Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети 2022 йилда Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда ОТМлар таъсирини баҳоловчи THE Impact Rankings халқаро рейтингига киритилган эди. Куни кеча 2023 йил учун QS Осиё университетлари рейтингида энг етакчи олий таълим муассасалари мингталигидан жой олди. Бундай юқори кўрсаткич, аввало, мамлакатимизда олий таълим тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган саъй-ҳаракатлар маҳсули. Қолаверса, университет профессор-ўқитувчиларининг кўп йиллик ижодий, илмий ишлари самарасидир.
Мазкур рейтинг натижаларига олий таълим муассасасининг халқаро миқёсдаги нуфузи, профессор-ўқитувчиларнинг жаҳон илмий жамоатчилиги тан олган нашрларда чоп эттирган мақолалари, улардан иқтибос олинганлик даражаси, хорижий илмий ҳамкорлик самарадорлиги каби мезонлар таъсир кўрсатишини эътиборга олсак, университетимиздаги илмий-тадқиқотлар ривожида изчил тараққиёт тенденцияси мавжудлигини алоҳида эътироф этиш мумкин.
Сўнгги бир йилда университет профессорўқитувчиларининг халқаро илмий доиралар эътирофидаги нашрлардаги фаолиятида ўсиш кузатилмоқда. Жумладан, ўтган йили университет ходимлари хорижий ва республика илмий нашрларида 1012 та мақола чоп эттирган бўлса, 2022 йилнинг 9 ойида ушбу кўрсаткич 1187 тани ташкил этди. Юртимизда илмий-тадқиқот ва инновацион ишларнинг амалий самарадорлигини ошириш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш алоҳида стратегик вазифа сифатида белгиланган.
Бу борада Тошкент давлат педагогика университетини ривожлантириш стратегияси ва мақсадли кўрсаткичларининг аниқ белгилангани ҳамда илмий жамоанинг потенциалидан унумли фойдаланиш натижасида охирги бир йилда илмий салоҳият 38 фоиздан 50 фоизга оширилди. Олий таълим муассасасида фан докторлари 62, фан номзодлари эса 386 нафарга етди. Ўтган йили университет илмий тадқиқотчилари 78 та докторлик (PhD/DSc) диссертацияси ёқлаган бўлса, жорий йилнинг тўққиз ойида 89 та докторлик диссертацияси ҳимоя қилинди.
Йил якунига қадар яна 42 нафар илмий изланувчининг докторлик диссертацияси ёқланиши режалаштирилган. Илмий даражали ходимлардан 31 нафари юртимиздаги бошқа турдош олий таълим муассасаларида илмий-педагогик фаолият юритиш учун юборилган. 2021 йилда университетда педагогика ва психология фанлари бўйича илмий даража берувчи илмий кенгашлар фаолият юритган бўлса, бу йилдан тарих фанлари бўйича илмий даража берувчи илмий кенгаш ҳам фаолият юритмоқда. Бу, ўз навбатида, ёш тадқиқотчиларнинг диссертация ҳимояси учун қулай шароит яратишга хизмат қилади.
Энди қисқа муддатда университет илмий салоҳиятини 70 фоизга кўтариш, халқаро илмий ҳамкорлик асосида илмий-инновацион ишларда жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасалари илғор тажрибасини трансформация қилиш, профессор-ўқитувчиларнинг фаоллигини ошириш, илмий-тадқиқот натижаларини таълим жараёнига татбиқ этишни кучайтириш, стратегик аҳамиятга молик мақсадларга эришиш учун ривожлантирувчи дастурлар ишлаб чиқилган ва уни амалга ошириш механизмлари мавжуд.
Мамлакатимизда олий таълимга қамровнинг йилдан-йилга ошаётгани янгидан-янги олий таълим муассасаларини очиш, мавжудларининг ўқув ва бошқа биноларини кенгайтириш ҳамда кўпайтириш заруратини вужудга келтирмоқда. Қолаверса, бугунги кун университет ва институтлар олдига ёшларни меҳнат бозоридаги талабгир йўналиш ва соҳалар бўйича ўқитиб, замонавий кадрлар этиб тайёрлаш талабини қўймоқда. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳам тараққиётнинг мазкур талаб ва андозаларидан мустасно эмас.
Айни пайтда мамлакатимиздаги энг йирик педагогик олий ўқув юртларидан бири экани университетнинг мавқеи, ундаги йўналишлар, талабалар сони ҳақида тасаввур қилиш имконини беради. Президентимизнинг шу йил 11 майдаги “2022–2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида педагог кадрларни тайёрлаш йўналишида Тошкент давлат педагогика университетига бир қатор вазифалар белгилаб берилган.
Талабаларнинг илмий тадқиқотчилик ва касбий кўникмасини ошириш учун дарс жараёнига соҳа мутахассислари ва олимларни жалб этиш, ўқув дастурлари ўзаро яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича асосий ва қўшимча мутахассислик (квалификация) бериш тартибини йўлга қўйиш шулар жумласидан. Бундан ташқари, Президент таълим муассасалари агентлиги билан ҳамкорликда Тошкент давлат педагогика университети талабаларининг танишув ва малакавий амалиётини, умумий ўрта таълим муассасалари билан бирга Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда ҳам ташкил этиш чораларини кўриш вазифаси юкланган.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан халқаро мутахассислар, Президент таълим муассасалари агентлиги, шунингдек, мамлакатимиздаги нуфузли илмий марказларнинг етакчи мутахассислари таълим жараёнига жалб қилинди. Жорий ўқув йилидан ўқув дастурлари ўзаро яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича асосий ва қўшимча мутахассислик бериш учун педагогика йўналишига тарбия фани ўқитувчиси, махсус педагогика (сурдопедагогика) йўналишига сурдотаржимон, кимё йўналишига биология ўқитувчиси квалификациясини бериш тартиби жорий этилди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 21 июндаги “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2023–2024 ўқув йилидан педагогика сиртқи таълим йўналишларига соҳа бўйича камида беш йиллик иш стажига эга бўлган шахслар қабул қилинишини назарда тутган ҳолда очиладиган таълим йўналишлари бўйича ўқув режалар Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети базасида ишлаб чиқилиши белгиланган.
Бошланғич таълим йўналишининг 3 йиллик махсус сиртқи шакли бўйича намуна сифатида ўқув режа ишлаб чиқилди ҳамда келишиш учун Халқ таълими вазирлигига тақдим қилинди. Бу ўқув йилидан бошлаб кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқув ҳамда малакавий педагогик амалиёти “4+2” тартибида умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача таълим муассасаларида, шунингдек, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда ташкил қилинди.
Ушбу тизим талабаларнинг назарий билимни бир вақтнинг ўзида амалиёт билан уйғун ҳолатда эгаллашига хизмат қилади. Педагогика соҳасида илмий ва ижодий салоҳиятни ошириш, интеллектуал, рақобатбардош кадрларни тайёрлаш, иқтидор ва истеъдод соҳибларига танлаган йўналиши бўйича қобилиятини намоён этишига кўмаклашиш ва уларни рағбатлантириш учун “олтин фонд” гуруҳларини шакллантиришнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари яратилди.
2023–2024 ўқув йилидан университетнинг математика ва информатика, амалий психология, бошланғич таълим ҳамда биология йўналишлари бўйича “олтин фонд” гуруҳлари шакллантирила бошлайди. Педагогика йўналиши бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқишда етакчи олий таълим муассасаси сифатида ўқитиш жараёнида ижтимоий шериклик тамойилларини самарали амалга ошириш, ўқув сифатини яхшилаш, педагогик таълим жараёнини такомиллаштириш ва ривожлантириш борасида тажриба алмашиш мақсадида педагог кадрлар тайёрловчи бошқа олий таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Жумладан, шу йилнинг 28 октябрь куни университетда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда унинг ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази билан ҳамкорликда юртимизда педагогика йўналишида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларининг ўқув ишлари бўйича проректорлари, ўқув-услубий бўлим (бошқарма) бошлиқлари ҳамда соҳанинг етакчи мутахассислари иштирокида семинар ўтказилди.
Семинарда халқ таълими соҳаси учун педагог кадрлар тайёрлашдаги ислоҳотлар, ўқитиш сифати ва мазмунини халқаро талаблар даражасида такомиллаштириш, юқори малакали мутахассислар ўқитишдаги муҳим масалалар, бу борада ҳамкорликда қилиниши зарур бўлган ишлар таҳлил қилинди. Шунингдек, таянч олий таълим муассасаси сифатида Тошкент давлат педагогика университети олдида турган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича ташкилий ишлар кўрилди.
Президентимизнинг шу йил 21 июндаги “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда ҳамкорликда бажариладиган ишлар хусусида фикр алмашилди, тегишли хулосалар чиқарилди.
Бундан ташқари, янгидан ташкил этилган педагогика институтларида таълим жараёнини ташкил қилишдаги муаммолар таҳлил қилиниб, тўпланган тажрибалар асосида уларни бартараф қилиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси малакали мутахассисларни тайёрлаш йўлида қилинаётган ишларнинг бир қисми, холос. Олдинда бизни янги марра ва довонлар кутиб турибди.









