“Омикрон” ортга чекинмаяпти. Қатор мамлакатларда вазият анча хавотирли

    Саломатлик 12 январ 2022 1334

    “Омикрон” штамми туфайли эпидемиологик вазият издан чиқаётган мамлакатлар сони кун сайин кўпаймоқда. Шунингдек, касалланишлар авж олаётган жуғрофий нуқталар ҳам ўзгаряпти.  

    Масалан, сўнгги сутка давомида Руминияда СOVID-19ни юқтириш кўрсаткичлари бирданига 9 мингтага ошиб кетди. Бу мамлакатда пандемия даврида қайд этилган рекорд кўрсаткичдир.

    Яна бир хавотирли жиҳати, бу ерда 10 январь соат 10:00 дан 11 январь соат 10.00 гача 43 киши коронавирусдан вафот этган, юзлаб беморлар оғир аҳволда реанимация бўлимларига ётқизилган.

    Перуда ҳам вазият ёмонлашмоқда. Ҳудудда кунлик касалланиш ҳолатлари кеча 36 мингтадан ошган. Бу ҳам мамлакатда ўрнатилган рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Таҳлилчилар фикрича, ўсиш суръатлари декабрь ойи сўнгги ҳафтасида бошланган ва Янги йил байрамидан кейин кучайган. Кеча жами касалланганлардан 90 нафари ҳаётдан кўз юмгани мамлакат учун катта йўқотиш бўлди.

    Францияда эса 10 январда коронавирус тўлқини сезиларли даражада ортга қайтгани кузатилганди. 11 январга келиб эса кунлик янги ҳолатлар фавқулодда 87 мингтадан қарийб 360 мингтага кўтарилиб кетди. Бу мамлакатда пандемия бошланганидан буён рўйхатга олинган энг юқори кўрсаткичдир.

    Туркияда ҳам кечаги рекорд янгиланиб, кунлик кўрсаткичлар бир кун аввалги 65 мингтадан 74 минтага етди. Италияда 11 январнинг ўзида СOVID-19ни юқтирганлар сони 220 мингдан ошгани хавотирли вазият, деб баҳоланяпти. Испанияда эса 134 минг нафар беморда коронавирус аниқланган.

    Германияда янги йилнинг биринчи кунида пандемия тўлқини ортга қайтиб 3 минг кишида ушбу инфекция аниқланган бўлса, кеча 120 мингдан зиёд ҳолат қайд этилиб, яна кўтарилиш кузатила бошлади.

    Ҳиндистонга ҳам “омикрон” кириб боргач, эпидемиологик вазият тобора мураккаблашмоқда. Бу ерда куни кеча 168 минг нафар бемор рўйхатга олинган. Қозоғистонда эса 11 январда коронавирусга тест топширган 4889 кишида “мусбат” натижа қайд этилди.

    Янги штамм Молдовага ҳам кириб борди. Бу ерда бир йўла 16 кишида “омикрон” аниқланди. Улар орасида икки ойлик чақалоқ ҳам бор.

    Россияда эса бу мутация турини юқтирганлар сони расман 305 нафарга етди. Мутахассислар мамлакатда кунлик касалланиш кўрсаткичлари 100 мингдан ошиб кетишидан жиддий хавотирда.

    ЖССТнинг Европа департаменти раҳбари Ханс Клюгенинг айтишича, келгуси 6-8 ҳафта ичида Европа аҳолисининг ярмидан кўпи “омикрон” билан касалланиши мумкин.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates