баннер
13 апр 2025
13:31

    Ўриклисой эртаги Зомин миллий табиат боғи дарвозасидан кейинги саргузаштлар

    Одатда табиат ва тоғлар ҳақида гап кетганда, баҳор ва ёз ойларида яшнаб турган ям-яшил арчалар, турли тоғ гиёҳлари, ариқларда шарқираб оқаётган зилол сувлар кўз олдимизга келади.

    Ҳақиқатан, бу фаслларда табиатнинг кўрки ва манзараси ўзгача бўлади. Лекин куз-қиш мавсумида ҳам тоғлар жозибасига маҳлиё бўлишнинг гашти ўзгача. Шу боис, Зомин миллий табиат боғининг қиш фаслидаги манзарасини кузатиш ниятида сафарга чиқдик.

    Зомин марказидан юқорига ўрлаган йўлда, сув омборидан ўтгач, қирлар бағридаги оппоқ қор қалинлаша бошлади. Дуоба, Тоғтерак қишлоқларини ортда қолдириб, Ўрик­лисойга етиб келдик. Зомин миллий табиат боғининг чегараси шу ердан бошланади. Миллий боғнинг рамзий дарвозаси ҳам ­Ўриклисойда.

    — Боғ туман марказидан 30 километр, ­аэропортдан 40 километр, Даштобод шаҳридан 55 километр узоқликда жойлашган, — дей­ди Зомин миллий табиат боғи илмий котиби Саидрасул Баракаев. — Қишнинг қировли кунлари қор қалин ёққанда турли жониворлар озуқа ахтариб қолади. Шу боис, ҳудудимизда биотехник тадбирлар ўтказиб турамиз. Яқинда Ўриклисой айланмаси атрофида мана шундай тадбир уюштирдик. Ёввойи ҳайвонлар ва қушлар учун дағал хашак, дон, туз ташлаб чиқдик. Бу тадбир, асосан, ҳайвонот оламини қўриқлаш, уларни қиш мавсумидан беталафот олиб чиқишга қаратилган.

    Биласиз, қорли кунларда турли ҳайвонлар ташқарига чиқади. Ҳозир уйқуда ётган айиқ­лардан бошқа барча йиртқичлар ҳаракатда. Бу атрофда кўп учрайдиган ёввойи чўчқа, тоғ эчкиси, ёввойи қуён, бўри, силовсин, кабутар, каклик каби ҳайвон ва қушлар ана шулардан озиқланади.

    Йўлда давом этдик. Текис йўл четида суҳбатлашиб турган махсус хизмат кийимидаги одамларга кўзимиз тушди.

    — Жамоамизда 71 ходим ишлайди, 34 нафари назоратчи, — суҳбатимизни давом эттирди ҳамроҳимиз. — Уларнинг ҳар бирига алоҳида ҳудудлар бириктирилган, шу жойларни назорат қилади. Барча фаслларда дарахт шохини синдирмаслик, турли ўт ва гиёҳларни узмаслик дам олувчиларга тушунтирилади. Шунингдек, фақат рухсат этилган ва белгиланган жойларда дам олиш ва сайр этиш борасида сайёҳларга йўл-йўриқ кўрсатамиз. Миллий табиат боғимизнинг ички тартиб интизом ва қоидаларига амал қилишни эслатамиз. Тоғларимизда меҳмонлар ва сайёҳлар эътиборини тортадиган масканларимиз кўп. Шуни ҳисобга олиб, экотуризм хизматини йўлга қўйганмиз. 20 дан ортиқ сайёҳлик йўналиши мавжуд. Сайёҳлар дам олиши учун алоҳида жойлар тайёрланган. Турли маиший чиқиндилар учун махсус қутилар ўрнатилган.

    Айлана йўллардан Зомин санаторийси атрофига етиб келдик. Ёзда одамлар гавжумлигидан оёқ босишга жой топилмайдиган шаршара атрофи сийрак. Белигача қорга кўмилган арчалар гўё қишнинг қаҳратон аёзига ҳам бардош беришга қодирлигини кўз-кўз қилгандек кўкка мағрур бўй чўзиб турибди. Ён-атрофда ўзгача бир жимжитлик ва сокинлик ҳукмрон.

    Ёзда одамларга завқ-шавқ улашиб, тошдан тошга урилиб, шовқин соладиган сув ҳам ҳозир гўё атрофдаги сокинликка ҳам­оҳангдек оҳиста оқмоқда. Баландда зангори осмон бағрида бургут қанотини кенг ёзганча учиб юрибди. Тепаликда осма дор йўли тўхтовсиз ишлаяпти. 36 та мўъжаз кабинадан Зомин тоғларининг қишки манзарасини кузатиш завқига нима етсин.

    Суфа — Зомин миллий табиат боғининг фахри. Бу ерда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 6 апрелдаги «Зомин» туристик-­рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан, кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Келажакда Суфада сайёҳлик шаҳарчаси барпо ­этилиши ­режалаштирилган. Ҳозир сайёҳларга дам олиш ва табиат манзарасини кузатиш имконияти яратилган. Осма дор кўприк, минг ўринли амфитеатр, замонавий меҳмонхоналар, соғломлаштириш ва кўнгилочар масканлар сайёҳлар хизматида. Бу ерда қиш узоқ давом этади, апрель ойида ҳам қор ёғиши мумкин. Шуларни ҳисобга олиб, қиш мавсумида тоғ-чанғи спортини ташкил этиш режалаштирилган.

    Сафардан қайтар эканмиз, машина гўё жилови бўшатилган отдек пастга шитоб билан шўнғийди. Қорлари эрий бошлаган йўлда ҳайдовчи тез-тез машина «жилови»ни босади. Ҳайдовчи Сардор Эгамназаров Тошкент кимё технологиялари институти туризм факультети 4-босқич талабаси, айни кунда миллий боғда амалиёт ўтамоқда.

    — Боғимиз 1976 йилда ташкил этилган, майдони 23429,2 гектар, — дейди Зомин миллий табиат боғи директори ўринбосари Ҳусниддин Ҳазратқулов. — Миллий боғда алоҳида экологик, маданий ва эстетик қийматга эга табиий арчазор ва мажмуаларни муҳофаза қилиш, табиатини асраш, бундай гўзал манзараларга эга жойларда туризмни ривожлантириш асосий мақсадлардан бири. Бу ерда, асосан, арчанинг қора ва савр турлари учрайди. 105 оила, 531 туркумга мансуб 1216 тур ўсимлик ўсади, уларнинг 21 тури халқаро ва Ўзбекистон «Қизил китоб»ига киритилган. 282 турдан ортиқ умуртқасиз ҳайвонлар, 102 турдан ортиқ қушлар, сувда ва қуруқликда яшовчи ҳайвонлар учрайди. Бу ерда халқ табобати учун зарур юздан ортиқ турдаги шифобахш ва доривор ўсимликлар ўсади.

    Миллий табиат боғида кенг кўламли тадқиқот ишлари олиб бориляпти. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси таркибининг тўлиқ кадастр китобини ишлаб чиқиш, арча ва бошқа ўсимликлар асосий зараркунандалари ҳамда касаллик тарқатувчиларга қарши курашда биологик чора-тадбирларни кучайтириш, биолаборатория очиш шулар жумласидан. Бу борада Ўзбекистон Фанлар академияси ва етакчи илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда ишланяпти. Яқин келажакда ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси таркибини тарғиб қилувчи электрон музей фаолияти йўлга қўйилади.

    Суҳбатлашиб турсак, йўл четида арчалар оралаб чопаётган жониворга кўзимиз тушди. Олмахон экан. Табиат гўзаллигига яна бир нигоҳ ташладик. Дарахт шохидаги муз парчалари ипга тизилган марварид доналаридек ялтираб турибди. Арчалар орасида каклик сайрайди. Унинг акс садоси табиат тўрт фаслда ҳам ўз жозибасини йўқотмаслиги, ҳаёт бир зум ҳам тўхтамаслигини ёдга солаётгандек гўё. Кўнглимизда қиш ҳавосидек беғубор туйғулар жўш уриб, ҳаяжон ва завқдан ўзимизни қушдек енгил ҳис этдик. Эрталабдан қуёш юзини тўсиб турган булутлар ҳам тарқалди. Офтобнинг заррин нурларида тоғларда ястаниб ётган оппоқ қор кўзни қамаштиради. Ана шундай тиниқ хаёллар ва таассуротлар билан сафарни якунладик.

    Абдусаттор СОДИҚОВ,

    журналист

    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech