Озарбайжон билан кўп қиррали ҳамкорлик кучайтирилади

    Халқаро ҳамкорлик 26 декабр 2022 1057

    Жорий йил 24 декабрда Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Озарбайжонга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ва Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микайил Жабборов ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

    Учрашувда икки давлатнинг асосий вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

    Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламли кун тартиби кўриб чиқилди.

    Ўзаро савдонинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди. 2021 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 42 фоизга, жорий йил бошидан эса яна 52 фоизга ошди. Келгуси даврда товар айирбошлаш ҳажмини бир неча баробар ошириш учун имконият ва ресурслар мавжудлиги таъкидланди. Томонлар талабга эга маҳсулотлар номенклатурасини шакллантириш ва етказиб беришни кўпайтириш, иккала мамлакатларга савдо ва ишбилармонлик миссияларини ташкил этиш, йирик шаҳарларда миллий маҳсулотлар кўргазмаларини ўтказиш, савдо тармоқларида мева ва сабзавот маҳсулотларини, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш бўйича узоқ муддатли савдо шартномаларини тузишга келишиб олдилар.

    Саноат кооперацияси ва сармоявий шериклик соҳасидаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўриб чиқилди. Ўзбекистон-Озарбайжон Инвестиция жамғармасини ташкил этиш бўйича қўшма ишларни жадаллаштириш, шунингдек, умумий қиймати 700 миллион доллардан ортиқ бўлган 5 та йирик лойиҳанинг молиявий-техникавий жиҳатларини ишлаб чиқишдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди. Мазкур йўналишларда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича Ишчи гуруҳ тузишга келишилди.

    Йиғилиш иштирокчилари қўшма корхоналарни, жумладан, автомобиллар ишлаб чиқариш, заргарлик буюмлари ва енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратди.

    Кун тартибида транспорт-логистика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси ҳам муҳим ўрин тутди. Икки мамлакат ҳудудлари орқали юкларни, жумладан, кундалик эҳтиёждаги товарларни ташиш ҳажмини бир неча баробар ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини муҳокама қилиш мақсадида Халқаро автомобиль транспорти бўйича Аралаш комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказишнинг ташкилий жиҳатлари келишиб олинди. Шу нуқтаи назардан, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш истиқболлари ҳам қайд этилди, деб хабар беради Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    Учрашув якунлари бўйича томонлар Озарбайжон-Ўзбекистон Инвестиция жамғармасини ташкил этиш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзоладилар. Мазкур жамғарма, таъкидланганидек, икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантиришга хизмат қилади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates