Ошқозон ости бези яллиғланишини ўз вақтида даволамаслик "сахар"га сабаб бўлиши мумкин

    Соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслик ва нотўғри овқатланиш туфайли бугун дунё аҳолиси орасида овқат ҳазм қилиш тизими билан боғлиқ хасталиклар кўп учрамоқда.

    Айниқса, улар орасида ошқозон ости безининг ўткир ёки сурункали яллиғланиши, яъни панкреатит етакчи ўринни эгаллайди.

    — Ошқозон ости бези овқат ҳазм қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, ўзидан ичакдаги оқсиллар, ёғлар ва мураккаб углеводларни парчалайдиган 30 дан зиёд турли ферментлар ажратади, — дейди тиббиёт фанлари доктори Феруза Хамрабаева. — Унинг яна бир вазифаси организмдаги глюкозани сақлаш ва уни тартибга солиш учун инсулин гормонини ишлаб чиқаришдан иборат.

    Панкреатик суюқлик ўн икки бармоқли ичакка сўрилиб, тўқималарни зарарланмаслик учун дастлаб фаол бўлмаган шаклда ишлаб чиқарилади. Кейинчалик сафро билан ўзаро алоқага киришиб, фаол бўлмаган тур — меъда ости бези суюқлигига ўтади. Aгар сафро панкреатик оқимга ўтса, бу ошқозон ости безининг шикастланишига, турли хил касалликларнинг ривожланишига олиб келади.

    Панкреатит ошқозон ости безининг яллиғланиши бўлиб, ушбу аъзонинг дисфункцияси туфайли овқат ҳазм қилиш ферментлари муддатидан олдин фаоллашганда ва орган тўқималарига зарар етказганда ривожланади.

    Касалликнинг ўткир шаклида тўқималарнинг «ўзини ўзи ҳазм қилиш» механизми ишга тушади. Сурункали яллиғланиш оқибатида ҳазм қилувчи ферментлар етишмовчилиги юзага келади. Ферментлар ўрнини ошқозон ости бези ҳужайраларининг эгаллаши эса унинг ташқи секретор функциясини бузиш билан бирга, гормонлар ишлаб чиқиш вазифасини ҳам ўзгартириб юборади.

    Хасталикнинг келиб чиқишига кўпинча нотўғри овқатланиш сабаб бўлади. Шунингдек, ўт қопи ва ўт йўллари ҳамда ўн икки бармоқли ичак касалликлари, без йўлларининг тошлар ёки ўсмалар билан беркилиб қолиши, генетик мойиллик, гормонал ўзгаришлар, баъзи дориларни қабул қилиш, спиртли ичимликлар, стресс ва инфекцион касалликларнинг бир қанча турлари ҳам асосий омиллар ҳисобланади.

    40 ёшдан 60 ёшгача бўлган инсонлар хавф гуруҳида бўлишади. Aгар хасталик ёш болада аниқланса, бу туғма нуқсон сифатида таснифланади.

    Панкреатитга чалинган инсонда кўнгил айниши, қайт қилиш, ўнг қовурға ва қориннинг пастки қисмида оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши, диарея ва тери сарғайиши кузатилади. Қорин девори ва кўричак тарафдаги қориннинг ўнг томонида ўткир оғриқ, вазн йўқотиш, елка кураги ёки кўкрак орқасига тарқаладиган оғриқ, қорин дам бўлиши, умумий заифлик, бош айланиши ҳам касаллик белгиларидир.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates