Она тили — миллий ғурур ва ифтихор рамзи

    Тил мавжуд бўлиши учун унда 100 мингдан ортиқ киши томонидан сўзлашилиши керак. Энг кенг тарқалган ва фаол ишлатиладиган тиллар инглиз, хитой, рус, француз, испан, ҳинд, португал ва араб тиллари бўлиб, уларда 300 млн.дан ортиқ одамлар сўзлашади. Шунинг учун уларда йўқолиб кетиш хавфи йўқ.

    Халқаро она тили кунини белгилаш тарихи

    Дунё халқлари тарихи, айниқса, ХХ аср тарихини кузатар эканмиз, уларнинг кўпчилиги ўз миллий мустақиллиги учун курашни ўз она тилига давлат тили мақомини бериш учун курашишдан бошлаганига гувоҳ бўламиз. Хусусан, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш каби Англиянинг, Африкадаги Франциянинг, Америкадаги Испаниянинг мустамлакалари бўлган давлатларда мустақиллик йўлидаги дастлабки курашлар айнан ўз она тилига давлат тили мақоми бериш учун курашлардан бошланган.

    Аммо афсуски, уларнинг барчаси ҳам ҳали ҳануз ўз ниятига эришгани йўқ. Ҳозиргача ҳам айрим давлатларда инглиз, испан, француз, португал тиллари давлат тили ҳисобланади. 21 феврални Халқаро она тили куни сифатида белгиланишининг тарихи ҳам айнан шу омил билан боғланади.

    Чунки 1952 йил 21 февраль куни Дакка (Бангладеш)да рўй берган қонли веқеалар — ўз она тилини ҳимоя қилиш мақсадида намойишга чиққан талабаларнинг полиция ўқлари остида қолиб ҳалок бўлган кундир. Улар ўз она тилларини мамлакатнинг давлат тилларидан бири сифатида тан олинишини талаб қилишган эди... Мазкур талабаларнинг хотираси ҳурмати учун 21 февраль Халқаро она тили куни сифатида 1999 йил ноябрь ойида ЮНЕСКОнинг Бош конференцияси томонидан эълон қилинган ва 2000 йил февралидан бери ҳар йили тиллар ва маданий хилма-хиллик ва кўп тиллиликни тарғиб қилиш мақсадида нишонланиб келинади.

    Зеро, бугунги дунёда ўз она тилини сақлаб қолиш, унинг соҳаларда қўлланишини таъминлаш, таълим, илмий жараёнларда етакчилик қилишини таъминлаш катта муаммолардан ҳисобланади. “SIL INTERNASIONAL” халқаро ташкилоти маълумотларига кўра, айни пайтда дунёда 7 мингдан ортиқ тил ва лаҳжа мавжуд. Уларнинг атиги 560 таси давлат ва ўқув-тарбия соҳаларида фаол қўлланилади, 43 фоизи хавф остида.

    Таълим тизимларида ва умумхалқ хўжалигида фақат бир неча юз тил алоҳида ўрин тутади, рақамли дунёда эса юздан кам тил ишлатилади. Тил мавжуд бўлиши учун унда 100 мингдан ортиқ киши томонидан сўзлашилиши керак. Энг кенг тарқалган ва фаол ишлатиладиган тиллар инглиз, хитой, рус, француз, испан, ҳинд, португал ва араб тиллари бўлиб, уларда 300 млн.дан ортиқ одамлар сўзлашади. Шунинг учун уларда йўқолиб кетиш хавфи йўқ. Шу жумладан, она тилимиз бўлган ўзбек тилида ҳам бугунги кунда 50 млн.дан ортиқ инсон сўзлашади.

    Тилларнинг умуинсоний тараққиёт учун зарурлиги, уларнинг нафақат маданий хилма-хиллик ва маданиятлараро мулоқотни таъминлаш, балки барча учун самарали бўладиган ҳамкорлик, таълимни йўлга қўйиш, коммуникатив жамиятларни қуриш ва маданий меросни сақлаб қолиш, барқарор ривожланиш учун илмий-техникавий тараққиёт самараларини қўллаш учун сиёсий иродани сафарбар этиш борасида ҳам ўта муҳимлиги Халқаро она тили байрамини нишонлашда муҳим омил бўлмоқда.

    Она тили — миллий ўзлик тимсоли, маънавият асоси

    Хусусан, бу байрам Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланади. Зеро, она тилининг миллат, давлат, жамият тараққиётидаги ўрни жуда муҳим, ўта зарурий ва долзарб бўлиб, зеро, бу тушунчалар ўзаро диалектик боғлиқ ва ўзаро алоқадор тушунчалардир. Миллат, давлат, жамият тараққий қилар экан, унинг тили ва тилшунослиги тараққий топиб боради. Давлат, жамиятдаги ўзгаришлар биринчи навбатда тилда, хусусан, унинг лексикасида — луғат бойлигида ўз аксини топади. Модомики, тил ижтимоий характерга эга экан, ижтимоий ҳаётдаги тараққиёт тилдаги тараққиётни белгилаб беради. Ва, ўз навбатида, тил ва тилшуносликнинг тараққиёти жамият, давлат тараққиётига ўз таъсирини кўрсатади. Бунинг исботини бугунги кундаги дунё манзарасидан топиш мумкин – қайси мамлакатда – жамиятда тинчлик, фаровонлик ҳукм сураётган бўлса, шу ерда тил ва тилшунослик тараққий қиляпти, бунинг акси бўлган мамлакатларда эса, тил ва тилшунослик ривожи ҳақида фикр юритиш амримаҳол.

    Ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузи, обрўси, қўлланишини кенгайтиришда бир нечта муҳим, бир-бирини тўлдирувчи, мантиқий давом эттирувчи ҳужжатларнинг қабул қилиниши тарихий аҳамиятга эга бўлди. Булар:

    1. 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган “Давлат тили тўғрсида” ги Қонун.
    2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 13 майдаги “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони.
    3. 2016 йил 13 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони.
    4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони.
    5. 2020 йил 10 апрелда “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 1-моддаси билан 21 октябр санаси Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.
    6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони.
    7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 61-сонли қарори.

    Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада долзарб характер касб этди, десак, янглишмаган бўламиз. Фармонга кўра: а) 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепсияси; б) 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепсиясини 2020-2022 йилларда амалга ошириш дастури: в) 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари тасдиқланган.

    Асосий йўналишларда ўзбек тилининг нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш борасида бир қанча устувор вазифаларнинг бажарилиши назарда тутилган.

    Мазкур муҳим ҳужжатларда акс эттирилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ қилишда Президент Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасидаги “Миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилади. Албатта, чет тилини билиш-замон талаби. Аммо она тилини билишни мажбур қилиш керак”, деган сўзлари, айтиш мумкинки, она тилимизни чет тиллари таъсиридан асраб-авайлаш, фарзандларимизга оан тили бўйича таълим бериш, она тилимизни тадқиқ ва тарғиб қилишда методологик асос, образли қилиб айтганда “Йўлчи юлдуз” вазифасини бажаради. Зеро, мазкур фикрларда она тилимизга бўлган юксак ҳурмат ва эътибор акс этганлиги билан бирга бу борада биринчи навбатда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар мазмун-моҳияти ҳам мужассамдир. Бу хайрли ишларни бажаришда ўзбек халқи бирдам ва елкадош бўлиши зарур. Муҳтарам Президентимиз айтганидек: “Ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир”. Ҳақиқатан, она тилимизни асраб-авайлаш, ривожлантиришга ҳар биримиз масъулмиз.

    Она Ватанимиз Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар истиқомат қилишади, 21 феврални улар ҳам байрам қилишади. Зеро, кўп тилли ва кўп маданиятли жамиятлар тиллари туфайли мавжуд бўлиб, улар анъанавий билим ва маданиятларни барқарор тарзда узатади ва сақлайди. Шунга кўра тил кишиларнинг ва гуруҳларининг шахсини, уларнинг тинч-тотув бирга яшашини таъминлашда жуда муҳим рол ўйнайди. Улар барқарор ривожланиш йўлидаги ислоҳотларнинг стратегик омили, глобал ва маҳаллий шароитлар ўртасидаги уйғун муносабатлар бўлиб хизмат қилади. Фақат кўп тиллиликнинг тўлиқ қабул қилиниши барча тилларнинг глобаллашган дунёда ўз ўрнини топишига имкон беради.

    Ўзбекистонда бу учун барча шарт-шароитлар яратилган. Таълимнинг 7 та — ўзбек, рус, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, тожик ва туркман тилларида олиб борилишининг ўзиёқ ўзга миллат вакилларига ўз она тилида савод чиқариш имкониятини беради. Олий таълим эса уч тилда – ўзбек, рус, қозоқ тилларида олиб борилади.

    Турли миллат вакиллари бўлган ўзбекистонликлар бир неча хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришлари билан бирга давлат тили бўлган ўзбек тилини ўрганишни исташади. Уларга ўзбек тилини ўргатиш мақсадида Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда. Устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда университет айнан шу соҳада кадрлар тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Университетда “Ўзга тилли гуруҳларда ўзбек тили” таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлананаётган бўлиб, унинг битирувчилари хорижда очилган ва очилаётган туркология, ўзбек тили ва адабиёти марказларида, хорижий ОТМда, умумтаълим мактабларининг ўзга тилли гуруҳларида (ўзбек тили ва адабий ўқиш фанларидан), таълим бошқа тилларда олиб бориладиган академик лицей, профессионал таълим берувчи муассасаларда ўзбек тили (давлат тили) фанидан дарс берадилар. Бугунги кунда мазкур йўналишда таҳсил олаётган талабаларга “Ўзбек тилини ўқитиш методикаси” фани айнан 2 модуль асосида ўқитилади:

    — ўзга тилли гуруҳларда (таълим рус, тожик, қозоқ ва б.) ўзбек тили (давлат тили)ни ўқитиш методикаси;

    — хорижликларга ўзбек тилини ўқитиш методикаси.

    Ҳозирги кунда ўзбек тили кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан таълим йўналиши учун янги авлод ўқув адабиётлари яратилди ва изланишлар давом этмоқда. Нафақат ўзбекистонликлар, балки дунё халқлари ўзбек тилини ўрганаётганликлари, бизнинг тилимизда эркин суҳбат қураётганликларини кўриб, фахр ва ифтихор ҳиссини туясан киши. Хусусан, Япония, Хитой, Корея ёшларининг ўзбек тилига бўлган қизиқишлари жуда кучли. Улар соф ўзбек тилида бемалол сўзлаша олади. Гарчи АҚШ, Германия ва бошқа мамлакатлар ёшлари, славян халқлари вакиллари ўзбек тилига хос бўлган товушларни тўлиқ ва тўғри талаффуз қила олмасалар-да, уларда ҳам ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш кучли. Уларнинг кўпчилиги Ўзбекистонга келиб таълим олишмоқда. Шунингдек, АҚШ, Корея, Хитой, Япония, Украина, Россия каби давлатларнинг айрим университетларида ўзбек тили фан сифатида ўқитилади.

    Шунга кўра фаолиятнинг иккинчи қирраси хорижликларга ўзбек тилини ўқитиш ва ўргатиш ишларидир. Шу мақсадда, университетда, аввало, дунё миқёсида ўзбек тилининг ўқитилиши ва ўрганилишига доир маълумотлар базаси шакллантирилди, муайян хорижий ОТМ билан академик алмашинув йўлга қўйилди.

    2023 йилда Халқаро она тили куни қандай нишонланади?

    2023 йилда ҳам ҳар доимгидек Халқаро она тили куни ЮНЕСКО шафелигида бутун дунё бўйлаб нутқий ўзига хосликни ҳимоя қилишга йўналтирилган бир нечта акцияларни ўтказади. ЮНЕСКОнинг бош директори Одрэ Азуле хонимнинг Халқаро она тили куни муносабати билан мурожаати эълон қилинади. Ҳар хили ЮНЕСКО муайян тилга бағишланган тақдимотлар, тадбирлар ташкил қилади. Масалан, 2019 йил маҳаллий тиллар йили деб эълон қилинган бўлса, 2020 йилда эса саухили тили диққат марказида бўлган.

    Она Ўзбекистонимизда, хусусан, бизнинг университетда ҳам Халқаро она тили кенг нишонланади. Она тилига бағишланган турли акция ва тадбирлар: оммавий диктант ёзиш, ўз она тилида шеърият кечасини ўтказиш, машҳур тилшунос олимлар, сухандонлар, полиглотлар билан учрашувлар, она тилини ривожлантириш, унинг қўлланиш соҳамини кенгайтириш, уни дунё миқёсида тарғиб қилиш йўлидаги муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган видеорликларни тайёрлаш, талабаларни қизиқтириш учун билан турли ўйинлар, викториналар, “давра суҳбатлари”, master-klass, lingvistik kvest кабилар ўтказилади. Булар, ўз навбатида, талабаларда она тилини ҳурматлашга, уни эъзозлаш ва бойитишга рағбат уйғотади.

    Хулоса ўрнида

    Тил — инсонни бутун борлиқдан устун қилиб турган бемисл қудрат, миллатнинг қалби, руҳи, ўтмиши, бугуни, келажаги, орзу ва армонлари, миллатнинг ўзи, ўзлигидир. Инсоният ривожланиб борар экан, тил тараққиёти ҳам абадийдир.

    Сўнгсўз ўрнида айтар сўзимиз шуки, ҳар бил миллат ўз она тилини кўз қорачиғидек асраб-авайлаши, эъзозлаши, янада бойитиши зарур. Токи келгуси авлодга она тилимиз соф, бойиган ҳолда мерос бўлиб қолсин.

    Саодат Муҳамедова,

    Филолигия фанлари доктори, профессор,

    Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети “Ўзбек тили таълими” факультети декани

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates