Ҳаракатнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:
– жамиятда янги маънавий макон яратиш, эзгу ғоялар, миллий қадриятлар, урф-одатлар, муқаддас анъаналарни сингдиришга қаратилган тизимли тарғибот- ташвиқот ишларини олиб бориш;
– маҳаллаларда оилаларни мустаҳкамлаш, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти, ибратли ота-она бўлишнинг аҳамияти, маърифатли жамиятни қуришда маърифатли оналарнинг ролини кенг тарғиб қилиш;
– аёллар, айниқса, ёш қизларда оилага ва Ватанга садоқат, фидойилик, ташаббускорлик туйғуларини сингдириш, “одобли қиз” ва “маърифатли она” қиёфасини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
– фарзанд, айниқса, қизлар тарбияси, оила, оналар маънавиятини юксалтириш, оилаларда китобхонлик, мутолаа маданиятини тарғиб этиш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни шакллантириш, оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
– ёшлар ўртасида оилавий-хуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларга нисбатан ҳурмат руҳида бўлиш масалаларини ҳамда “Оила - муқаддас” тушунчасини кенг тарғиб қилиш;
– хотин-қизларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, уларга қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқчил тилда тушинтириш.
Ҳаракат, қоида тариқасида, Қўмитада - 50 нафар, тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармаларида - 35-40 нафардан, туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларида - 30 нафардан фаол ва ташаббускор аёллардан иборат таркибда шакллантирилади.
Бунда туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари томонидан ҳар бир маҳаллада 15 нафар фаол ва ташаббускор аёллардан иборат Ҳаракатнинг бошланғич гуруҳлари ташкил этилади;
Қўмита раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармалари, туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари тегишлича Қўмита, Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар)ларда “Оқила аёллар” ҳаракати фаолиятини самарали ташкил этишга шахсан масъул ҳисобланади;
Ҳаракат ва унинг бошланғич гуруҳлари таркибига киритилган фаол ва ташаббускор аёллар Ҳаракат томонидан “Маърифат” тарғиботчилар жамияти билан ҳамкорликда маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, фарзанд тарбияси, оила ва хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш йўналишида амалга оширган ишларининг натижадорлигига кўра жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан рағбатлантириб борилади.
Бунда фаол ва ташаббускор аёллар фаолияти натижалари бўйича тегишлича Қўмита раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармалари, туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари тавсиясига асосан давлат мукофотлари, “Мўътабар аёл”, “Маҳалла ифтихори”, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони ва бошқа эсдалик, кўкрак нишонлари, идоравий мукофотларга тавсия этилиши, шу жумладан, санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар берилиши мумкин.
Ҳаракат таркибига киритилган фаол ва ташаббускор аёллар ичидан очиқ овоз бериш йўли билан Ҳаракат (бошланғич гуруҳ) етакчиси сайланади.