Германия «ALBA KULTUR» компанияси билан ҳамкорликда ўтказилаётган мазкур маданий лойиҳада Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти талабаси Азада Қарлибаева ва Қарақалпоғистон мусиқа мактаби ўқитувчиси Гумисай Бердиханова ўз дастурларини тақдим этаяпти.
Гастрол давомида қорақалпоқ миллий мусиқа ва ашуласи ҳамда достончилик санъатини Германиянинг Дюссельдорф, Падерборн, Зиген, Хамм, Вупперталь, Гютерсло, Кемпен, Ремшайд шаҳарларида, Бельгиянинг Брюссель шаҳридаги Мольер театрида ҳамда Нидерландиянинг Лейден шаҳрида намойиш этиш режалаштирилди.
Концерт дастурларидан ташқари лойиҳа иштирокчилари «Musikerinnen der Welt im JeKits Klassenzimmer» мусиқа таълими дастури бўйича Германиядаги мусиқа мактабларида Марказий Осиё бахшичилик санъати бўйича маъруза ва маҳорат дарслари ўташади.
«Орол денгизи шамоллари» лойиҳаси доирасида тақдим этилаётган концерт дастури репертуаридан миллий ва замонавий оҳангларни мужассамлаштирган ижролар ўрин олган.
Азада Қарлибаева ва Гумисай Бердиханова кўплаб мусиқий танловларда қатнашган ва бир нечта мукофотларга сазовор бўлган. Юртимизда ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивалларида ҳам иштирок этган.