Болаларнинг ҳуқуқлари, қизиқишлари ва имкониятлари устувор аҳамият касб этмоқда. Ана шундай саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилда Ўзбекистон болалар ташкилотининг 24-анъанавий анжумани юқори савияда ташкил этилди.
Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда янги босқич
2024 йил 15–16 февраль кунлари Президентнинг Андижон вилоятига ташрифи чоғида илгари сурилган ташаббус – Ўзбекистон болалар ташкилотини тузиш ғояси катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлди. Мазкур ташаббус доирасида ташкил этилган болалар ташкилоти мамлакат миқёсидаги ўзига хос фаол ва ташаббускор болалар майдонига айланмоқда. Ташкилот болаларнинг иқтидори, ҳар томонлама кучли ва зукко бўлиб вояга етишида муҳим платформа вазифасини ўтамоқда.
“Болалар анжумани” – иқтидорлар учрашуви
2025 йилнинг 2–6 июнь кунлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар оромгоҳи”да бўлиб ўтган 24-анъанавий анжуман болаларнинг фаол иштирокида ўтди. Республика миқёсидаги 384 055 нафар сардорлар орасидан сараланган энг фаол ва иқтидорли 330 нафар Ўзбекистон болалар ташкилотининг “Болалар ҳаракати” сардори, ташкилот фаоллари ҳамда йил давомида ташкил этилган лойиҳа ва тадбирларда ғолибликни қўлга киритган болалар мазкур анжуманда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.
Анжуманда нафaқат болалар, балки уларнинг фаолиятларини мувофиқлаштирувчи ташкилотлар, мураббийлар, педагоглар ва давлат идоралари вакиллари ҳам иштирок этиб, болаларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглаш, уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ривожланиш ва лидерликка йўл очувчи тадбирлар
Анжуман доирасида болалар учун турли хил тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, болаларнинг етакчилик қобилияти, ташаббускорлиги ва ижтимоий фаоллигини баҳолаш, юртимиздаги кўп миллатлилик ва бағрикенглик анъаналарини тарғиб қилиш, болаларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, ижодий фикрлаш қобилияти, саҳна маҳоратини намоён қилиши учун замин яратиш мақсадида “Энг намунали “Болалар ҳаракати” сардорлари” танлови, “Халқлар дўстлиги куни” фестивали, “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда “Қувноқлар ва зукколар” беллашуви ўтказилди.
Анжуман доирасида ўтказилган энг муҳим тадбирлардан бири — “Энг намунавий ‘Болалар ҳаракати’ сардорлари” республика танловида мамлакатнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган ҳар бири 14 нафардан иборат жамоалар – “Болалар ҳаракати” сардорлари иштирок этди. Танловда иштирокчилар 4 та асосий шарт бўйича ўз билим, иқтидор ва етакчилик қобилиятларини намоён этишди.
Ўзбекистон болалар ташкилоти Бошқарув Кенгаши раиси Ҳасанбой Набиев танловнинг аҳамияти ҳақида шундай деди:
“Энг намунавий ‘Болалар ҳаракати’ сардорлари республика танловида ҳар бир ҳудуддан ташриф буюрган 14 нафардан иборат Болалар ташкилотининг Болалар ҳаракати сардорлар жамоаси иштирок этди. Бу танловда иштирокчиларимиз жами 4 та шарт асосида беллашишди ва энг муносиб деб топилган жамоалар анжуманнинг ёпилиш маросимида тақдирланди.”
Шунингдек, болалар анжумани доирасида маҳоратли тренерлар томонидан болаларда мулоқот, жамоада ишлаш, тайм-менежмент каби кўникмаларни шакллантириш мақсадида 10 дан ортиқ ўқув-семинарлар ташкиллаштирилди.
Бундан ташқари, ҳар бир ҳудуд сардорлари “Қадриятлар, урф-одатлар, анъана ва болалар” фестиваль кўргазмалари ҳамда “Биз келдик” миллий флешмоблар танловида иштирок этишди ва бу орқали болаларда миллий ғояга садоқат, маданий меросга ҳурмат туйғуси янада мустаҳкамланди. Бу каби танловлар сардорларда жамоа билан ишлаш, ижодкорлик, масъулият ва ташаббускорлик қобилиятларини юзага чиқаришга хизмат қилмоқда. Уларда лидерлик салоҳиятини баҳолаш, ҳудудлараро ҳамкорликни кучайтириш, тажриба алмашиш имкониятлари яратилади.
Қорақалпоғистон Республикаси вакиласи, “UzChess” йўналиши сардори Саҳибжамал Алмағамбетова эса ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан, шундай деди:
“Мен ушбу анъанавий болалар анжуманида иштирок этаётганимдан жуда ҳам хурсандман. Сабаби, мен бу анжуманда илк бор қатнашмоқдаман. Анжуман давомида ҳудудлардан келган тенгдошларим билан янги ғоялар ва таклифлар юзасидан фикр алмашдик. Айниқса, ‘UzChess’ йўналишида болалар учун янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик.”
Саҳибжамал каби фаоллар болалар ўртасида интеллектуал салоҳиятни ошириш, спорт ва ақлий ўйинларни оммалаштиришга қаратилган ташаббуслари билан ажралиб туришмоқда. Уларнинг ғоялари ва ташаббуслари келгусида республика даражасида татбиқ этилиши мумкин.
Иштирокчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот
Анжуманнинг муҳим қисмларидан бири “Бўйинбоғсиз кун: Раҳбар ва болалар” учрашуви бўлди. Учрашувда Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилнозахон Каттахонова ҳамда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар омбудсмани) Сурайё Раҳмонова ва бошқа ташкилот вакиллари иштирок этиб, болаларнинг фикр ва таклифларини тингладилар.
Болалар томонидан тақдим этилган 50 га яқин ижтимоий, экологик ва таълимга доир лойиҳалар муҳим ва амалий ечимларга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди. Болалар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита ва очиқ жавоблар олдилар. Бу эса уларнинг фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда катта аҳамият касб этади.
Эътироф ва мукофотлар – фаолиятга баҳо
Анжуман якунида ўтказилган танлов ва баҳолаш натижаларига кўра, ҳудудлардан келган сардорлар жамоаси қуйидаги номинациялар бўйича ғолиб деб топилди:
- Энг ташаббускор жамоа – Қорақалпоғистон Республикаси
- Энг аҳил сардорлар жамоаси – Андижон вилояти
- Энг билимдон сардорлар жамоаси – Бухоро вилояти
- Энг ижодкор сардорлар жамоаси – Фарғона вилояти
- Энг ижтимоий фаол сардорлар жамоаси – Жиззах вилояти
- Энг интилувчан сардорлар жамоаси – Навоий вилояти
- Энг зукко сардорлар жамоаси – Қашқадарё вилояти
- Йилнинг креатив жамоаси – Самарқанд вилояти
- Энг китобхон сардорлар жамоаси – Сирдарё вилояти
- Энг масъулиятли ҳудудий сардорлар жамоаси – Сурхондарё вилояти
- Энг тартибли сардорлар жамоаси – Хоразм вилояти
- Энг шижоатли сардорлар жамоаси – Тошкент вилояти
- Энг яхши медиа фаол жамоа – Тошкент шаҳри
- 2025 йил мавсум ғолиби – Наманган вилояти
Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди, уларнинг ютуқлари кенг жамоатчиликка таништирилди. Бу каби эътирофлар болаларнинг янада фаоллашишига, келгуси ишларда янада интилиш билан иштирок этишига туртки бўлди.
Хулоса ўрнида
Ўзбекистон болалар ташкилотининг 24-анъанавий анжумани мамлакатимизда болаларга қаратилган эътибор, ишонч ва уларнинг имкониятларини юзага чиқаришга бўлган саъй-ҳаракатларнинг ёрқин намоёни бўлди. Бу каби анжуманлар ёш авлоднинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, уларнинг орзу-интилишларига йўл очиш, ижтимоий фаоллигини оширишда беқиёс аҳамиятга эгадир.
Келгусида болаларнинг қўллаб-қувватланиши, уларни етук шахс сифатида тарбиялаш борасидаги ишларнинг янада кенг кўламда ва самарали йўлга қўйилиши, шубҳасиз, баркамол авлодни вояга етказишга хизмат қилади. Анжуманда иштирок этган ҳар бир бола ўзида катта куч, ишонч ва мотивацияни ҳис этди – бу эса уларни янги ютуқлар сари илҳомлантириши шубҳасиз.
Иброҳимжон ҒАФФОРОВ,
Ўзбекистон болалар ташкилоти Бошқарув Кенгаши
Ахборот хизмати бўлими бошлиғи