Келажакка мерос "олтин хазина” ёхуд янги нашрдаги изоҳли луғатнинг афзалликлари нимада?

    2020 йилда кирилл ёзувида нашр этилган «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» 5 жилддан иборат бўлган бўлса, янги нашр 6 жилд ва унга 5 мингга яқин янги сўз киритилган

    Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида янгиланган ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида илк бор чоп этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” тақдимоти ўтказилди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш дерпартаменти, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, тилшунос олим ва мутахассислар, ёшлар ва журналистлар иштирок этди.

    – “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” Президентимизнинг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2020–2022 йилларда амалга ошириш дастурига асосан илк бор лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида тайёрланди, – дейди Ўзбекистон ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, филология фанлари доктори, профессор Низомиддин Маҳмудов. – Луғатдан ҳозирги ўзбек адабий тилида кенг истеъмолда бўлган 80 мингдан ортиқ сўз ва сўз бирикмалари, фан, техника, санъат ва маданият соҳаларига оид терминлар, шевада қўлланиладиган сўзлар, баъзи тарихий ва эскирган атамалар ўрин олган.

    Анжуманда ижтирок этган тилшунос олим ва мутахассислар 2020 йилда кирилл ёзувида нашр этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” 5 жилддан иборат бўлган бўлса, янги нашр 6 жилд ва унга 5 мингга яқин янги сўз киритилганини қувонч билан таъкидлашди.

    Адабиётшунослар, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг “Билга хоқон” романида муаллиф кўҳна сўзлардан унумли фойдалангани, асардан аждодларимиз фойдаланган туркий сўзларнинг бир нечаси изоҳли луғатга киритилгани ҳақида айтиб, ёзувчидан романнинг ўзига хос тилини шакллантиришда қайси луғатлардан ва асарлардан илҳом олгани ҳақида гапириб беришини сўрашди.

    – Тарихий асарлар яратиш жараёнида қарийб бир ярим минг йил аввалги даврнинг руҳини жонлантириш учун бугунимиз кишиларига тушунарли бўла оладиган, шарқираб оқаётган зилолдай тоза, мусаффо туркий тилга эҳтиёж туғилади, албатта, – дейди ёзувчи Исажон Султон. – Шу сабабли, “Билга ҳоқон” асарининг ёзилишида ҳам, таҳрир жараёнида ҳам ундаги араб ва форс сўзлари ўрнига ўз тилимиздаги муқобилини танлаб, қўйиб чиқишга тўғри келди. Чунки, “ва”, “ҳам” ёки “ҳамда”, “томон”, тараф”, “жануб”, “шимол”, “дарё” каби бир қатор сўзлар ўрнига асл туркий сўзни топиш зарурати пайдо бўлди. Мисол учун, “мен ва сен” ўрнига “мен билан сен” дейилса, тил жонлангандай бўлади. “Томон”ни аждодларимиз “бўлунг”, “тараф”ни “ён”, “дарё”ни “сув” деб аташган, қолган сўзлар шулар атрофида уюшган, масалан, “оқар сув”, “турғун сув”, яъни кўл, сувлоқ, сувчи, сувламоқ... Шу билан бирга, қадимги айтим ва мақоллар ҳам ёрдамга келди. Мисол учун, қор момақалдироқ билан ёғса, қиш бола ташлади, дейилган экан. Ёки, ёз кунида ёмғир ёғса, “бўри болалади”, ой атрофида ҳалқа ҳосил бўлса, “ой қўрғонлади” дейишади. Бундай кўҳна иборалар она тилимизда ҳам, туркий лаҳжаларда ҳам кунимизга қадар яшаб келмоқда. Албатта, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғотит-турк”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул-ҳақойиқ”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарларидаги кўҳна сўзлардан ҳам фойдаланишга тўғри келди.

    Анжуманда сўзга чиққанлар изоҳли луғат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ҳамкорлигида тайёрлангани ва бу ҳамкорлик яна давом этиши зарурлигини айтиб ўтишди.

    – Изоҳли луғатнинг дастлабки жилдларини тайёрлашда академик тилшунос олимларимиз – Азим Ҳожиев, Тўра Мирзаев, Ернест Бегматовлар бевосита иштирок этишган, – дейди мазкур луғатнинг масъул муҳаррирларидан бири филология фанлари доктори, профессор Дурдона Худойберганова. – Устозларимиз бошлаган эзгу анъанани давом эттириб, профессор Низомиддин Маҳмудов раҳбарлигидаги институтимизнинг тилшунос олимлар гуруҳи – филология фанлари доктори Ёрқин Одилов, филология фанлари номзодлари Абдуваҳоб Мадвалиев, Феруза Мусаевалар билан биргаликда астойдил иш олиб бордик. Мазкур луғат билан танишган ҳар бир киши янги Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотларни, рўй бераётган улкан ўзгаришларни яққол тасаввур қилиши мумкин. Жараёнда ҳайвонот ва наботот олами билан боғлиқ кўплаб халқона сўзлар луғатимизга киритилмаганлигига гувоҳ бўлдик. Яна бир ҳақиқат аён бўлдики, ўзбек адабий тили билан шеваларимиз ўртасида яхши муносабат ўрнатилган, жуда кўплаб ёзувчиларимиз ўзлари яшаб ижод этган ҳудудлардаги шеваларни адабий тилга олиб кирган экан. Масалан, Ўзбекистон халқ ёзувчилари Саид Аҳмад ва Ўткир Ҳошимовлар асарларидан Тошкент шевасига хос бўлган сўзларни, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев роман ва ҳикояларидан Сурхондарё воҳасига тегишли сўзларни, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон ижодидаги кўҳна ва тарихий сўзларни ҳамда Фарғона водийсига хос бўлган шеваларни топиб луғатга киритдик.

    Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, яқин йиллар ичида Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Ўзбек халқ сўзлари”, “Ўзбек тилининг катта имло луғати”, “Ўзбек тили фразеологик луғати”, “Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати”, “Ўзбек тилининг ўқув имло луғати”, “Ахборот технологиялари атамаларининг изоҳли луғати”, “Ўзбек халқ паремаларининг синонимик изоҳли луғати”, “Нонвойчилик термаларининг изоҳли луғати” китоблари ҳам тайёрланиб, чоп этилди.

    Она тилимиз ривожи бобида янги босиқич сифатида баҳоланаётган мазкур нашр тақдимоти таниқли олимлар, ёзувчи ва шоирларнинг катта байрамига айланиб кетди. Чиндан ҳам бу “академик нашр” вақтлар ўтиб айни давримиздан, миллатимиз маънавияти ва руҳиятидан, камолотидан дарак бергувчи, келажакка мерос “олтин хазина” – ноёб манба бўлиб хизмат қилса, ажаб эмас...

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates