Тадбирда Андижон вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги делегацияси, Ўш шаҳар ҳокими Женишбек Токторбаев, Қирғиз Республикаси президентининг Ўш вилоятидаги ваколатли вакили Аманкан Кенжабаев, Қирғиз Республикаси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири ўринбосари Аскарали Мадаминов ҳамда шаҳар аҳолиси иштирок этди.
Маросимда сўз олганлар Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат раҳбарларининг изчил сиёсати натижасида қардош халқлар ўртасидаги дўстлик, қўшничилик ва ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилаётганини алоҳида таъкидладилар.
Алишер Навоий ҳайкали Ўш шаҳридаги Қурманджан Датка ва Навоий кўчалари кесишган ҳудудга ўрнатилди. Айни пайтда мазкур ҳудудда Алишер Навоий номидаги дам олиш ва истироҳат боғи, мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасаси фаолият юритиб келмоқда.
Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири, Ўш шаҳри мери, Андижон вилояти ҳокимлиги вакиллари иштирокида ўзаро манфаатли музокаралар ўтказилди. Унда туризм, маданият, адабиёт ва санъат соҳаларидаги ҳамкорликни 2026 йилда янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ўртасида қатор келишувлар имзоланди.
Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ, Қирғиз Республикасининг Ўш шаҳри мери Женишбек Шермаматович Токторбаев «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.








