Оналарнинг тилида, дилида Ватан!

    Инсоннинг яшаб турган манзили, табиати, қариндош-уруғлари, яқин биродарлари, унда қарор топган урф-одатлар, қадриятлар ҳамма-ҳаммаси – Ватан.

    Уни мисоли тоғ деб фараз қилсак, тоғнинг яқинида туриб, улуғворлигини ҳис эта олмаганимиз каби бағрида эканимизда ҳам ҳар доим қадрини англаб етавермаймиз. Тоғнинг бор бўй-басти, ҳайбати узоқдан яққол кўринганидек, Ватан ҳисси ҳам инсонга йироқда бўлганида сезилади. Шунинг учун ҳам турли сабаблар билан ўзга юртларда яшаётган, умри мусофирликда ўтаётган ватандошлар юрт тупроғини қўмсайди. Юртга қайтишни орзу қилиб, соғиниб яшайди.

    Энг баланд иморатлар ҳам пойдевордан бошланади. Ватанпарварлик туйғуси-чи? Ҳар бир бола тарбия асосини, энг аввало, оилада олади. Ўғил-қизларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда таълим тизими оиладан кейинги ўринда туради. Боиси, болалар кўпинча она билан яқин мулоқотда бўлади. Бирламчи ҳаётий кўникмаларни, Ватанга садоқат, ота-она ва атрофдагиларга меҳр-муҳаббат каби юксак ахлоқий ва маънавий фазилатлар она берган тарбиядан бошланади.

    Улар зиммасига фарзандларини соғлом тарбиялаш билан бирга, дилбандларига маърифат эшигини очишдек, жамиятга руҳан тетик, ватанпарвар фарзандларни тарбиялаб беришдек машаққатли вазифа ҳам юкланган. Уйда, оилада, фарзандлар тарбиясида ватанпарварлик қадриятлари, ўзликни ардоқлаш, Ватанга меҳр-муҳаббат туйғулари айнан она меҳри, она тили орқали сингдирилади.

    Аслида, ватанпарварлик, эл-юртга фидойилик, бир қарашда, оддий нарсадек туюлади. Лекин у ҳаёт талаби бўлган ана шундай долзарб ишлардан бошланади. Зеро, меҳрибон онаси, оиласи, фарзандлари бахтли бўлишини истаган ҳар қандай инсон бу йўлда ўзини, бутун борлиғини бахшида этишга тайёр туради.

    Ватанпарварлик инсоннинг ўз оиласига, авлод-аждодларининг ор-номусига чуқур эҳтироми, виждонига, бурчига ва сўзига содиқлигидир. Инсон болалик чоғидан халқига, унинг анъаналарига, тили ва маданиятига муҳаббат ва ҳурмат руҳида тарбия топмас экан, унда ватанпарварлик ҳисси бўлмайди.

    Ёшларни ватанпарварлик ва садоқат руҳида тарбиялашда, уларнинг қалби ва онгига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини чуқур сингдиришда юртимиз мустақиллиги йўлида фидокорона курашган миллий қаҳрамонларимизни мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин. Халқимизнинг Тўмарис, Широқ, Спитамен, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик сингари мард ва жасур фарзандлари ёш авлод учун ибрат тимсолидир. Уларнинг ўчмас жасорати тарих зарварақларига мангу битилган. Бу буюкларимиз билан фахрланиши, уларга муносиб бўлиши учун уларнинг босиб ўтган шонли йўлини болаларимизга ҳикоя қилиб ёки манбалардан ўқиб беришимиз лозим.

    Оилада она зукко, билимдон, юксак маънавиятли бўлса, ватанпарвар, ақлли, гўзал хулқли фарзандларни вояга етказади. Соҳибқирон Амир Темур ўз тузукларида “Келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини, етти пуштини суриштирдим, соғлиғи, жисмоний камолотини аниқладим, барча қусурлардан холи бўлсагина келин туширдим”, деб бежиз ёзмаган.

    Фикр-мазмуни теран, бошқача айтганда, сўз хазинасининг дуру жавоҳирларини ўзида мужассам этган шундай халқ мақолларимиз борки, уларда ватанпарварлик туйғуси ўз аксини топган, Ватанга муҳаббат, чексиз меҳр ва садоқат улуғланади. Деярли ҳамма биладиган “Булбул чаманни севар, одам ватанни” мақолида Ватан тушунчасининг аҳамияти нечоғлиқ муҳим экани қайд этилади. Булбул чаманда қандай яйраса, инсон ҳам ўз ватанида шундай эркин яшайди. Булбул боғу чаманларни севгани каби инсон ҳам, у қандай бўлишидан қатъи назар, ўз она юртини севиши, унга содиқ бўлиши даркорлиги уқтирилиб, она юртининг бегона юртлардан ҳар томонлама афзал экани баён этилган.

    “Она юртинг омон бўлса, ранги рўйинг сомон бўлмас” мақоли ҳар бир шахснинг туғилган жойида фаровон яшаши учун маълум бир маънода ундан ватанга бўлган бурч ҳам талаб этилишини англатади. Яъни фақат ҳарбийлар эмас, ҳар бир инсон ўз юртининг тинч бўлишига ҳисса қўшиб, унинг вайрон бўлишига йўл қўймаслик, душманларга оёқости қилдирмаслик лозимлиги уқтирилади.

    Мақолнинг бошқа варианти “Юрт қўри — элинг ўсар, қўримасанг — уйинг тўзар” кўринишида келади. Бундан кўринадики, юртдошларимиз ким бўлишидан қатъи назар, ўзининг камолоти учун ўз шахсий манфаатларини халқ манфаатлари билан уйғунлаштириб яшаши керак. Мана шундай ўзбек халқ мақоллари битилган китобларни харид қилиб, болажонларга тавсия қилсак, нур устига нур бўлади.

    Миллатимиз оналари — момоларимиз Бухорий, Форобий, Хоразмий, Баҳовуддин Нақшбанд, Ибн Сино, Беруний, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби дунёни лол қолдирган кўплаб аждодларимизнинг бешигини тебратган, илмни мукаммал эгаллаган доно инсонлар қилиб вояга етказган. Биз, оналар ҳам уларнинг муносиб издошлари бўлайлик. Келажакда юртимиз довруғини дунёга таратадиган фарзандларни тарбиялаб, вояга етказайлик.

    Жамиятимизда ватанпарвар ва фидойи инсонлар қанчалик кўп бўлса, янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсадимизга эришиш йўлида барча иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда шунча кўп туб ўзгаришлар рўй беради. Инчунин, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳеч қачон ўз долзарблигини, аҳамиятини йўқотмайдиган масаладир.

    Зуҳра МИРГАЗИЕВА,

    Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари,

    Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates