Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Буюк Турон кўчаси, 41- ҳамда 42-уй манзилида жойлашган мулкий мажмуалар сотувга қўйилгани маълум бўлди.
Ушбу бинолар (“Шарқ” нашриёти матбаа корхонаси АЖ ва ЎзА бинолари) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сон қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатига маданий мерос обекти сифатида киритилган.
“Маданий мерос обектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасига мувофиқ Давлат мулкида турган моддий маданий мерос обектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги ЎРҚ–821-сон Қонунининг 19-моддаси учинчи хатбошига асосан моддий маданий мерос обектлари, архив ҳужжатлари, давлат музейлари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, шу жумладан хиёбонлар ва ботаника боғлари хусусийлаштирилмайдиган давлат мулклари этиб эътироф этилган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Маданий мерос агентлиги томонидан Давлат активларини бошқариш агентлигига ушбу маданий мерос обектини ауцион савдоларидан олиб ташлаш юзасидан 21 сентябрь куни огоҳлантириш берилди, дейилади Маданий мерос агентлиги хабарида.