“Девону луғоти-т-турк” яратилганидан тўрт юз ўттиз йил ўтиб туркий тил истиқболи Ҳазрат Алишер Навоийни қайғуга солади. Ҳазрат “Муҳокаматул луғатайн” асарида: “...турк шуаросиким, форсий тил биларангин ашъор ва ширин гуфтор зоҳир қилурлар. Аммо сорт улусининг арзолидин ашрофиғача ва омийсидин донишмандиғача ҳеч қайси турк тили била такаллум қила олмаслар ва такаллум қилғоннинг маънисин ҳам билмаслар”, дея мутаассир бўлади. Навоийдан тўрт юз йигирма йил кейин Абдурауф Фитрат тилимизнинг бойлиги ушбу тилдаги сўзнинг кўплиги, сўз ясалиши ва тил грамматик қоидаларининг мукаммалигида деб таъкидлайди. “Муҳокаматул луғатайн” ҳақида гапириб, “Навойининг китоби туркчанинг бойлиғини очибғина билдира олмаса ҳам, туркчада сўз кўблигини у яхши биладир”, дейди.
Яқинда Фанлар академиясида лотин ёзувидаги ўзбек алифбосида илк бора чоп этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китоби тақдимоти жараёнида тилимиз тарихи билан боғлиқ мана шу воқеликлар ва саволлар кўнглимиздан ўтди. Янги нашр қандай мезонларга кўра амалга оширилди? Бой ва гўзал тилимизнинг сўз сандиғи қайси манбалар асосида тўлдирилди? Айни саволлар билан ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори Низомиддин МАҲМУДОВга мурожаат қилдик.
– Устоз, маълумки, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” илк бора 1981 йилда, сўнгра 2006–2008 йилларда беш жилдда чоп этилган. Суҳбатимиз аввалида мазкур тарихий изланишлар ва нашр жараёнида тер тўккан тилшунос олимларимиз ва уларнинг мезонлари ҳақида айтиб ўтсангиз...
– “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” 1981 йилда икки жилдда 43 минг нусхада нашр этилган. У ўзбек тилидаги 60 минг сўз ва сўз бирикмасини ўз ичига олган бўлиб, таниқли мутахассис Зокир Маъруфов таҳрири остида чоп этилган. Луғатни тузишда С.Акобиров, С.Иброҳимов, М.Миртожиев, А.Рустамов, А.Хўжахонов, А.Ҳожиев каби ўнга яқин пешқадам тилшунос иштирок этган. Аммо бугун таассуф билан таъкидлаш мумкинки, ўша даврда ҳукмрон бўлган қаттол сиёсат кўплаб маданий-миллий, маърифий-диний ва шу каби миллат менталитетига хос қабариқ тушунчаларни ифодаловчи сўзларнинг луғатдан ўз жойини олишига ва холис ҳамда рост тавсифланишига изн бермаган. Шунинг учун ҳам мазкур луғатда “русча-байналмилал” сўзларнинг беҳад кўплиги, унда ўзбек тили бойлигининг етарли даражада акс этмаганлиги кейинчалик китобхонларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган. Чиндан ҳам, бу эътирозларда ҳақиқат бор эди. Миллий менталитетимиз ва минг йиллик маданиятимизу маънавиятимизнинг мағзи-моҳиятини тайин этадиган жуда кўп тушунчаларни ифодалайдиган, масалан, ажр, азиз-авлиё, ворисийлик, маънавият, миллатпарвар, қадрият каби бир қанча сўзларга мазкур изоҳли луғатда жой топилмаган эди. Айтиш керакки, маънавият сўзининг том муқобили анча-мунча ривожланган тилларда йўқ. Бир француз актёрига турмушга чиқиб, Францияга кетган рус актрисаси Елена Сафонова “Аргументы и факты” газетасига (1997 йил, июль) берган интервьюсида француз тилида маънавият (“духовность”) сўзига айнан муқобил бўлган сўз ва тушунча йўқлигидан ҳайратга тушганини айтади. У эри билан бирга шундай тушунчани қидиради. Французча “спиритюэль” сўзи айнан бу маънони беролмайди. Елена эрига бу тушунчани таърифлайди: “Ички дунёси бой, покиза, ҳаёсиз эмас”. Эр айтади: “Бу яхши одам”. Елена давом этади: “Бу одам яна ижодий қобилиятга ҳам эга бўлса-чи?” “Унда у жуда ҳам яхши одам бўлади”, – дейди эр... Ўзбек тилидаги бу каби хос сўзлар мазкур луғатдан ташқарида қолган эди. Шубҳасизки, бу ҳол луғат тузувчилар илмий салоҳиятининг етарсизлиги эмас, балки миллий ўзлик идрокининг ўзагини ўстирмаслик пайидан бўлган, миллий маънавият мувозанатини бузишга йўналтирилган, бутун ҳудудларда ягона бир имтиёзли тилни жорий этишни хаёл қилган сохта сиёсатнинг натижаси эканлиги бугун сир эмас...
Табиийки, халқимизнинг асрий орзулари ушалиб, мамлакатимизнинг мустақиллик деган муборак неъматга эришуви, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши, “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ўзбек тили тараққиётидаги ва тил сиёсатидаги мутлақо янги даврни бошлаб берди. Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 10 сентябрдаги қарорига илова қилинган Давлат дастурига мувофиқ ўзбек тилининг давр талабига жавоб берадиган кўп жилдли изоҳли луғатини тузиш ва чоп этиш вазифаси белгиланди. Институтимиз тилшунослари томонидан тайёрланган 5 жилдли, 80 мингга яқин сўз ва сўз бирикмасини ўз ичига олган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” 2006–2008 йилларда “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриётида босмадан чиқди. Айтиш жоизки, бу луғатда 1981 йилда нашр этилган икки жилдли изоҳли луғат материалларидан маълум даражада фойдаланилган бўлса-да, бу луғат икки жилдли луғатнинг тўлдирилган ёки қандайлир ўзгартишлар билан қайта ишланган шакли эмас, балки луғатчиликнинг янги ютуқларини ҳисобга олган ҳолда давр тили манзарасини холис кўрсатиш мақсади билан яратилган мутлақо янги луғатдир. Бу луғатнинг тузатилган иккинчи нашри 2020 йилда “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриётида яна босмадан чиққан.
Алоҳида мамнуният билан таъкидлаш лозимки, бугун мамлакатимизда давлат тилини янада ривожлантириш борасидаги ишлар салмоғи ва кўлами янги босқичга кўтарилди. Айниқса, Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида баён қилинган кўрсатмалар бу борада янги давр бошланганлигининг шаҳодатидир. Давлат раҳбарининг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган дастур ижроси доирасида институтимиз олимлари томонидан тайёрланган 6 жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида нашрдан чиқди. 80 мингдан ортиқ сўз ва сўз бирикмаси изоҳини ўз ичига олган мазкур луғат лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги дастлабки нашрдир. Луғатга луғатчилигимиз ривожига жиддий ҳиссаларини қўшган таниқли тилшунослар Абдуваҳоб Мадвалиев ва Дурдона Худойберганова масъул муҳаррирлик қилишган. Уни такомиллаштириш, тўлдириш, кенгайтиришда институтнинг тил йўналишидаги деярли барча ходимлари иштирок этган.
Табиий равишда асосий эътибор луғатнинг аввалги нашрига кирмаган луғавий биликларни, муайян сўзлар доирасида пайдо бўлган янги маъноларни аниқлаш, уларни луғат таркибига киритиш, маънолар тавсифини янада расолаш, луғат материали кўламини кенгайтиришга қаратилган. Шубҳасизки, бундай улкан ва шарафли ишни меъёрига етказиб уддалашда жамоамиз аъзоларининг луғатчилик тарихидан, унинг мураккаб сиру синоатларидан етарли даражада бохабарлиги, илмий тажрибаси, ҳамжиҳатлиги, яқин ҳамкорлиги, муҳими, катта ният ижобати учун мунтазам масъулияти ҳал қилувчи омил бўлди.
– “Чортоқ туманининг Пешқўрғон қишлоғида пишган меваси қизил-қора рангда бўладиган дарахтни олвали деб аташади. Олвалининг ёнида пишган меваси сариқ-қизғиш тусли олча дарахти ҳам ўсади. Кўплаб ҳамқишлоқларимиз ҳовлисида олвали ва олча билан бирга пишган меваси қизил рангли ва катталиги ёнғоқдек-ёнғоқдек келадиган олхўри дарахти ҳам бор. Бошқача айтганда олвали – олча ва олхўридан мутлақо фарқланувчи дарахт. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да эса “олвали”нинг маъноси “олча ёки олхўри” деб кўрсатилган. Ўзи “олвали”. У қандай қилиб яна “олча” ёки “олхўри” бўлиб қолади? Изоҳли луғатда бундай чалкашликлар анчагина...”, дейди таниқли журналист ва адабиётшунос Муҳаммад Вали “Ўзбек тилининг изоҳли луғати тўлдирилиши зарур” деб номланган мақоласида. Дарҳақиқат, ўзбек тили шеваларида изоҳли луғатдан ўрин олиши лозим бўлган сўзларимиз сероб...
– Менимча, олволи (ёки олвали) сўзининг шевага оидлиги ҳақиқат ва шеваларда “олча”, “олхўри” маъносида қўлланиши ҳам бор гап. Бу сўз фақат Наманган шевасида эмас, бошқа, хусусан, Самарқанд томонларда ҳам қўлланади. Яқинда шевалар лингвокультурологияси борасида жиддий тадқиқот олиб бораётган иқтидорли тилшунос, бизнинг институтимизнинг катта илмий ходими Феруза Мусаеванинг “Ўзбек халқ сўзлари” номли анчайин салмоқли китоби нашрдан чиқди, унда мазкур сўз ҳам “олча” маъносида қайд этилган. Ҳар ҳолда изоҳли луғатда бу сўзнинг мазкур маъноларда тавсифланишида маълум даражада асос мавжуд...
Тўғри таъкидлаганингиздек, “ўзбек тили шеваларида изоҳли луғатдан ўрин олиши лозим бўлган сўзларимиз сероб”. Шубҳасизки, халқ тили – шевалар тилимизнинг бойиб бориши учун жиддий манбалардан бири. Халқ тилида адабий тилда бўлмаган кўплаб сўз ва иборалар мавжуд. Уларнинг адабий тилга ўтишида сўз санъаткорларининг ҳам хизматлари беқиёс. Ўзбекистонда туркий тилнинг уч буюк тармоғи, яъни қорлук, қипчоқ ва ўғуз шевалари вакиллари яшайди. Юртимизнинг бир ҳудудида деҳқончилик, ҳунармандчилик, бошқасида чорвачилик, яна бошқасида балиқчилик каби соҳалар яхши ривожланган. Бу соҳаларга оид адабий тилда ҳозирча йўқ бўлган сўзларни ана шу ҳудудлардан излаган маъқул. Таомшунос олим, марҳум Карим Маҳмудов хотираларидан бирида шундай воқеани ҳикоя қилган эди: Олим бир таомнинг тайёрланиш тартибини ёзиб, зукко сўз синчиси Абдулла Қаҳҳорга кўрсатади. Ундаги икра сўзини кўрган ёзувчи: “Бунинг ўзбекчаси йўқми?” – деб сўрайди. Олим: “Балиқнинг уруғи деса бўлади”, – дейди. Сўзнинг ичу ташини баравар кўра оладиган адиб: “Нима, сизга балиқ ўсимликми?” – дейди аччиқланиб. “Бўлмаса, балиқнинг тухуми бўлсин”, – деб жавоб беради олим изланган бўлиб. Ёзувчи: “Балиқ товуқ эмас”, – дейди ва халқда алоҳида сўз борлигини айтади... Олим сафарларидан бирида Хоразмда бу сўзни эшитади, у ерда увулдириқ дейиларкан. Бу сўз изоҳли луғатларимиздан ўз жойини олган. Халқ шеваларидан, айни пайтда ўзбек тилининг ўз холис ясалиш имконларидан фойдаланиб иш кўрилса, тилимизнинг табиий такомилини таъминламоқ мумкин бўлади.
– Қадимги хитой ва япон адабиёти бўйича жиддий тадқиқотлар олиб борган академик Николай Конрад ўтган асрнинг 60-йилларида ёзган мақолаларидан бирида хитой ва япон адабий тили халқнинг жонли сўзлашуви асосида шаклланганини айтиб ўтган экан. Лекин биз кўпинча адабий тил меъёрлари ҳақида гапирганимизда шеваларга ўгай муносабатда бўлишга интиламиз. Ахир, халқимиз неча асарлардан бери асраб келган бу сўзларда ўзлигимиз, миллий илдизларимиз аён бўлади-ку! Бу сафар шундай “жонли сўзлар” адабий асарлар ва халқ тилидан олиниб изоҳли луғатларга жойлашга ҳаракат қилингани бизни қувонтирди...
– Албатта, бу саъй-ҳаракатлар беҳад керакли ва ўринли иш, шевалар адабий тилни бойитиб боришнинг забардаст замини ва туганмас захираларидир. Халқ тилининг тирик ва теран томирлари бўлмиш шеваларга ўгай муносабат мутлақо янглиш йўсинлардир. Таниқли рус японшуноси Вадим Алпатовнинг қайд этишича, Японияда таълим тизимида япон тилини ўқитиш баробарида, айниқса, Токио, Огайо каби катта шаҳарлардаги мактабларнинг бошланғич синфларида япон тили шеваларининг ўзига хосликлари ҳам ўргатилар экан. Чунки шеваларнинг катта шаҳарларда йўқолиш хавфи кўпроқ экан. Адабий тилнинг зимну заминини ташкил этадиган шеваларга бўлган муносабат ана шундай фавқулодда эътиборга муҳтож беҳад муҳташам бир миллий бойликдир.
– Илм-фаннинг барча соҳалари бўйича давр талабларига жавоб берадиган терминологик тизимларни яратиш ҳамма даврларда ҳам долзарб бўлиб келган. Шу билан бирга, уларни амалга ошириш ниҳоятда мураккаб, катта куч талаб қиладиган иш эканлиги ҳам шубҳасиз. Айни пайтда ҳар бир соҳага оид терминларни тўла қамраб олган изоҳли махсус луғатларни тузиш ва нашр этиш ишлари бироз оқсаётгандек...
– Ҳар қандай фан терминологиясининг мукаммал ривожланганлиги шу фаннинг тараққиёт ва юксаклик даражасини белгилайди, айни пайтда терминология фанннинг алифбоси ва мунтазам қуролидир. Айни пайтда изоҳли терминологик луғатларни тузиш ва нашр этиш ишлари оқсаётгангани ҳам бор гап. Шунинг учун ҳам бу борадаги ишларнинг тубдан яхшиланиши учун мамлакатимизда тегишли дастурлар қабул қилинмоқда. Давлат тилини ривожлантириш билан боғлиқ аксарият расмий ҳужжатларда турли фан ва соҳаларга оид терминологик изоҳли ва таржима луғатларини тузиш ва нашр қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратиляпти. Албатта, бу бениҳоя долзарб вазифаларни жадал ҳал этишда турли фан-соҳа мутахассислари билан тилшуносларнинг яқин ҳамкорлиги ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Шу ўринда мустақиллик даври лексикографиясида лингвистик характердаги бир неча луғатлар тузилганлигини айтиб ўтмоқчиман. Бундай луғатлар сирасида Азим Ҳожиевнинг “Тилшунослик терминларининг изоҳли луғати” (Тошкент, 2002) жуда муҳим. Унда ўзбек тилшунослигида қўлланадиган 1700 яқин терминнинг маъноси тушунтирилган. Кейинроқ бу луғат Н.Маҳкамов ва И.Эрматовларнинг “Тилшунослик терминларининг изоҳли луғати” (Тошкент, 2013)нинг юзага келишига замин ҳозирлади ва шу тарзда мутахасислар учун ҳам, мактаб ўқувчилари учун ҳам муҳим манба пайдо бўлди.
Вақт тўхтаб турмаганидек, фан ҳам бир жойда қотиб қолмайди. Фаннинг ривожи янги-янги луғатларни тузишни тақозо қилади. Шу жиҳатдан Д.Худойберганованинг “Лингвокультурологик терминларнинг қисқача изоҳли луғати” (Тошкент, 2015), А.Мадвалиев ва ҳаммуаллифларнинг “Халқаро терминэлементларнинг изоҳли-иллюстратив луғати” (Тошкент, 2020), Р.Шукуровнинг сўз вариантларига бағишланган “Ўқув луғати” (Тошкент, 2020), Нафиса Садинованинг “Иш юритиш терминларининг қисқача изоҳли луғати” (Тошкент, 2020), Н.Маҳмудов, Ш.Кўчимов ва Н.Шариповаларнинг “Юридик терминларнинг русча-ўзбекча луғати” (Тошкент, 2021)ни соҳавий лексикографиянинг жиддий ютуғи сифатида баҳоласа бўлади.
Айни пайтда ўзбек-лотин ёзувида тўлдирилган, кенгайтирилган “Халқаро терминэлементларнинг изоҳли-иллюстратив луғати”, “Иш юритиш атамаларининг изоҳли луғати”, “Социолингвистика терминларининг изоҳли луғати”, “Замонавий тилшунослик терминларининг изоҳли луғати” устида иш олиб борилмоқда.
– Янги нашр тақдимотида луғатга Ўзбекистоннинг наботот ва ҳайвонот оламига дахлдор кўплаб ном-сўзлар киритилгани алоҳида таъкидлаб ўтилди...
– Кўп жилдли янги “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га ўсимлик ва ҳайвонларнинг халқона номларидан 500 га яқин янги сўз киритилди. Масалан, тоғпиёз, тоғқиёқ, тоғтол, тоғтурбид, тоғзира, тошбақаўт, қарғакўз, қарғаоёқ, қатранғи, қоракўрпа, қорақилтириқ, кўксақич, кўктерак каби ўсимликлар оламига тегишли сўзлар олинди ва улар бадиий асарлардан иллюстратив мисоллар билан далилланди.
Наъматак сўзининг эса бир нечта шевада қўлланадиган вариантлари: гулбута, ажинабута, боғгул, ҳулўл (ҳулули) бош сўз сифатида киритилди. Масалан, Ҳалима Аҳмедованинг “Машрабнинг хуржуни” номли бадиасида шундай келтирилади: “Мен эса ҳовлимиз ичидаги гулбутадан ҳар куни тиллақўнғиз ушлайман ва кўзимни чирт юмиб уларнинг бўйнини узиб, ундан маржон ясайман...”
Аҳмад Аъзамнинг “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар” номли ҳикоясида наъматак сўзи мана бундай қўлланганлиги эътиборга молик: “Қаерда ажинабута бўлса, чет-чакалак, овлоқ жойларда, пахтазорлардаги эгасиз шийпонларда, ҳатто қишлоқларнинг ичидаги одам турмайдиган чолдеворларда ҳам бу касофат бисёр учраб турган.”
Шунингдек, ҳайвонот оламига тегишли русчадан ўзлашган сўзларнинг ҳам халқона вариантлари олинди.
Масалан, қалқонбалиқ деб номланган икки кўзи бошининг бир томонида бўлган ялпоқ денгиз балиғи шу пайтгача луғатларда қайд этилмаган экан. Марказий газеталарнинг бирида бу ҳақида мана бундай маълумот топилди: “Орол денгизининг ҳар бир литрида 1960-йилларда 10–12 грамм туз бўлган. Сув таркиби ўзгаргач, маҳаллий балиқлар қирилиб кетганлиги сабабли унга қалқонбалиқ сингари ҳар хил океан балиқлари олиб келинди.”
Холдор Вулқоннинг “Айрилиқ” номли шеърида мана бундай мисралар бор экан: “Шамолда чайқалган қамишга қўниб, Жуфтини ахтариб кўктарғоқ сайрар...” Чумчуқдан йирикроқ, боши катта, бўйни ва оёқлари калта, узун тўғри тумшуқли бу қуш ҳам бу сафар луғатдан ўрин олди.
Ёзувчи Тоғай Мурод эса “От кишнаган оқшом” асарида “Ғўбалакда (от пашша) бингак нишидай заҳар ниш бўлади”, дейди. Бингак, яъни кўк тусли ари ҳам ёзувчининг ушбу асарида қайд этилгани боис уни луғатга киритдик.
Ёзувчи Муҳаммад Шарифнинг “Толкўприк” асарини ўқиган бўлсангиз, қозонювғич номли ҳашаротга мана бундай таъриф бериб ўтган: “Сув юзасида сузадиган, узун оёқли ҳашарот. Қозонювғич ўзидан икки баробар узун оёқларини сув юзига тираган ҳолда пириллаб учаётганга ўхшайди, шу сабаб баъзилар уни учади, бошқалар эса сузади дейди...”
Бу жараёнда соҳа мутахассислари билан тилшунос-луғатчиларнинг жиддий ва яқин ҳамкорлиги ҳамиша зарурлигини таъкидлаб ўтмоқчиман.
– Айни давримиз билан боғлиқ бир қизиқ ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчи эдим. Бугунги кунда чоп этилаётган баъзи газета ва журналлар таҳририятларида бир ғалати қоида юзага келган: “Биз маълум бир сўзларнинг қандай ёзилишини ўзимиз келишиб олганмиз. Бошқаларнинг фикри билан ҳисоблашмаймиз”. Ахир, ёзувчи Абдулла Қаҳҳор таъкидлаганидек, йўл ҳаракатини бузган йўловчини милиционер ҳуштагини чалиб тартибга чақиргани каби тил қонун-қоидаларини бузган одамга ҳам кимдир ёки қайсидир ташкилот дакки бериши, огоҳлантириши керак эмасми?!
– Менимча, даккилар, дашномлар билан иш битмайди. Умумий маданий-имловий савия даражасининг тиргаклари яна шу луғатлардир. Яқинда янги анчайин тўла “Ўзбек тилининг имло луғати” нашрдан чиқади, унинг ўқув варианти ҳам нашрга тайёрланган. Аслида изоҳли луғатнинг ўзи ҳам айни пайтда имловий саводхонлик учун ҳам хизмат қилади. Зотан, изоҳли луғат – сўзларни сурати, сийрати ва бутун синоати билан саломат сақлайдиган олтин сандиқ, десак муболаға бўлмайди.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди