ОТМларга кириш енгиллаштирилиб, таълим жараёни мураккаблаштирилса...

    Шеробод туманидаги маданият ва аҳоли дам олиш маркази залида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод, партия Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов билан вилоят сайловчилари учрашуви бўлди.

    Партия фаоллари, депутатлар, ўқитувчилар, маданият ходимлари, партиянинг ғоя ва мақсадларига хайрихоҳ ёшлар ҳамда маҳалла вакиллари иштирок этган учрашувни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Умид Сулаймонов бошқарди ва сайловчиларни сайловда фаол иштирок этиши, ўзи хоҳлаган номзодга овоз бериши ҳар бир фуқаронинг конституцион ҳуқуқи эканлигини таъкидлаб, тобора яқинлашаётган сайлов куни “Адолат” социал-демократик партияси номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди.

    Йиғилганларга номзоднинг таржимаи ҳолига оид ҳужжатли фильм намойиш этилди.

    Шундан кейин Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов иштирокчиларни ўзининг сайловолди дастури билан таништирди. У, аввало, Сурхондарёда кейинги беш йилда амалга оширилган улкан ўзгаришлар ҳақида тўхталиб, азал-азалдан мамлакат тараққиётида сурхондарёлик алломалар ҳамда буюк шахсларнинг хизмати синганини ифтихор билан гапирди. У ўз дастурида халқ таълими тизимидаги ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантириш, педагог касби нуфузини ошириш, дарсликларни янгилаш ва ўзгартириш, ёшларни мактабгача таълимдан то олий таълимгача бўлган жараёнда сифатли билим олишига эришиш бугунги куннинг энг долзарб масаласи эканлигини қайд этди. Чунки мамлакат ривожланишига ҳисса қўшадиган билимдон кадрлар айнан таълим ва илм-фанга бўлган ғамхўрликка боғлиқ. Ёшларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишни енгиллаштириш ҳамда абитуриент талаба бўлгандан кейин таълим жараёнини мураккаблаштириш лозимлигини баён этаркан, бунинг учун биринчи навбатда квоталарни кескин камайтириш, давлат гранти ва шартнома-контракт асосида ўқийдиган талабалар ўртасида рақобатни кучайтиришнинг энг мақбул усули — рейтинг-баҳолаш тизимини жорий этишдан иборатлигини баён этди.

    Унинг фикрича, шартнома-контракт тизимида таҳсил олаётган талаба мутахассислик ва бошқа фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирганда бюджетга ўтказиш, аксинча, бюджетда ўқиётган, бироқ ўзлаштириши паст талабаларни шартнома-контракт усулида ўқишини ташкил этиш адолатли бўлади.

    Президентликка номзоднинг 10 та бобдан иборат дастурининг ҳар бир бобида адолат тамойили ифода этилгани сайловчиларга манзур бўлди. Чунки адолат устувор бўлган жамиятда ривожланиш бўлади, элнинг турмуши фаровонлашади. Номзоднинг дастуридаги хотин-қизларнинг жамият сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, чуқур билим ва ҳунар эгаллашлари учун кенг имкониятлар яратиш, билимли, салоҳиятли, тажрибали, оиласи ва эл орасида ҳар жиҳатдан ибрат хотин-қизларни давлат бошқаруви органларига жалб қилиш устувор вазифалардан бири бўлиши белгиланган.

    Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар ролини кучайтириш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, порахўрликка, таъмагирликка қарши муросасиз бўлиш, адолатли ва мустақил суд-ҳуқуқ тизимини яратиш, судни том маънода адолат қўрғонига айлантириш, фуқароларнинг судма-суд овора бўлишларига барҳам бериш каби масалалар сайловчилар дилидаги гаплар эди.

    Номзоднинг дастури юзасидан музокараларга чиққан номзоднинг ишончли вакили Абдурашид Ортиқов, Термиз шаҳридаги “Амударё” болалар соғломлаштириш оромгоҳи директори Шоҳида Холлиева, Ёшлар агентлиги Термиз тумани кенгаши раиси Зикрилло Боқижонов, Шеробод туманидаги 66-умумтаълим мактаби директори Саодат Тўлаева, Жарқўрғон туманидаги Бизнес мактаби директори Қизларшой Раҳматова, халқ депутатлари Денов тумани кенгаши депутати Шоҳруҳ Тоштемиров, ТерДУ профессори, тарих фанлари доктори Шопўлат Шайдуллаев ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастуридан ўрин олган ҳуқуқий-демократик давлат ҳамда адолатли жамият қуриш борасидаги ғояларини ҳаётга кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлаб, сайлов куни барчани ушбу номзодга овоз беришга чақирди.

    Учрашув якунида Б. Абдуҳалимов сайловчиларнинг саволларига атрофлича жавоб берди.

    Усмонали НОРМАТОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates