Оролбўйи ҳудудидаги ерларда “Яйловлар харитаси” тузилади

    Яшил сайёра 24 май 2020 1704

    Яйлов чорвачилиги жаҳоннинг кўпчилик мамлакатларида қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи ҳисобланиб, яйловларнинг катта қисми табиий ем-хашак ресурси сифатида фойдаланилади ва бу ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига сезиларли даражада таъсир кўрсатади.

    Ўзбекистонда чорвачилик қишлоқ хўжалигининг етакчи соҳаларидан бири бўлиб, аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда алоҳида ўринга эга. Ушбу тармоқнинг қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши 46,3% ни ташкил этади. 1991 йилдан буён мамлакатимизда қорамоллар сони қарийб 1,5 баравар кўпайган бўлиб, бу Ўзбекистонда гўшт ва сут ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотида чорва маҳсулотлари улушининг ўсишида муҳим омил бўлди.

    Бироқ, Ўзбекистоннинг яйлов ерларидан фойдаланишда чорвачилик иқтисодиёти ривожланишига сезиларли даражада таъсир қилувчи омиллар ва бошқа қатор сабаблар туфайли пайдо бўлган ерлар деградацияси оқибатида кескин экологик вазиятлар ҳам вужудга келди. Бу яйловлардан фойдаланишнинг барқарор моделига ўтишни, яъни иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш негизида яйлов ресурсларини инвестицияга йўналтирилган ҳолда уларнинг ўтган ва келажакдаги имкониятларини мустаҳкамлашни талаб этмоқда.

    Тан олиш керакки, замонавий яйлов чорвачилигида яйлов хусусиятлари тўғрисида ахборотнинг етишмаслиги хўжалик чорвачилигини бошқаришда бир қатор камчиликларни келтириб чиқармоқда. Бу ўринда, чорва молларини керакли мавсумда зарурий озиқага эга бой яйлов зоналарида боқиш, паст рентабелли, заҳарли ем-хашак ўтлари кўп бўлган ҳамда инқирозга мойил ва турғун шаклланмаган яйловлардан чекланиш ҳақида гап кетмоқда.

    Президентимизнинг жорий йилнинг 31 январь куни республикамизнинг кўзга кўринган илм-фан номоёндалари ва ёш олимлари билан математика, кимё, биология ва геология илм-фанини ривожлантириш бўйича олиб борган учрашуви натижасида ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг қўллаб-қувватлаши асосида Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника институти олимлари республикамиз ўрмон фонди ерларидаги табиий яйлов ресурсларининг электрон-рақамли ва геоахборот тизимларига асосланган маълумотлар базасини яратишни бошлаб юборди. Бунинг учун Мўйноқ давлат ўрмон хўжалиги ерлари танлаб олинди.

    Табиий савол туғилади: нима учун айнан Муйноқ давлат ўрмон хўжалиги яйловзорларини инвентаризациялаш мақсад қилиб олинди? Албатта, бунга биринчи навбатда олимлик қизиқишимиз туртки бўлди. Қолаверса, Қорақалпоғистон Республикасида ҳудуди бўйича Мўйноқ тумани Қўнғирот туманидан кейинги иккинчи ўринда туради. Майдони қарийб 4 миллион гектарни ташкил этиб, туманнинг асосий қисмини ўрмон хўжалиги тасарруфидаги ерлар ташкил этади.

    Оролни ўз ҳолига ташлаб қўя олмаймиз!

    Геоботаник олимларни энг кўп қизиқтирадиган жараён ўсимлик қоплами кечадиган ўз-ўзини тиклаш жараёнларини татқиқ этиш ва унинг сирларини ўрганишдир. Орол денгизининг қуриган тубини – табиатда ўз-ўзини тиклаш жараёнлари содир бўлаётган йирик арена, деб айтиш мумкин. Экотизимларнинг шаклланиш жараёнлари ва унинг динамик тенденцияларини ўрганган ҳолда табиатдаги муҳим фундаментал қонуниятларни кашф қилиш мумкин.

    Табиат шундай энтропия асосида харакат қиладики, агар инсон табиатни “тинч” қўйса, антропоген таъсир натижасида экотизимда содир бўлган бирор-бир салбий ўзгаришлар ўз-ўзидан табиий жараёнлар асосида тиклаб борилади. Агарда, Орол денгизининг суви кетган дастлабки ҳудудларига – Мўйноқ туманининг жанубий ва жануби-ғарбий қисмларига разм солсак, у жойларда маълум қонуниятлар асосида шаклланган турғун табиий ўсимлик жамоаларини кўриш мумкин ва бу жараёнлар ўта секинлик билан 30-40 йилда содир бўлади. Бироқ, денгизнинг қуриган тубидан кўтарилаётган тузларнинг инсон саломатлиги ва қишлоқ хўжалиги экинларига кўрсатаётган доимий зарарли таъсирлари табиий тикланиш жараёнларини тезлаштириш учун инсон аралашуви зарурлигини белгилаб берди ва шу аснода денгизнинг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш ишлари жадал ташкил қилинмоқда.

    “Яйлов харитаси” бизга нима беради?

    Олиб бораётган тадқиқотларимизда Орол денгизининг қуриган сатҳида турғун шаклланган ва шаклланишда давом этаётган яйлов хиллари устида узоқ муддатли мониторинг юритишнинг илмий асосларини яратиш ва Мўйноқ туманини яқин келажакда чорва маҳсулотлари ҳисобига ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқишда фойдаланиладиган электрон-рақамли геоахборот маълумотлар базасини шакллантириш асосий мақсад қилиб олинган.

    Тадқиқотларимиз якунида Мўйноқ давлат ўрмон хўжалигининг электрон-рақамли “Яйловлар харитаси”, “Яйловлар сиғими харитаси” ва “Яйловлардан мавсумий фойдаланиш” хариталарини яратиш ҳамда яйловларнинг кадастрини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

    Тўғри тузилган ва кўп ахборотлар сақловчи яйловлар харитасини инсоннинг йирик чорвачилик ишлаб чиқариш билан боғлиқ фаолиятини бошқариш ёки яйлов чорвачилигини шакллантиришни қулайлаштириш имкониятига эга “ёрдамчи” деб аташ мумкин. Унда, туман ўсимликлар қоплами ва яйловларининг замонавий ҳолати тўғрисида барча зарурий ахборотлар яққол кўриниб туради. Мўйноқ тумани яйловларининг 3 турдаги яйлов хариталари ахборотлашишига кўра, комплекс-рақамланган ҳарактерга эга бўлиб, хариталар бир пайтнинг ўзида фарқланади, аммо бир-бирини ўзаро тўлдиради.

    Ушбу ҳариталар яйлов хилларида боқиладиган чорва молларининг бош сонини аниқлаш, озиқавийлик қиймати юқори бўлган яйлов контурларини белгилаш ва бундай ҳудудларда чорва молларини боқишни ташкил этиш, мавсумий боқиладиган ҳудудларни аниқлаш ва самарадор локализациясини таъминлаш учун қулайликлар яратади. Бу эса, келажакда, йирик чорва комплекслари ташкил этиладиган Мўйноқ туманида чорвачилик базасини кенгайтириш имкониятларини баҳолаш ва замонавий чорвачилик менежментини ташкиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

    Мўйноқ таянч ҳудудга айланади

    Мўйноқ давлат ўрмон хўжалиги ҳудуди ниҳоятда катта бўлиб, уни белгиланган муддатда анъанавий тадқиқот усуллари билан ўрганишнинг иложи йўқ. Шунинг учун, биз тадқиқотларга Ерни масофадан зондлашнинг замонавий усуллари ва инновацион методларини қўллаган ҳолда ўрганишни лозим топдик. Бу усуллар мажмуаси бугунги кунда табиатда кечаётган ҳар қандай динамик жараёнларни ўрганишда қўл келмоқда.

    Бу ўринда, сунъий йўлдош маълумотлари алоҳида аҳамиятга эга. Улар ўзида ўсимлик қопламининг ҳолати тўғрисида кўпгина фойдали ахборотларни сақлайди. Сунъий йўлдош маълумотлари билан тарихий даврларга ҳам “назар” солиш имконияти мавжуд. Ушбу ахборотларни тегишли дастурлар ва ўсимлик қоплами индекслари орқали қайта ишлаш асносида фойдаланувчи ўзига керакли бўлган натижаларни осон қўлга киритиши мумкин. Бу тезкор усулларни қўллаш яйловшунос олимларга вақт ва маблағни тежаш ҳамда дала экспедицияларидан олдин ишончли маълумотларга эга бўлишда муҳим аҳамиятга эга.

    Сунъий йўлдош архив маълумотларининг дастлабки таҳлили натижаларидан шу нарса аниқ бўлдики, Мўйноқ тумани яқин келажакда мамлакатимиз яйлов чорвачилигининг таянч ҳудудларидан бирига айланади. Жумладан, 1990-2019 йиллар оралиғида Оролнинг қуриган тубида ўсимлик қопламининг пайдо бўлиш динамикасида ўсимлик қоплами шаклланишига мойил зоналарнинг пайдо бўлиши юқори-ижобий тенденцияга эга эканлигини кўрсатди. Энг қизиқарли тарафи, Вожрождения ороли ва унга туташ ҳудудларда тарихий Ўрта Осиё қумли чўллари флорасини ўзида акс эттирган жузғунзор ва черкеззорларнинг, гипли чўлларини ўзида ифода этган шувоқзорларнинг пайдо бўлганлигидир. Оролнинг қуриган тубида бундай ўсимлик жамоаларининг пайдо бўлиши ҳудудда турғун ўсимлик қопламини шаклланишини жадал кетаётганлигини ва бунда туз бўронларини сақлашда муҳим аҳамиятга эга бутазор ва дарахтзорларнинг устунлик қилишини англатади.

    Барчага сир эмаски, сув ресурсларини келажакдаги ҳолатини уйламай амалга оширилган қишлоқ ҳўжалигидаги “хўжасизларча” иқтисодий ислоҳотлар натижаси ўлароқ “Оролқум” саҳроси пайдо бўлди. “Орол денгизини қайта тиклашнинг иложи йўқ. Шунга кўра, бизнинг вазифамиз Орол талофатининг салбий оқибатларини атроф-муҳит ва инсонларнинг турмуш шароитига таъсирини камайтиришдан иборатдир”. Президентимизнинг айтган ушбу гаплар ҳамда Оролбўйи ҳудудини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб, эълон қилиниши нафақат мамлакатимизда қўп йиллик тажрибалар асносида шаклланган мустаҳкам иқтисодий ислоҳотларни, балки жаҳонда қўлга киритилган илмий ишланмаларни ҳам Орол денгизининг қуриши натижасида кўпроқ зарар кўрган Мўйноқ туманини иқтисодий-ижтимоий инфраструктурасини яҳшилаш ҳамда табиий экотизимларини қайта тиклаш жараёнларига сафарбар қилинишига туртки бўлди. Сўнгги йилларда Орол денгизининг қуриган тубида шўрга ва иссиққа чидамли ўсимлик турларидан иборат ўрмонзорларни барпо этиш кўламининг оширилиши эса диқққатга сазовордир. Ушбу тадбирлар натижасининг энг эътиборли томони шундан иборатки, яқин йиллар ичида жаҳон ҳариталарда шўрҳоклик ва ботқоқлик деб қайд этилган унумсиз қуриган денгиз тубида янги мослашувчан экотизмнинг барпо бўлишидир ва, ишонамизки, бу оламшумул тадбирлар самараси инсониятни табиат олдидаги “инсонпарварлик қарздорлигининг” энг олий кўриниши сифатида эътироф этилади.

    Беҳзод АДИЛОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника

    институти Геоботаника ва ўсимликлар экологияси

    лабораторияси катта илмий ходими, биология фанлари номзоди

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates