«Келажакда гуманитар соҳани эгаллайдиган ўқувчиларга физика ёки кимё фанларини ўқитиш керак эмас, дейиш мумкин эмас. Сабаби ҳар бир инсон қайси касбни танламасин, мавжуд илмий парадигма асосида дунё қандай тузилганини билиши шарт.
Физика ва кимё каби фундаментал фанларни ўқитиш асносида инсоннинг фикрлаш қобилияти ривожланади. Бундай салоҳиятга эга бўлган шахс эса ҳодисаларни таҳлил қилиш, тушуниш ва тушунтиришга қодир бўлади.
Таълим соҳасига масъул раҳбар сифатида ушбу фундаментал фанларни мактаб ўқувчиларига ўқитилишини бекор қилиниши ҳақидаги фикрлар ҳеч бир асосга эга эмаслигини ва бундай хавотирга ўрин йўқлигини маълум қиламан. Аксинча, эндиликда биз мактабларда ушбу фанларни ўқитишни амалиёт билан боғлаш устида бош қотиришимиз ва бунинг учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга бор эътиборимизни қаратишимиз зарур», — дейилади муносабатда.