Ушбу янги тиббиёт муассасасида бир вақтнинг ўзида Оқолтин, Мирзаобод, Сардоба яшовчи 70 нафар туғруқ ёшидаги аёлларга перинатал, неонатал ва педиатрик хизмат кўрсатиш шароитлари мавжуд.
Замонавий тиббиёт масканининг барпо этилиши энда чекка ҳудудда ҳам оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш баробарида ҳомиладор аёлларга ёрдам кўрсатиш, чақалоқларни перинатал скрининг кўригидан ўтказиш, ва энг муҳими туғма нуқсонларни барвақт аниқлаш ва ногиронликнинг олдини олиш имконини беради.
Марказ очилмасдан олдин ёш ота-оналар ушбу хизматлар учун вилоятнинг марказига 35-40, ҳатто 50 километр йўл босиб боришига тўғри келган бўлса, энди, ушбу марказ ишга тушганлиги сабабли, бундай оворагарчиликларга ўрин қолмайди.
Туғруқ комплексини реконструкция қилиш учун 760 миллион сўм маблағ сарфланиб, ушбу юмушни вилоятдаги “Универсал тезкор сервис” масъулияти чекланган жамият қурувчилари амалга оширди. Шунингдек, янги тиббиёт муассасаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 547 миллион сўмлик, юқори технологик имкониятга эга бўлган “My Lab” русумли кўп функцияли УТТ аппарати, болалар ва катталар учун сунъий нафас бериш аппарати, кардиомонитор, фото лампа, Сепап ва шунга ўхшаш аппаратлар, тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.
Янги марказ имкониятлари эса ниҳоятда кенг бўлиб, болалар реанимация бўлими, интенсив терапия бўлимлар фаолияти йўлга қўйилгани муддатидан олдин туғилган ва саломатлигида муаммоси бор чақалоқларга тиббий хизмат кўрсатиш имконини беради.
— Туманимизда ташкил этилган туманлараро перинатал маркази Сардоба, Оқолтин, қолаверса Мирзаобод туманининг олис ва чекка ҳудудларида, шунингдек Жиззах вилоятининг Гагарин туманида яшовчи туғруқ ёшидаги аёлларга ҳам перинатал, неонатал ва педиатрик хизмат кўрсатади, —деди Сирдарё вилоят перинатал марказ директори, акушер-гинеколог Ханифа Содиқова.
Ғулом Примов,
Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот ходими.