2022 йил 14 октябрь куни ёлғиз онага фириб берган шахслар билан бирга, мурожаатчи У.З.га ҳам “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланган.
Жиноят ишлар бўйича Термиз шаҳар судининг 2022 йил 23 декабрдаги ҳукмига асосан, мурожаатчи У.З.га 3 йил 6 ой, қолганларга 4-7 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.
Маҳкума У.З. ўз номига очилган МЧЖда фаолият юритмагани, барча бухгалтерия ишлари юқорида кўрсатилган шахслар томонидан унга билдирмасдан юритиб келингани, бирор расмий ҳужжатларга имзо қўймагани ва ушбу фаолиятдан ҳеч қандай фойда кўрмаганини билдириб, ҳудудий вакилдан жазо чораси инсон ҳақ-ҳуқуқлари тамойилларига мувофиқ тайинланиши ва вилоят судининг Жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъати томонидан ўтказилган суд мажлисларида иштирок этишни сўраган.
Омбудсманнинг Сурхондарё вилоятидаги ҳудудий вакили бир неча маротаба вилоят судининг Жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъати ўтказган суд жараёнларида иштирок этди. Судда судья томонидан Омбудсманнинг ҳудудий вакилига ҳам сўз берилиб, унинг фикрлари ҳам тингланди. Омбудсман вакили 4 нафар фарзандни ёлғиз вояга етказаётган ва соддалиги сабабли шундай вазиятга тушиб қолган аёлга инсонпарварлик тамойиллари асосида енгиллик берилишини сўраган.
Суд ҳайъатининг 2023 йил 13 март кунидаги ажримига кўра, маҳкума У.З.га унинг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, ЎР ЖКнинг 72-моддасини қўллаб 1 йил муддатга синов шарти билан шартли жазо тайинланди ва суд залидан озод этилди.









