Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон–2030 стратегиясини Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Фармон лойиҳасида иқтисодиётни декарбонизация қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашишга қаратилган лойиҳаларни барқарор молиялаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилади:
Жумладан, 2025 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикасида “яшил молиялаштириш” тизимини шакллантириш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилади ҳамда “яшил иқтисодиёт” фондини ташкил этиш чоралари кўрилади.
2025 йилдан бошлаб:
- Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан – босқичма-босқич 200 миллион евро;
- Жаҳон банкидан – энергетика секторида метан эмиссиясини камайтириш учун 10 миллион доллар;
- Глобал яшил ўсиш институти орқали Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги техник кўмаги доирасида – Ўзбекистон-Корея ўртасида яшил ҳамкорликни кучайтириш учун 6,5 миллион доллар;
- Жаҳон банкининг “iCRAFT” лойиҳаси доирасида – 500 минг тонна қисқартирилган иссиқхона газларини сотиш ҳисобига 7,5 миллион доллар;
- Германия халқаро ҳамкорлик жамиятидан – саноатни яшиллаштириш ва азот кислотаси ишлаб чиқарувчи корхоналар атмосферага чиқараётган зарарли газларини қисқартириш учун 20 миллион евро миқдоридаги имтиёзли кредит ва грант маблағларини яшил ва кам углеродли ривожланиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга жалб этиш чоралари кўрилади.
Шунингдек, 2025 йил сентябрга қадар “яшил иқтисодиёт” лойиҳаларини амалга оширишда шаффофликни таъминлашга қаратилган миллий “яшил иқтисодиёт” лойиҳаларини баҳолаш тартиби татбиқ этилади.
2025 йил ноябрга қадар қиймати 10 миллион доллардан юқори бўлган давлат-хусусий шериклик асосида янги лойиҳаларни “Source” халқаро платформаси ва “PIERS” тизими билан интеграция қилиш орқали лойиҳаларнинг “яшил компонент”лари ва барқарор ривожланиш мақсадларига мослигини баҳолаш амалиёти йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.
Лойиҳага кўра, 2025 йил якунига қадар миллий шаффофлик тизими доирасида иссиқхона газларини мустақил текшириш ташкилоти (валидация ва верификация компанияси) ўз фаолиятини бошлаши мумкин.
Европа Иттифоқининг техник кўмагида Бухоро, Наманган, Нукус, Урганч шаҳарлари ва Ғузор туманида кам углеродли ривожланиш бўйича ҳаракатлар режалари ишлаб чиқилиб, 10 та ижтимоий объектнинг энергия самарадорлиги оширишни таъминлаш назарда тутилмоқда.
Мазкур банднинг сўзсиз, сифатли ва ўз вақтида ижросини таъминлашга масъул этиб Бош вазир ўринбосари – Ж.Қўчқоров белгиланмоқда.