Ўзбекистон — Венгрия: стратегик ҳамкорликнинг янги даври

    Самарқанд ва Жиззах вилоятларида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни модернизация қилиш, жумладан, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш борасида Венгрия тажрибасини татбиқ этиш мўлжалланмоқда.

    Венгрия Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим шерикларидан бири ҳисобланади. Биргаликдаги интилиш ва амалий ишлар натижасида бу шериклик йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Айниқса, сўнгги тўрт йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажми салкам уч баробарга ўсди. Мураккаб пандемия шароитига қарамай, ўтган йили ҳам бу ижобий динамика сақлаб қолинди.

    Ишбилармонлар ва ҳудудлар ўртасида яқин алоқалар йўлга қўйилгани бунда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, жорий йил февраль ойида Будапештда иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва бизнес форум ўтказилган эди.

    Венгрия Бош вазирининг шу йил 29 март куни мамлакатимизга ташрифи доирасида бўлиб ўтган икки мамлакат Ишбилармонлар кенгашининг биринчи мажлисида икки томонлама ҳамкорлик бобида ҳали ишга солинмаган жуда катта имкониятлар борлиги таъкидланди. Асосий эътибор савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий алоқаларни янада ривожлантириш масалаларига қаратилди.

    Музокарада мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлашни кўпайтириш, савдо ҳажми мувозанатини тенглаштириш, зарур маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни фаоллаштириш муҳимлиги айтилиб, бу борада Будапештда ташкил этилаётган Ўзбекистон–Венгрия савдо уйи имкониятларидан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

    Саноат кооперацияси — ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналишидир. Венгриянинг илғор тажрибаси асосида Ўзбекистонда озиқ-овқат саноати, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, кимё ва машинасозлик соҳаларида янги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.

    Ҳудудлар ўртасидаги алоқалар ҳам ривожланмоқда. Самарқанд ва Жиззах вилоятларида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни модернизация қилиш, жумладан, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш борасида Венгрия тажрибасини татбиқ этиш мўлжалланмоқда.

    Давлатимиз раҳбари икки мамлакат ҳудудлари ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш, ҳар йили Минтақалар форумини ўтказиш таклифини билдирди. Венгрия қишлоқ хўжалиги, меваларни сақлаш ва қайта ишлаш, балиқчилик ҳамда уруғчилик соҳаларидаги илғор тажриба ва технологиялар билан алмашишга тайёрлигини билдирди.

    Очиқ ва амалий руҳда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Ўзбекистон -Венгрия муносабатларининг деярли барча йўналишлари атрофлича муҳокама қилиниб, биринчи навбатда иқтисодий ҳамкорлик масалаларига жиддий эътибор қаратилди. Охирги тўрт йилда товар айирбошлашни деярли уч баробарга ўсгани айтилиб, бу кўрсаткични келгусида бир неча баробарга ошириш лозимлиги қайд этилди.

    Бу борада икки мамлакат бозорларига маҳсулотлар етказиб беришни кенгайтириш, саноат кооперациясини кучайтириш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, балиқчилик, картошкачилик ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олингани айни муддаодир.

    Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг юртимизга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтган очиқ ва конструктив руҳдаги музокараларда давлатлар раҳбарлари Ўзбекистон–Венгрия муносабатларининг деярли барча йўналишларини ҳар томонлама муҳокама қилишди. Энг аввало, иқтисодий ҳамкорлик масалаларига жиддий эътибор қаратилди. 2017 йилдан буён мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмаси ҳажми деярли уч баробарга ўсгани бунинг пойдевори бўлиб хизмат қилади.

    Ўзбекистон бизнес соҳаси вакилларининг фикрича, ташриф давомида Венгрия билан бўлиб ўтган икки томонлама Ишбилармонлар кенгашининг биринчи мажлисини муваффақиятли ва самарали деб баҳолаш мумкин. Чунки унда кўплаб келишув ва шартномалар тузилди. Бу форматдаги тадбирнинг самарадорлиги — унда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинганидир. Очиқ мулоқот ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун ўзаро манфаатдор соҳаларини аниқ белгилаш имконини берди.

    Жорий йилнинг февраль ойида Будапештда Ўзбекистон–Венгрия бизнес форуми ўтказилгани ҳаммамизга яхши маълум. Унда икки мамлакат ишбилармонлик доира вакиллари йиғилди. Форум якунида паррандачилик, балиқчилик, чорвачилик, ва озиқ-овқат саноати соҳалари бўйича Ўзбекистоннинг турли вилоятларида 12 та инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга оид қатор икки томонлама келишувлар имзоланган эди. Қолаверса, 76 та янги истиқболли инвестиция лойиҳаларини биргаликда ўрганишга келишиб олинган, уларнинг 26 таси бўйича Ўзбекистон ва Венгрия томонидан шериклар аниқланиб, ҳозирда музокаралар олиб борилмоқда.

    Ўзбекистон ишбилармон доиралари маҳсулот етказиб беришни кенгайтириш, саноат кооперациясини кучайтириш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, балиқчилик, картошкачилик ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга ошириш орқали Венгрия билан товар айланмаси ҳажмини янада оширишдан манфаатдор эканликларини алоҳида қайд этиш жоиз.

    Музокаралар якунида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Виктор Орбан Ўзбекистон Республикаси билан Венгрия ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларацияни ҳамда кўп қиррали шерикликни кенгайтиришга қаратилган 10 дан ортиқ ҳужжатнинг имзоланиши давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариши муқаррар.

    Меҳнат муносабатлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим, Инновациялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандумлари, Маданият соҳасида ҳамкорлик дастури, Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари ва чорвачилик соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”, Сув хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳадли битимлар, шулар жумласидандир. Ўз навбатида, икки мамлакатнинг барча ҳудудларини фаол жалб қилган ҳолда, ҳар йили Минтақалар форумини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

    Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, халқаро ва минтақавий масалалар бўйича икки мамлакатнинг қараш ва ёндашувлари ўхшаш. Венгрия томони Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш режаларини қўллаб-қувватлайди. Шундан келиб чиқиб, фаол ривожланиб сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилган Ўзбекистон ва Венгрия муносабатлари истиқболли стратегик ва самарали ҳамкорликнинг бошида турибди, десак муболаға эмас.

    Актам ҲАИТОВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

    Спикери ўринбосари,

    ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates