Ўзбекистон — Озарбайжон: азалий дўстлик ва стратегик иттифоқчиликнинг янги қирралари

    Ўзбекистон ташқи сиёсатида Озарбайжон, ўз навбатида, Озарбайжон ташқи сиёсатида Ўзбекистон билан муносабатлар катта аҳамиятга эга. Давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар тарихи узоқ даврларга бориб тақалади. Халқларимизни ўхшаш миллий анъаналар, тил, маданият ва дин бирлаштиради.

    Бугунги кунда Ўзбекистон — Озарбайжон муносабатлари стратегик иттифоқчиликнинг юқори даражасига етди. Бу муносабатлар тарихий алоқалар билан янада мустаҳкамланмоқда. Икки мамлакат раҳбарларининг узоқни кўзлаган сиёсати, ўзаро ташрифлар ва мунтазам алоқалар натижасида муносабатларимиз амалда барча соҳаларда ўсиб бормоқда. Шубҳасиз, икки томонлама алоқалар ривожида давлат раҳбарларининг ташрифлари алоҳида аҳамият касб этади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарларининг қатор ўзаро ташрифлари амалга оширилди. Олий даражадаги учрашувлар, имзоланган ҳужжатлар ва яратилган институционал механизмлар стратегик ҳамкорликнинг асосий устунларига айланди.

    Бу борада Президентимизнинг шу йил 2-4 июль кунлари Озарбайжонга давлат ташрифи алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Ташриф давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши қарори, шунингдек, турли соҳаларни қамраб олган муҳим ҳужжатларни имзолади. Ҳам икки томонлама учрашув доирасида, ҳам давлатлараро кенгаш йиғилишида ҳамкорликнинг кенг доирадаги масалалари муҳокама қилинди, алоқаларимизнинг стратегик иттифоқчилик характери яна бир бор тасдиқланди.

    Ўтган йили Тошкентда ўзаро иттифоқчилик фаолияти тўғрисидаги битим имзоланганди, бу ҳар қандай давлатлар муносабатларидаги энг юқори ва муҳим ҳужжатдир. Давлатларимиз бир йилдан буён расман иттифоқчи ва бу халқаро майдондаги фаол ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, шунингдек, кўплаб соҳалардаги режа ва лойиҳалар билан намойиш этиб келинмоқда.

    Дипломатик майдонда ҳозиргача ҳуқуқий базани мустаҳкамловчи 190 дан ортиқ икки томонлама ҳужжат имзоланган. Улар орасида 2022 йилда имзоланган стратегик шерикликни чуқурлаштиришга доир ҳужжат алоҳида ажралиб туради. Энг муҳим воқеалардан бири 2024 йилда Озарбайжон билан иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бўлди. Ҳужжат Ўзбекистон парламенти томонидан 30 апрелда ратификация қилинди.

    Қорабоғдаги ижтимоий таълим инфратузилмасининг биринчи объекти Ўзбекистон томонидан қурилган

    Айни пайтда муносабатлар нафақат дўстлик, балки ҳар томонлама ва стратегик шериклик даражасида ривожланмоқда. Стратегик муносабатларнинг маънавий асосларига собиқ иттифоқ давридаёқ узоқни кўзлаб асос солинган. Озарбайжон раҳбари Ҳайдар Алиев ва Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидов ўртасида 1970-йиллардаги шахсий дўстлик ва ўзаро ҳурмат бугунги кунда ҳам ёдга олинади. Ҳайдар Алиев ўзбек халқига доимо алоҳида меҳр кўрсатган ва бу муносабатлар кейинчалик давлатлараро муносабатларда юқори даражада давом эттирилган.

    1930-йиллардаги қатағон тўлқинлари пайтида ўн минглаб озарбайжон Ўзбекистонда бошпана топиб, янги ҳаёт қурган. Мазкур инсонпарварлик алоқалари икки халқнинг маънавий алоқасини янада мустаҳкамлади. 1966 йилда Тошкентда юз берган вайронкор зилзила пайтида озарбайжон халқи ўз инсонпарварлик анъаналарига содиқ қолган ҳолда қардошлик ёрдамини аямади. Озарбайжонлик мутахассислар, муҳандис ва қурувчилар зилзиладан кейин шаҳарни қайта тиклашда бевосита иштирок этди. Бугунги кунда Ўзбекистонда истиқомат қилаётган 70 мингдан зиёд озарбайжон юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва жамоат ҳаётида фаол қатнашаётир.

    Иккала мамлакат ҳам халқаро ҳуқуқ ва давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш тамойилига содиқ. Ўзбекистон доимо Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини, жумладан, Қорабоғ бўйича адолатли позициясини қўллаб-қувватлаб келган. Ўзбекистоннинг бу борадаги сиёсий, маънавий қадамлари доимо Озарбайжон халқи томонидан юқори баҳоланади. Ўзбекистон ва Озарбайжон Марказий Осиё ҳамда Жанубий Кавказда тинчлик ва барқарорликни сақлашда умумий позицияни намойиш этмоқда.

    Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев ўртасидаги шахсий дўстлик ва ўзаро ишонч ушбу муносабатларнинг асосий устунларидир. Етакчилар минтақа барқарорлиги йўлида изчил ва мақсадли қадамлар ташламоқда. Давлат раҳбарлари саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон — Озарбайжон муносабатлари минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга стратегик ҳамкорлик намунасига айланди. Иккала мамлакатнинг ташқи сиёсий йўли суверенитетни ўзаро тан олиш, ҳудудий яхлитликни қўллаб-қувватлаш ва ички ишларга аралашмаслик принципларига асосланади.

    2020 йил охирида Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиевни Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги тиклангани билан биринчилардан бўлиб табриклади. Шундан сўнг Ўзбекистон Фузулий шаҳрида мактаб қурилиши ташаббусини илгари сурди ва 2023 йил 23 августда лойиҳа амалга оширилиб, фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда Мирзо Улуғбек номидаги 1-ўрта мактаб икки биродар мамлакатнинг мустаҳкам бирлиги тимсолига айланди. Президент Илҳом Алиев матбуот учун баёнотида Ўзбекистонга Қорабоғни тиклашдаги ёрдами учун миннатдорлик билдирган эди. “Қорабоғни тиклашдаги ёрдам учун алоҳида миннатдорлик билдирамиз. Президент Мирзиёев эса ўз ташаббуси билан Қорабоғ минтақасини тиклашга зудлик билан ёрдам кўрсатган дунёдаги биринчи раҳбардир. Ижтимоий таълим инфратузилмасининг биринчи объекти Ўзбекистон томонидан қурилган ушбу мактаб бўлиб, уни Шавкат ­Миромонович билан биргаликда очдик. Мактаб ўзбек халқининг буюк ўғлони Мирзо Улуғбек номи билан аталган ва бу ерда ўз аждодлари ерига қайтган болалар таълим олмоқдалар”.

    Сўнгги йилларда давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилди ва нафақат анъанавий ҳамкорлик соҳалари, балки энергетика, транспорт, саноат, қишлоқ хўжалиги ва юқори технологиялар каби стратегик муҳим йўналишларни ҳам қамраб олди. Глобал геосиёсий трансформация ҳамда Марказий Осиё ва Жанубий Кавказнинг ўсиб бораётган аҳамияти фонида Тошкент ва Боку иттифоқчилик алоқалари ва миллий манфаатлар синергиясининг қадрини тобора англамоқда.

    Президентимизнинг Озарбайжонга ташрифи олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Хонкендида биринчи марта бўлиб ўтган 17-саммитидаги иштирокини қамраб олди. 2-3 июль кунлари Бокуда бўлиб ўтган учрашувлар олий даражадаги яқин мулоқотнинг мантиқий давоми бўлади, унинг марказида стратегик ­иттифоқчилик ва иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари турди.

    Ташриф арафасида Озарбайжон пойтахтида Ўзбекистон делегациясининг бизнес вакиллари ва тегишли вазирликлар билан учрашувлари бўлиб ўтгани, якунлари бўйича сут маҳсулотларини қайта ишлаш, кимё ва электротехника саноати, қурилиш материаллари ва юқори вольтли кабеллар ишлаб чиқариш каби йўналишларда янги келишувларга эришилгани диққатга сазовор. Ушбу келишувлар икки мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва минтақада барқарор кооперация занжирларини шакллантиришга қаратилган кўп тармоқли ҳамкорлик доирасини тўлдиради ва кенгайтиради.

    Ўзаро савдодаги ўсиш уч баробардан кўп

    Икки давлат яқинлашувининг энг ёрқин кўрсаткичларидан бири товар айирбошлашнинг барқарор ўсишидир. 2025 йилнинг биринчи беш ойида ўзаро савдо ҳажми ўтган йилнинг шу давридагидан уч баравардан кўпроққа ошди. Сўнгги беш йил ичида товар айирбошлаш ҳажми уч баробар ўсиб, 255 миллион долларга етди. Давлат раҳбарлари томонидан белгиланган мақсад қисқа муддатда бу кўрсаткични бир миллиард долларга етказишдир. Бунинг учун иккала мамлакатда ҳам етарли салоҳият ва имконият мавжуд.

    Ўзбекистон — Озарбайжон муносабатларида инвестициялар алоҳида роль ўйнайди, бу борада турли соҳаларда 15 та истиқболли лойиҳа мавжуд. Яқин вақт ичида Бокуда устав капитали 500 миллион доллар бўлган Озарбайжон — Ўзбекистон инвестиция фонди офиси очилади. Бу нафақат икки давлатда, балки минтақанинг учинчи мамлакатларида ҳам қўшма ташаббусларни молиялаштиришга қўшимча туртки беради.

    Гажигабул саноат паркида “Chevrolet” автомобилларини ишлаб чиқариш лойиҳаси саноат кооперациясининг энг ёрқин намунаси бўлди. 2019 йилдан бери “Ўзавтосаноат” билан ҳамкорликда қарийб 9 мингта автомобиль ишлаб чиқарилди ва ҳозир иккинчи автомобиль заводи қурилиши бошланди. Параллел равишда пахта кластери ҳам ривожланмоқда — ўзбек тажрибаси Озарбайжонда соҳани шакллантириш учун асос бўлмоқда. Умуман олганда, сўнгги йилларда ўртадаги қўшма корхоналар сони беш баробар ошди.

    Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳам муҳим нуқтадир. 2024 йилда Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон “яшил” ­энергетика ­соҳасида стратегик шериклик тўғрисида битим имзолади. Қўшма корхона — “Яшил йўлак” бирлашмаси” МЧЖ Боку шаҳрида рўйхатдан ўтказилди. У Марказий Осиё ва Европа ўртасида энергетика кўпригини яратиш, Озарбайжон инфратузилмаси орқали қайта тикланувчи энергияни транзит қилиш билан шуғулланади. Анъанавий ­энергетика секторида ҳам фаоллашув кузатилмоқда. Озарбайжон давлат нефть компанияси (SOCAR) “Ўзбекнефтгаз” билан биргаликда қорақалпоқ инвестиция блокини ўзлаштиришга ­тайёрланмоқда. Бу нефть ва газнинг катта захираларига, шунингдек, технологияларни ўзаро трансфер қилиш ва ташқи капитални жалб қилиш учун юқори салоҳиятга эга истиқболли лойиҳадир.

    Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик икки томон кун тартибида стратегик муҳим ўрин эгаллайди. Озарбайжон кучли транспорт инфратузилмасига эга бўлган ҳолда Ўзбекистон товарларини Европага транзит қилиш учун муҳим бўғинга айланмоқда. Халқаро автомобиль ташувлари тўғрисидаги битим аллақачон сезиларли натижалар берди: фақат 2024 йилда мамлакатлар ўртасидаги транзит ташувлар ҳажми 18 фоиздан кўпроққа ошди.

    Боку ва Тошкент томонидан экспорт учун барқарор ва сиёсий жиҳатдан мустақил муқобил йўл сифатида транскаспий йўлагига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу соҳадаги қўшма саъй-ҳаракатлар тариф сиёсатини синхронлаштириш, логистика тугунларини модернизациялаш, трансчегаравий операцияларни рақамлаштиришни ўз ичига олади. Томонлар Озарбайжон портларидан қайта юклаш хаблари сифатида фойдаланиб, Каспий денгизи орқали ташувлар ҳажмини ошириш ниятини тасдиқлади.

    Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни боғловчи қудратли минтақавий куч

    Ўзбекистон ва Озарбайжон Евроосиё ҳудудида ҳамкорликнинг ноёб динамикасини намойиш этмоқда. Муносабатлар аллақачон икки томонлама кун тартибидан чиқиб, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни боғловчи қудратли минтақавий кучни шакллантирмоқда. Икки давлатнинг иқтисодиёт, энергетика, транспорт ва “яшил” технологиялар соҳасида бир-бирига томон ҳаракатланиши узоқ муддатли иттифоқчилик учун мустаҳкам замин яратади.

    Президентимизнинг Бокуга ташрифи шунчаки мулоқотнинг давоми эмас, балки бугунги кунда нафақат раҳбарлар даражасида, шунингдек, иқтисодий доираларда, энергетикада, корхоналарда, илмий ва маданий институтларда ҳам қўллаб-қувватланаётган стратегик йўналишнинг тасдиғидир. Ўзбекистон ва Озарбайжон шунчаки товар ва инвестициялар алмашадиган эмас, балки ҳамкорлик архитектурасини биргаликда қурадиган шериклардир. Мавжуд суръатларга қараганда, бу ҳамкорлик фақат кучайиб бормоқда.

    Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев айтганидек, “Озарбайжон ва ўзбек халқларининг бу алоқаси ва қардошлиги тасодиф эмас. Мазкур алоқалар қадимий тарих ва бой ўтмиш ётадиган халқларимизнинг қон-қардошлигини, қалбларимиз, маданиятимиз ва маънавий қадриятларимизнинг бирлигини ифода этади”.

    Шу ўринда Ўзбекистон Президенти 2019 йил 15 октябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Озарбайжонга боргани ва ташриф доирасида Бокуда Президент Илҳом Алиев билан учрашганида Ҳайдар Алиев ҳақида ўз фикрларини ҳам баён этганини эслаш жоиз. “Биз озарбайжон халқининг буюк фарзанди Ҳайдар Алиев билан ҳамиша фахрланамиз. Ўзбекистонда уни эҳтиром билан хотирлашади. Мен у билан ишлаган одамлар билан кўп суҳбатлашганман. У ҳар доим ўзбек халқига ҳурмат билан муносабатда бўлган. Ҳайдар Алиев Шароф Рашидов билан кўп бор учрашиб, кўплаб қийин масалаларни биргаликда ечишган. Бугун орамизда ҳаёт бўлганлар Ҳайдар Алиевнинг ҳар қандай вазиятда Ўзбекистонга ҳурмат билан муносабатда бўлганини, қўллаб-қувватлаганини айтишади. Бизда “ўзбек иши” юзага келган оғир йилларда Ҳайдар Алиев, бошқалардан фарқли ўлароқ, ўзбек халқи ҳақида ўз шахсий фикрига эга бўлган”, деган эди Шавкат Мирзиёев.

    Яқин ўтмишимизга назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистоннинг мустақил ривожланиш йиллари давомида Ҳайдар Алиев Озарбайжон Президенти сифатида Ўзбекистонга икки маротаба келганини кўрамиз. Биринчи сафар 1996 йил октябрь ойида амалий, иккинчи маротаба эса 1997 йилнинг июнь ойида расмий ташриф билан келган. Илм-маърифат фидойиси бўлган Ҳайдар Алиевга 1997 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети фахрий доктори унвони берилган.

    Ҳайдар Алиев озар халқининг том маънодаги умуммиллий етакчисидир. У мустақил Озарбайжоннинг меъмори ва асосчиси сифатида тарихда қолган бўлса, бугунги кунда ана шундай машҳур давлат арбоби ғояларини муваффақиятли давом эттираётган Президент Илҳом Алиев мамлакат равнақини таъминлаш, иқтисодий қудратини ошириш йўлида улкан саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

    Олий таълим бўйича ҳамкорлик давом этади

    Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда, бу эса глобал иқлим муаммолари контекстида минтақавий ҳамкорликнинг муваффақиятли намунасини кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги шериклик янги стратегик ўлчовга эга бўлди, бу икки томонлама ҳамда кўп томонлама форматларни ўз ичига олади.

    Шу ўринда кейинги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб ва мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Жумладан, яқинда Андижонда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Озарбайжон Фан ва таълим вазирлиги ҳамкорлигида “Ўзбекистон — Озарбайжон: олий таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” мавзусида бўлиб ўтган Ўзбекистон — Озарбайжон олий таълим муассасалари ректорлари I форуми бунга мисол бўла олади.

    Форумда мамлакатларимиз олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик бўйича 50 дан ортиқ шартнома ва келишув имзоланди. Унга кўра, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини ривожлантириш, малака ва тажрибасини юксалтириш, қўшма таълим дастурлари жорий этиш, технопарклар ташкил этиш, илмий тадқиқот лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш ҳамда академик алмашинув жараёнларини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик шартномалари имзолангани илм-фан соҳаларида ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқишига шубҳа йўқ.

    Президентимизнинг Озарбайжонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар бошқа соҳалар қатори икки давлат олий таълим муассасалари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, аввал эришилган шартнома ва келишувлар доирасидаги ишларни самарали амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтиради.

    Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ­стратегик иттифоқчилик муносабатлари келгусида янада ривожланиб, янги қирралар билан бойиб боришига ишонч катта. Икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси, халқларимизнинг ўзаро дўстлиги ва манфаатдорлиги бунга мустаҳкам замин яратади. Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳамкорлиги минтақавий барқарорлик ва тараққиётга хизмат қилиб, икки халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.

    Исмоил САИФНАЗАРОВ,

    фалсафа фанлари доктори, профессор


    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates