Она симфонияси

    Инсоният яралибдики ҳаёт ҳақида, ҳаёт бешиги – она ҳақида энг азиз, энг жозибали сўз айтгиси келади. Ваҳоланки, сўзнинг ҳам, ҳаётнинг ҳам, турмуш завқи, сурури ҳам онадан бошланади.

    Айтишларича, файласуфлардан бири қалбининг туб-тубидан ситилиб чиқадиган ҳиссиётлари, илтижолари, таваллолари изҳорини “Аллоҳ ҳақида Сўз” дея атаган экан. Сўз нима? Одам сўзни қандай ўрганади? Бир парчагина суяксиз тил қандай қилиб сўзни ифодалайди? Сўзнинг ўзи аслида она қалбининг қат-қатидан, минг бир ҳужайрасидан ситилиб чиққан нидо эмасми? Бу каби саволлар кўп. Назаримизда жавоб битта: Сўзнинг буюк ижодкори – Она. Шу боис, сўз – ҳаёт аввали. Мурғаккина бола илк бора она бағрида, унинг қалб тўлғонишларида, меҳр ва умид изҳорида сўз эшитади. Демак, она борлиқнинг мўъжизаси, буюк ва бетакрор қудрати, бебаҳо неъмати. Шундай экан, бу рангин олам, бу сержило дунё она туфайли гўзал, мазмундор, мафтункор.

    Борлиқ маҳобатли, чексиз-чегарасиз мажмуа. Унда фалсафа, тафаккур, ранг, оҳанг, мусиқа бор. Фақат уни англаш, ҳис қилиш лозим. Бунинг учун эса уни бутун борлиғи ва салмоғи билан идрок эта оладиган қалб керак бўлади. Ана шу қалбни, бебаҳо гавҳарни, инсон моҳиятини ўзида мужассам этган олмосни она ҳадя этади.

    Дунё ўзгаряпти, маънавий-ахлоқий таназзул Ер шарини қамраб олмоқда. Инсо ният қалби ҳувиллаб қоляпти. Бу сайёравий фожиадан изтироб чеккан БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш “XXI асрнинг буюк фожиаси шундаки, инсоният қадриятлардан узоқлашмоқда”, деган эди. Инсон кўп ҳолларда робот шаклидаги ҳиссиз, туйғусиз, қалби ҳувиллаган тирик мавжудотга айланмоқда. Бу бизни дунёга келтирган, бу ёруғ оламни яшнатиш, яшартириш, ҳаёт деган ғоят жозибадор ва гўзал имконият мазмунини бойитишни орзу қилган онани унутишга олиб келмоқда. Ваҳоланки, она буюк кашфиётлар, оламшумул ихтиролар, бетакрор гўзалликлар, ҳайратомуз нафосат ижодкорларини дунёга келтиради. У инсонийликни асраш, ривож лантириш, камолотга етказиш орқали кишилик ҳаётининг буюк халоскори эканини унутмоқдамиз.

    “Таъмирланган”, “сунъий тарбияланган” инсонни вужудга келтиришдек нобакор ғоя инсониятни азалий ва абадий қадриятларидан узоқлаштирмоқда. Бу инсон табиатидаги, умуман инсоният руҳиятидаги оғир ўпирилишларга сабаб бўляпти. Бу хавфли, хатарли жараёндан бизни асрайдиган ягона қудрат – Она. Биз меҳрдан узоқлашаяпмиз, муҳаббатни чўпчакка айлантираяпмиз. Уларнинг барчасини асрагувчиси ва халоскори Она, деган қадриятдан узоқлашаяпмиз.

    Онанинг ҳаётга мазмун киритадиган, унинг моҳиятини бойитадиган қудрати ҳақида ўйлар эканман, болалигимни эслайман. Онам оддийгина аёл эди. Бироқ чанқовуз чалишини, куйоҳангидан роҳатланиб, тўлқинланиб туришини кўп кўрганман. Бу сирли оҳангни вужудим билан эшитар эдим. Чанқовузнинг бироз ҳазин ва бўғиқ садосидан ўзим билмаган ҳолда алланечук бўлиб кетардим. Бу синоатли тўлқинларда ҳаёт нашидаси, онамнинг зоҳиран оғир-босиқ, тинч-осуда, аммо ботинан денгиздай қалб пўртаналари бор эди. Ифодалаб бўлмас кечинмалар оғушида онамга катта ҳайрат ва ҳаяжон билан қарардим. Эҳтимолки санъатга, адабиётга иштиёқим ана шу лаҳзаларда туғилгандир.

    Онамнинг болалигимда айтган аллалари ҳамон қулоғим остида жаранглайди. Бироз маъюс, аммо умидвор, баъзи ҳолатларда ғамгинлик, эзгинлик билан аллақандай кўтаринкилик, завқ қоришиб кетган бахтиёр онанинг ғоятда ёқимли овози янграрди. Эҳтимолки меҳр-мурувватнинг зуваласи ғамгинликдан яралгандир. Онамнинг овози жуда ёқимли, сирли, синоатли эди. У кишининг аллаларида қандайдир самовий, киши қалбини жунбушга келтирадиган қудрат борлигини мурғак қалбим билан ҳис қилардим. Алла айтган пайтлари беихтиёр, ўзим билмаган ҳолда югуриб бориб онамнинг пинжига тиқилардим. Тиззасига бошимни қўйиб йиғлагим келарди. Бўғзимга нимадир тиқилиб қоларди. Оҳанг сеҳридан этларим жунжикиб, юрагим ҳаприқиб кетарди. У фақат қўшиқгина эмас, айни пайтда ифодалаб бўлмас меҳр тўлқини эди. Бу оилага, ҳаётга, фарзандларига муҳаббатнинг тушунтириб бўлмайдиган садоси эди. Алла оҳанглари ғоятда сирли, синоатли, жуда ёш бўлишимга қарамасдан бутун вужудимда титроқ уйғотиб, ўзим англамаган эзгуликларга чақираётгандай бўларди. Бу она қалбининг нидоси, орзу-армонлари қўшилиб кетган муножоти эди. Айни пайтда, оҳангнинг туб-тубида таърифлаб бўлмас даражадаги муҳаббат, иштиёқ, ишонч ва шижоат ётарди.

    Аслини олганда аксарият оналар алла айтаётганида бирон қўшиқни ёдлаб айтмайди. У ўзининг қалб қўшиғини, эзгу орзулари нидоларини, мурғаккина бола бахту иқболи билан боғлиқ бўлган ҳиссиётларини куйлайди. Аслида эса оналикнинг буюк чўққиси, такрорланмас намунаси ана шу эди.

    Ҳар бир инсон камолотида отанинг ўрни катта. Бироқ у оилани моддий таъминлаш, кам-кўстини тўлдириш, хонадон фаровонлиги, мустаҳкамлиги учун масъул. У кўча одами. Она эса аёллик назокати, латофати, муштипарлиги ва меҳр-муҳаббати тимсоли. Унда эзгуликлар, садоқат, соғинч ва илҳом мужассам. Жаҳон адабиётининг мумтоз вакилларидан бири Лев Толстой аёл ва унинг қадрияти хусусида гапирар экан, қуйидагиларни баён этади: “Аёл ва эркакнинг мақсади бир: Худога хизмат қилиш. Аммо ҳар икки жинс вакилларининг Худога хизмат қилиш йўллари турлича ва улар аниқ белгиланган. Шунинг учун ҳар бир жинс ўзига хос йўл билан Худога хизмат қилиши лозим. Аёллар учун энг асосийси ва фақат уларга тегишлиси – болалар туғиш ва уларни бошланғич тарбияси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу ишга ва у билан боғлиқ жараёнларга аёлнинг бор кучи ва эътибори қаратилиши керак. Аёл эркак киши қиладиган ҳамма ишни бажариши мумкин, лекин эркак аёл қиладиган ишларни қилишга қодир эмас. Шунинг учун ҳам аёл бутун кучини фақат ўзигина бажара оладиган (бола туғиш ва унинг дастлабки тарбияси) ишга тўла сафарбар этмоғи лозим”.

    Атоқли адиб айни пайтда буюк файласуф эди. У одам ва олам, инсон ва инсоният тақдири ҳақида чуқур қайғурган, ҳаёт баркамоллиги ва етуклиги ҳақида нодир тафаккур гавҳарларини мерос қолдирган улуғ инсон эди. Ёзувчи Лев Толстой ҳаёт моҳиятини, унинг қадриятий асосларини Аёл ва Она тушунчасида кўради. Уни юксак қадрлаб, шахсий ва ижтимоий моҳиятини очиб беради ва “Болани дунёга келтириш аёл учун ўзидан воз кечишни англатади. Аёл ўзида ўзидан воз кечиш маҳоратини тарбиялагани ҳолда уни ҳаётнинг бош қа жараёнларида қўллай олади”, дейди. Бу – жуда катта маънавий қудрат, руҳий ирода.

    Албатта, ҳар бир даврнинг ўз юки, масъулияти, жавобгарлиги бўлади. Бугуннинг онаси дунё қалқиб турган бир пайтда етти миллиарддан ортиқ инсон билан бирга эзгулик ва ёвузлик, муҳаббат ва нафрат, садоқат ва хиёнат оралиғида яшамоқда. Ер шари ана шу бир-бирига зид, бир-бирини мавҳ этишга тайёр турган туйғуларнинг маҳобатли рингига айланган. Бундай чуқур драматизм ҳолатида онанинг кечинмаларини, изтиробларини ҳис қилиш қийин эмас. Зотан, она эзгулик, яхшилик, мурувватлилик, муҳаббат ва бошқа қатор фазилатлар волидаси. Унинг беқиёс тимсоли. Она ҳеч қачон фарзанди ёмон бўлишини ҳоҳламайди. Онанинг ёмони йўқ. Она, аёл булоқ сувидек покиза ва шаффоф, дарёдек шиддатли, уммондек бағрикенг. Бу улуғворлик, майинлик, назокатлилик, латофатлилик билан уйғунлашиб кетган фазилатнинг туб моҳиятида тоғдек виқор ва абадий орият ётади. Она оламининг ғоятда ранг-баранглиги, маҳобатлилиги ана шунда. Аёлнинг бутун моҳияти ва қадриятий кучи унинг тирик лик ижодкори, ҳаёт манбаи, яшаш ва улуғ мақсадлар билан умргузаронлик қилиш қудратида.

    Она миллатнинг таянчи, асоси. У ҳеч қачон айнимайдиган, зангламайдиган олтин. Миллий қадриятлар ва ўзига хосликнинг бебаҳо гавҳари, юксак ахлоқ, эзгуликлар жавҳари. Миллат она туфайли мангу яшайди. Авлодлар шажараси у туфайли давом этади. Миллат шаъни, орияти, ғурури тимсоли. Она нафасида олам оҳанги, борлиқнинг мусиқаси мужассам, унинг илиқ, ёқимли сасида ҳаётбахш куч бор. Биз у орқали, фақат у орқалигина оламни кашф этамиз, унинг қатларини очамиз. Олам ичра олам бўлиб яшаймиз. Бир лаҳза бўлсада ундан узилолмаймиз. Ана шунда ўктам, жасур, ботир, мард ўғлонлар – учқур тулпорлар, қалби меҳрга тўла мушфиқ, меҳрибон, сувратию сийрати гўзал қизлар – шонли, шарафли, баркамол авлодни дунёга келтиришга умрини бағишлайдиган мўътабар оналар дунёга келади.

    Она муҳаббати – бола ҳаёти, бола эҳтиёжларининг нажот манбаи, битмас-туганмас қудрати. Зотан, мурғаккина гўдак, авваламбор, меҳрга, муҳаббатга, эркалатишларга мойил бўлади. У ички сезим орқали ҳаммадан олдин онани ҳис қилади. Унга соғинч ва интилишларини билдиролмасада, интиқ бўлиб кутади. Унинг илиқ, ҳузурбахш ҳароратидан, ёқимли ва жонбахш ҳидидан ором олади. Она ва бола ўртасида кўзга кўринмайдиган, қалб ва руҳ билан боғлиқ бўлган алоқа, муносабат шаклланади.

    Оналик меҳри, она муҳаббати, фақатгина болага ғамхўрлик ёки жавобгарликкина эмас, айни пайтда у ўз оламининг нақадар улуғвор ва баркамол экани, ҳаёт деган олий қадриятга нур ва тириклик бахш этаётгани тимсолидир. Бу муҳаббат бола ҳаётини сақлаб қолиш, унинг бекаму кўст, соғлом ўсиши билан боғлиқ бўлган ва бутун оламга меҳр улашадиган мўъжизага айланади.

    Ана шу табиий-биологик, маънавий-руҳий ҳолат фарзандда ҳаётга интилиш, яшаш учун кураш, тириклик завқи, ўзининг борлигини ҳис қилиш каби соф инсоний феъл-атворни шакллантиради, фазилатларини бойитади ва муҳаббат ҳисларини кучайтиради.

    Она қалбидан сассиз садо келади: “Сенинг туғилишинг мен учун мўъжиза, буюк саодат! Сенинг дунёга келишинг умримнинг бутунлиги, ҳаётнинг бардавомлиги! Сенинг туғилишинг – менинг мангу барҳаётлигим!”. Бу умидли сас мурғак боланинг шунчаки яшашини эмас, балки ҳаётга чексиз муҳаббатини уйғотади. Бу еру кўкни, осмону заминни – бутун борлиқни қамраб олган меҳр эди. Оламни гўзалликларга, эзгуликларга ўраб олган буюк муҳаббат эди. Ана шу тарзда она инсоният ҳаётини тўхтовсиз ҳаракатга келтирувчи илоҳий қудратга айланади.

    Она муҳаббати, илиқ меҳри ҳар қандай хавф-хатардан, ҳатто, ўлимдан устун. Она фарзанди учун ҳамма нарсага ҳамиша тайёр. Жигаргўшаси, бир парча гўшт ҳолидаги полопони хатар олдида бўлса ҳеч иккиланмай ҳаётнинг барча завқу шафқидан, суруридан иккиланмай воз кечади. Ўзини қурбон қилиб бўлсада фарзандини асрайди. Она ана шундай руҳий ва маънавий қудрати билан баъзи ҳолатларда эркаклардан устун турадиган ноёб хилқат. Фарзандини асраб қолиш учун ҳаётидан воз кечишдан тоймайдиган, қайтмайдиган буюк қудрат тимсоли.

    Бола вояга етгунча она унинг таянчи, ҳимоячиси, меҳри ва муруввати билан мадад бўлгувчи хилқат. Бироқ фарзанди вояга етгач ундан узоқлашса она буниям шодлик билан кутиб олади. Фарзандини мустақил инсон, ўз тақдирини ўзи белгилашга қодир бўлган одам сифатида кўриб қувонади. Она ва фарзанд ўртасидаги бундай мустақиллик, алоҳидалик уларнинг ўзаро муҳаббатига путр етказмайди, аксинча, бир-биридан куч олиб, бир-биридан рағбатланиб истиқболга қатъий ишонч ва буюк саодат кўзи билан қарашади. Ана шунда она инсоний худбинликдан, манфаатпарастликдан, фарзандига эгаликдан ўзини устун қўя оладиган етук ва баркамол ирода тимсолига, фарзанд камолотини рағбатлантирувчи қудратли кучга айланади. Берган меҳр ва мурувватларидан натижа кутмасдан унинг камолини тилайди.

    Таниқли шоира Шарифа Салимова онанинг меҳрли олами, унинг қалб изтироблари хусусида ўз қалб туғёнлари, оналик ҳисси, майин ва ҳазин кечинмаларидан келиб чиқиб она сувратию сийратини ҳайратланарли даражада бетак рор ифодалайди: “Тоғда бир гиёҳ бор, тунда етилар. У гиёҳ кўп сирли – меҳригиёҳдир. Минг битта дардларга даво бўлар у. Бемор вужудларга мушфиқ паноҳдир. Тунда у ўт каби ловуллаб ёнар. Зулматни парчалаб, ёғду сочади. У нопок қўлларга ўзни тутқизмас. У мунис дилларга бағрин очади. Аёл ҳам бамисли шу сирли гиёҳ. Сиру синоати қалбида пинҳон. У улуғ тупроқдан қудрат олади. Шунда томир отар, гуллар берар жон. Она шер қудрати унда мужассам: ғаним кўзин бир шаҳд ила ўяди. Гўдаги инграса, қалб қони билан миллат жароҳатин боғлаб қўяди. Улуғ момоларин қутлуғ рўмоли артар кўкрагидан асрлар доғин. У пок, озғин, нозик қўллари ила ҳеч кимга бермайди миллат байроғин!Унинг алласидан уйғонар дунё: миллат уйғонади, халқ уйғонади. Асрлар кунжида мудраган карахт улуғ сўз уйғонар, қалб уйғонади. У гўё миллионлаб нур кукунлари: миллат дарди ила кулиб қўяди. У эркни падардек, оғадек суйиб, жонида гўдакдек олиб юради. У – она, у – сабр, у – ишқ, у – вафо, у – табиб, у – ҳабиб, у – бутун бахтдир, аёл уйғонмаса, уйғонмас миллат, у тўрт фасл гуллаб турган дарахтдир!”

    Она қалби олам оҳанги. У мангу сўнмас, ҳеч қачон тугамайдиган қўшиқ, сирларга, синоатларга тўла тилсимот. Бу оҳангнинг жонбахш ва ҳузурбахш, ғоят ҳароратли куйнинг эса қирралари кўп, жилолари беқиёс. Худди олмос сингари.

    Мусиқа санъатида ҳар қандай мўъжизавий куй еттита нотадан яралади. Она қалби ноталари ҳам худди шундай. Бироқ бу ноталарнинг ҳар бирида етти минг қочирим, етти минг нола, етти минг хониш, етти минг усул бор. Унда янграган оҳанг бутун борлиқни ўзида ифода этган буюк ва маҳобатли симфония. Унда дунёнинг, серқирра ҳаётнинг биз англаган-англамаган синоатлари мужассам. Гоҳ дилхуш, гоҳ дилхун, баъзан қувноқ, баъзан маҳзун оҳанглар она қалби севинчу изтиробларининг акс-садоси. Унда ҳаёт драмаси – бутун фожеасию кулгулари ўз ифодасини топган. Она симфонияси янграб турар экан, ҳатто, тошга айланган юракларни ларзага солиб, унда эзгу ҳисларни уйғотар экан, ҳаёт абадий ва гўзалдир.

    Она симфониясида ҳаётнинг турли-туман оҳанглари, товушлари, ранглари уйғунлашиб кетган. Унда камалак гўзаллиги ва мафтункорлиги мужассам. Ранглар ва оҳангларнинг ўзаро бирлашишидан Она ва Ҳаёт моҳияти, унинг буюк фалсафаси юзага келади.

    Оқил САЛИМОВ,

    академик

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates