Ўзбекистон – Туркия: Тарих ва ислоҳотлар муштараклиги

    Жорий йил 4 март куни Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди

    Туркия ва Ўзбекистонни кўп асос — ўхшаш тил, уйқаш анъана ва тутумлар, ягона дин, азалий дўстлик ва уйғун маданий алоқалар боғлаб туради. Икки халқ тамаддуни геосиёсий жойлашув ва тарихий тараққиётдан тортиб, ҳозирги ривожланиш босқичида кечаётган ислоҳотларнинг ўзига хослигигача бўлган кўп умумий жиҳатларга эга.

    Гапни, аввало, умумий тарих билан боғланган ўзбеклар ва туркларнинг қардош халқ эканидан бошлайлик. Чунки бугунги туркларнинг аждодлари замонавий Туркия ҳудудига Мовароуннаҳр заминидан кириб келган. Шу сабабдан Ўзбекистон Туркияда аждодлар замини ҳисобланади ва “ота юрт”, деб қадрланади.

    Географик жиҳатдан Ўзбекистон Осиёнинг марказида жойлашган бўлиб, унинг турли тарафларини боғлайди, Туркия эса Осиё ва Европани боғлаб турувчи давлатдир. Геосиёсий жойлашувнинг ушбу хусусиятлари қадим замонлардан буён турли маданият ва цивилизацияларнинг бир-бири билан мулоқоти ва ўзаро ҳамкорлиги, савдо йўллари кесишиш марказлари саналган икки давлатнинг тарихий ривожланиши билан боғлиқ ўзига хос умумий жиҳатларни ҳам белгилайди. Ҳар икки давлат бир пайтлар тарихдаги энг машҳур транспорт йўлаги — Буюк ипак йўлининг асосий бўғинлари эди.

    Мамлакатларимизнинг минтақавий аҳамияти ўз минтақаси ривожидаги ўхшаш ролини ҳам белгилаб берар, чунки улар ўз вақтида Осиёнинг энг қудратли давлатлари ҳисобланарди. Усмонийлар империяси бир пайтлар Ғарбий Осиё, Шимолий Африка ва Жануби-шарқий Европани бирлаштирган бўлса, темурийлар давлати Осиё ва Яқин Шарқнинг марказий қисмини Ҳинд океанигача ­туташтирган.

    Йигирманчи асрнинг тарихий катаклизмларидан кейинги замонавий тарихда ҳам икки халқ тақдирининг муайян муштараклиги кузатилмоқда. Туркиянинг янги тарихи 1923 йилда Отатурк номи билан машҳур бўлган миллий қаҳрамон Мустафо Камол бошчилигидаги миллий озодлик курашидан сўнг демократик давлат — Туркия Жумҳурияти эълон қилинган даврдан бошланган. Ўзбекистоннинг янги тарихи эса 1991 йилда собиқ иттифоқ парчаланиб, янги мустақил демократик давлат — Ўзбекистон ­Республикаси ташкил этилган пайтдан илдиз олади.

    Туркия ва Ўзбекистондаги ислоҳотлар

    Ўзбекистон мустақилликка эришгач, бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида, ислоҳотларнинг биринчи даврида асосан, саноатни ривожлантириш стратегиясига эътибор қаратди, бу эса ўша йилларда ишлаб чиқариш ресурсларини унумдорлик паст соҳалардан юқори унумли соҳаларга ўтказишда муҳим эди.

    Туркияда ҳам худди шундай вазият кузатилди. 1980 йилгача Туркия иқтисодиёти импортга йўналтирилган эди. Ўша даврда хусусийлаштириш, хусусий бизнесни ривожлантириш ва чет эл капиталини жалб қилиш борасида кўрилган чора-тадбирларга қарамай, турк иқтисодиёти 1994, 1999 ва 2001 йилларда иқтисодий инқирозга сабаб бўлган таркибий муаммолар туфайли беқарорлигича қолди. Улардан энг жиддийлари 2000 йил ноябрь ва 2001 йил февраль ойларида мамлакат иқтисодиётига кучли салбий таъсир кўрсатди. Бу инқирозлар натижасида иқтисодий ўсиш пасайди, валюта қадрсизланди, 2 миллионга яқин одам ишсиз қолди, Туркия иқтисодиёти Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг оғир дамларни бошидан кечирди.

    2001 йил июль ойида Адолат ва тараққиёт партиясига асос солинди ва 2002 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловида ғалаба қозонди. Бош вазир лавозимига келган Режеп Таййип Эрдоған иқтисодий ислоҳотларни жадаллик билан бошлаб юборди. Банк тизимини ислоҳ қилиш, пул-валюта бозори барқарорлигини ҳамда мак­роиқтисодий кўрсаткичларнинг турғун ўсишини таъминлашни мақсад қилган стратегия бундан анча илгари ишлаб чиқилган эди. Молия ва хусусийлаштириш жараёни билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги, ижтимоий ҳимоя, энергетика ва телекоммуникация соҳаларида ҳам ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада иқтисодий ўсиш суръати 2004 йилдаги 2,3 фоиздан 9,9 фоизга ошди, ­инфляция даражаси ва бюджет тақчиллиги камайди, ташқи савдо айланмаси ва хорижий инвестициялар оқими сезиларли даражада ортди. 2002-2012 йилларда Туркия иқтисодиётига киритилган инвестиция­лар реал ЯИМнинг 64 фоиз, аҳоли жон бошига ЯИМнинг эса 43 фоиз ошишига олиб келди.

    Ислоҳотлар давомида таълимни ривож­лантиришга ҳам етарлича эътибор қаратилди. Таълим вазирлиги бюджети 2002 йилдаги 7,5 миллиард лирадан 2011 йилда 34 миллиард лирагача кўтарилиб, бу бир вазирликка тақдим этилган миллий бюджетнинг энг катта улушини ташкил қилди. Мажбурий таълим муддати 8 йилдан 12 йилгача узайтирилди. 2003 йилда Туркия ҳукумати ЮНИСЕФ билан биргаликда бошланғич мактабга қабул қилишдаги гендер тафовутни йўқотишни мақсад қилган “Қизлар учун мактаб” кампаниясини бошлаб юборди. 2004 йилдан дарс­ликлар бепул бўлди. 2008 йилдан Туркиядаги ҳар бир вилоятнинг ўз университети фаолияти йўлга қўйилди. Университетлар сони 2002 йилдаги 98 тадан 2012 йил октябрь ойида 186 тага ортди.

    Бу орада турк иқтисодиётининг янги глобал таҳдидлар қаршисида (жумладан, у ўз ривожида муайян қийинчиликларни бошидан кечира бошлаган пандемия шароитида) рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга эҳтиёжи иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичини ўтказиш заруратини келтириб чиқарди. 2023 йил март ойигача амалга оширилиши мўлжалланган иқтисодий ислоҳотларга оид янги ҳаракатлар режаси 2021 йил 23 мартда ­эълон қилинди. Режа 10 та йўналишни ўз ичига олади: давлат молияси, нархларни барқарорлаштириш, молия сектори, жорий тақчиллик, бандлик, корпоратив бошқарув, инвестицияларни рағбатлантириш, ички савдо, рақобат ва бозор назорати.

    Хусусан, давлат молияси соҳасида давлат қарзини бошқариш кучайтирилади, солиқ назорати соддалаштирилади, давлат корхоналари ислоҳ қилинади. Молия соҳасида фоизсиз молия тизими

    имкониятлари кенгайтирилади. Жорий ҳисобнинг таркибий тақчиллиги қисқартирилади. Янги технологиялар соҳасида салоҳиятни ошириш ва глобал рақобатбардошликка эришиш кўзда тутилган. Ёшлар орасида бандликни таъминлаш, шунингдек, ишчи кучи сифатини ошириш чоралари кўрилади. Бозорда турли механизмларни бирлаштириш учун мустақил бозор назорати институти ташкил этилади.

    Ўзбекистонда ўтган асрнинг 90-йилларида бош­ланган ислоҳотларнинг биринчи босқичи, дастлабки муваффақиятларга қарамай, пировардида, замонавий иқтисодиётнинг жадал ривожланишига йўл бермади, чунки импорт ўрнини босувчи ёндашувларнинг устунлиги ички бозорни ҳимоя қилиш орқали тармоқларни қўллаб-қувватлашни кучайтиришни тақозо этди. Бу эса Ўзбекистон иқтисодиё­тининг ҳаддан зиёд ёпиқлигига олиб келди.

    Худди Туркиядаги юқорида баён қилинган ислоҳотлар бошланишидан олдинги каби вазият юзага келди. Шу боис, ҳокимият тепасига келган

    Шавкат Мирзиёев иқтисодиётни либераллаштириш ва уни жаҳон иқтисодиётига интеграция қилишга қаратилган ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Туркиядаги ислоҳотлар билан айни пайтда Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар ўртасидаги ўхшашликни сезиш қийин эмас. Бу, айниқса, таълим соҳасидаги ислоҳотларга тааллуқли бўлиб, бугунги кунда мамлакатимизда тизимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Ушбу ислоҳотлар таҳлили айни пайтда худди Туркиядаги каби глобал рақобатбардошликка эришишни мақсад қилган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси доирасида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яна катта ўхшашлик намоён бўлганини кўрсатди.

    Ҳамкорликнинг биринчи босқичи

    Икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг бу қадар бой тарихи Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг яқин дўстона алоқаларни ривож­лантиришга катта қизиқиш уйғотмаслиги мумкин эмас эди. Шу боис, Туркия Республикаси 1991 йил 16 декабрда Ўзбекистон мустақиллигини ­дунёда биринчи бўлиб тан олди. 1992 йил 4 мартда икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. 1992 йил апрель ойида Ўзбекистонда очилган хорижий элчихоналарнинг биринчиси Туркия Республикасиники эди. 1993 йил январь ойида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси очилди.

    Мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов бошчилигидаги делегациясининг хорижга илк расмий ташрифи 1991 йил декабрь ­ойида Туркияга бўлди. 1990 ва 2000 йиллар бошида Ислом Каримов Туркияга бир неча бор ташриф буюрди. Туркия Президенти Турғут Ўзал, Туркия Бош вазири Тансу Чиллер, Туркия Республикаси Президенти Сулаймон Демирел ҳам Ўзбекистонда бўлди. 2003 йилда Режеп Таййип Эрдоған (ўша пайтда ­Туркия Бош вазири сифатида) Ўзбекистонга келди.

    Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлар­аро қўшма комиссия тузилди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон — Туркия ишбилармонлик ҳамкорлиги кенгаши ташкил қилинди. 1995 йилда Ўзбекистонда Туркиянинг Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия тадбиркорлар иттифоқининг ваколатхонаси фаолият кўрсата бошлади. “Савдо ва иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида”ги, “Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида”ги ҳукуматлараро битимлар имзоланди. 1996 йилда мамлакатларимиз ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномага имзо чекилди. Ўзбекистонда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган ўзбек-турк қўшма корхоналари очилди.

    Стратегик ҳамкорлик босқичига ўтиш

    Ўзбекистон ва Туркия муносабатларидаги туб ўзгариш Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекис­тон ­Президенти этиб сайланиши билан боғлиқ. ­Шавкат Мирзиёев мамлакат Президенти вазифасини бажарувчи бўлиб турган 2016 йил ноябрдаёқ турк етакчиси Ўзбекистонга келди. Кейинчалик Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари 2017 йил май ойида Хитойдаги “Бир макон, бир йўл” форумида, ўша йил сентябрь ойида Остона шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити доирасида, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида яна учрашди.

    Узоқ йиллик танаффусдан сўнг 2017 йил ­октябрда Ўзбекистон раҳбари Туркияга ташриф буюрди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг олий даражадаги бу ташрифи доирасида ўзбек-турк муносабатлари тарихида биринчи марта Қўшма баёнот имзоланиб, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар стратегик ҳамкорлик даражасида мустаҳкамланди. Ҳамкорликнинг турли соҳаларига оид 20 дан зиёд келишув ҳам имзоланди.

    2017 йил октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси билан ҳамкорлик бўйича Парламентлараро гуруҳи ташкил этилди. 2018 йил 10 февралдан бошлаб Туркия фуқароларининг Ўзбекистонга келиши учун визасиз режим жорий этилди (Туркия 2007 йилдан буён Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режимни қўллаб келади). “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси 2017 йилдан Самарқанд-Истанбул йўналишида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйган бўлса, шу йилдан “Турк авиалиниялари” авиакомпанияси ҳам ушбу йўналишда тўғридан-тўғри авиаташувларни амалга ошира бошлади.

    Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг 2018 йил баҳоридаги юртимизга давлат ташрифи ҳам Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги эндиликда стратегик бўлган муносабатларни чуқурлаштиришда муҳим роль ўйнади. Ташриф доирасида ҳукумат даражасида кўплаб ҳужжатлар имзоланди. Шунингдек, икки давлат раҳбарлари бошчилигида олий даражадаги Ўзбекистон — Туркия стратегик шериклик кенгашини тузиш ҳақида келишувга эришилди. Кенгашнинг биринчи йиғилиши 2020 йил февралда Анқарада бўлиб ўтди.

    Шунингдек, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Туркия Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги ўртасида “Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги битим имзоланди. 2018 йил мартда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Туркиянинг “Tayga group” компанияси ўртасидаги келишув асосида Ўзбекистон Туркияга мигрантларни ташкиллаштирилган ҳолда ишга юборгани ҳам юқоридаги келишувнинг долзарблигини кўрсата олади.

    Ташриф доирасида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Туркия “Эксимбанк”и турк етказиб берувчилари ва пудратчилари иштирокидаги инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш учун 250 миллион долларлик заём жалб қилиш бўйича битим имзолади. “Ўзсаноатқурилишбанк” эса “Эксимбанк” билан 26 миллион долларлик кредит битими тузди. “Асакабанк” ва Туркия Экспорт-импорт банки ўртасида кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун 24 мил­лион долларлик заём кредит битими тузилди.

    Бундан ташқари, Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ва Туркия Энергетика ва табиий ресурслар вазирлиги ўртасида геология-қидирув ишларини ўтказиш бўйича келишув имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистон хал­қаро ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази инфратузилмасини ривож­лантириш бўйича ҳамкорликка доир келишувга эришилди. Бу эса Ўзбекистонда зиёрат туризмини фаол ривожлантиришга имкон беради.

    Ҳамкорликнинг иқтисодий динамикаси

    Сўнгги йиллардаги фаол ҳамкорлик мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг сезиларли кенгайишида акс этмаслиги мумкин эмас эди. Жумладан, 2016-2021 йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги товар айланмаси 2,9 баробар, экспорт 2,5 баробар, импорт 3,5 баробар ўсди.

    Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмининг жадал ўсиши натижасида Туркия 2021 йилда Ўзбекистоннинг тўртинчи энг йирик ташқи савдо ҳамкорига айланди. Сўнгги 3 йилда Ўзбекис­тон иқтисодиётига киритилган турк инвес­тициялари ҳажми икки баробар ошиб, 2021 йил якунига кўра 1,2 миллиард долларни ташкил этди. “Çalık Holding”, “Akaya İnşaat”, “Varnet” каби турк компаниялари ва бошқа инвесторлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Энергетика соҳасида турк ширкатлари билан (AKSA Energy, Odash Energy, Cengiz Energy) 6 та иссиқлик электростанцияси бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда, улардан тўрттаси ишга тушди, яна иккитаси 2022 йилда фойдаланишга топширилади.

    2022 йилнинг 1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Туркия капитали иштирокидаги 1900 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда. Ҳолбуки, 2018 йил 1 январда уларнинг сони 508 та эди (2022 йилда 2017 йилдагига нисбатан ўсиш 3,8 баробар). Шунингдек, 2022 йил январь-февраль ойларида Ўзбекистонда ташкил этилган хорижий капитал иштирокидаги янги корхоналар сони бўйича ҳам Туркия (63 та) етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда Россия (51 та), Қозоғистон (29 та) ва Хитой (25 та) турибди.

    Турк компаниялари ва инвесторлари “Tashkent City” объектлари, Чимён-Чорвоқ дам олиш ҳудудидаги курортлар, йирик кўнгилочар марказларни қуришда ҳам фаол қатнашмоқда. Шу билан бирга, “Anadolu Group”, “Ekzachibashi”, “Medicana”, “Ajibadem” компаниялари билан янги сармоявий лойиҳалар бўйича музокаралар ўтказилмоқда.

    Ўзбекистон Туркияга рангли металлар ва улардан тайёрланган буюмлар, пахта толаси, ­калава-ип, мева-сабзавот маҳсулотлари, хизматлар, азотли ўғитлар, нефтни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар экспорт қилади. Туркиянинг Ўзбекистонга импорти парфюмерия, косметика воситалари, механик ва электр ускуналар, пластмасса ва улардан тайёрланган буюмлар, тўқимачилик, кимё, фармацевтика маҳсулотларидан иборат.

    Охирги йилларда тармоқлар рақобатбардош­лигини оширишга қаратилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Туркия бозорига енгил, кимё, металлургия саноати, машинасозлик, электротехника, чарм-пойабзал ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб беришни сезиларли даражада кенгайтириши мумкин.

    Турк намунаси асосида кластер ёндашуви жорий этилаётган теридан пойабзал ва кийим-кечак ишлаб чиқариш соҳаси ҳам ҳамкорликни чуқурлаштириш учун истиқболли йўналиш ҳисобланади. Кластер доирасида Ўзбекистонда терини қайта ишлаш, пойабзал, шунингдек, атир-упа маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича фабрикалар очилмоқда. Келажакда улар МДҲ мамлакатларига экспорт қилиш учун юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаради.

    Савдони ривожлантириш учун транспорт коммуникациялари ва транзит соҳасидаги ишларни фаоллаштириш, хусусан, Боку — Тбилиси — Карс темир йўли имкониятларидан фойдаланиш ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишидир. Ўзбекистон Қора денгиздаги Черноморск, Поти ва Батуми портлари, шунингдек, Туркиянинг Ўрта ер денгизидаги Мерсин портига, у орқали Яқин Шарқ ва Шимолий Африкага чиқиш учун ушбу транспорт йўлагида иштирок этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Юқоридагиларга боғлиқ ҳолда ўзаро транзит тарифларини янада пасайтириш масалаларини ҳал этиш зарур.

    Икки давлат раҳбарлари 2018 йилда Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда беш йил ичида Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги йиллик савдо ҳажмини беш миллиард долларга етказишга келишиб олган эди. Ўзбекистон ва Туркия ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги битимнинг тузилиши ушбу вазифани ҳал қилишга кўмак беради. Бу орқали эса томонлар савдода бир-бирига учинчи давлатларга қараганда қулайроқ режимни тақдим этади.

    Жорий йил 26 февраль куни бўлиб ўтган телефон мулоқотида Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари ушбу келишувни тезроқ қабул қилишга келишиб олди. Афтидан, бу келишув икки мамлакат етакчиларининг шу галги учрашувида имзоланади.

    Туркий давлатлар ташкилоти

    Туркия ва Ўзбекистон ўртасида нафақат икки томонлама муносабатлар фаол ривожланмоқда, балки кўп томонлама форматларда ҳам ҳамкорлик қилинмоқда. Туркий тилли давлатлар ташкилотидаги иштирок ҳам Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги халқаро ҳамкорликнинг муҳим қисмларидан биридир.

    Ушбу ташкилот Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) номи остида 2009 йилда ташкил этилган. Ўзбекистон унга 2019 йил 15 октябрда Боку шаҳрида бўлиб ўтган еттинчи саммитда тўлақонли аъзо сифатида қўшилди. Ташкилотнинг 2021 йил 12 ноябрда Истанбул шаҳрида ўтказилган саккизинчи саммитида унинг номи Туркий давлатлар ташкилотига ўзгартирилди. Шунингдек, саммитда турк дунёсининг 2040 йилгача бўлган давр учун концепцияси ҳам тасдиқланди. Ўзбекистон Президенти Шавкат ­Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитини 2022 йилда Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди. Таклиф қабул қилинди ва ташкилотнинг навбатдаги тўққизинчи саммити, насиб этса, Ўзбекистонда 2022 йил ноябрь ойида бўлиб ўтади.

    Хулоса

    Айтиш мумкинки, ҳозирги пайтдаги Ўзбекис­тон ва Туркия ҳамкорлиги нафақат тўқсонинчи йиллардаги даражага қайтди, балки ҳам сон, ҳам сифат жиҳатидан ундан юқорига кўтарилди. ­Муносабатлар ҳақиқатан ҳам стратегик ҳамкорлик характери касб этди.

    Тарих ва бугунги кун турк-ўзбек халқлари нафақат этник келиб чиқиши жиҳатидан, балки руҳия­тига кўра ҳам ҳақиқий қардош халқлар эканига яққол гувоҳлик беради. Бу икки қардош халқ тарихий тараққиётнинг барча эврилишларига қарамасдан, шиддат билан ўзгараётган дунёда рақобатбардош бўлиб қолиш учун зарур ислоҳотларни амалга оширган ҳолда ўз миллий давлатчилигини матонат ва меҳнатсеварлик билан ­мустаҳкамлаб келмоқда.

    Мана шундай яқинлик ва ёндашувларнинг муштараклиги салоҳияти ҳали тўлиқ очилмаган ўзбек-турк ҳамкорлиги бундан буён ҳам ҳар икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида мус­таҳкамланиб, чуқурлашиб боришининг энг ­ишончли гаровидир!

    Обид Ҳакимов,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси

    ҳузуридаги иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори.

    “Янги Ўзбекистон” газетаси № 63 (585), 2022 йил 30 март.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates