Ўзбекистон «Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар» глобал ташаббусига расман қўшилди

    Долзарб 1 июл 2021 467

    Республикамиз аҳолисининг 55 фоизини ёшлар ташкил этади ва улар юртимиз келажаги ва салоҳиятидир.

    20 йилдан сўнг бугунги болалар ва ёшлар Ўзбекистон тарихидаги энг катта ишчи кучига айланади. Бугун ёш авлоднинг салоҳиятини оширишга (таълим, малака, соғлиқни сақлаш) киритилаётган инвестиция эртага мева бера бошлайди, яъни айнан шу болалар ва ёшлар Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини янги босқичга олиб чиқиши мумкин. Ҳукуматимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга, ёшлар билан ишлаш сиёсатини такомиллаштиришга давлатнинг устувор йўналиши сифатида энг юқори даражада эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ёшлар уй-жойга эга бўлишига, таълим олишига, бандлигига, ижтимоий ҳимояланишига катта маблағлар ажратилмоқда. Давлат раҳбари ёшлар билан мунтазам мулоқотда бўлиш зарурлигини таъкидлайди. Бу борада «Ҳоким ва ёшлар» учрашувлари, Ёшлар парламентлари мулоқот учун майдонга айланиб улгурди. Вазирлар, Ёшлар ишлари агентлиги ва Президентнинг ўзи ёшлар билан тез-тез учрашмоқда.

    Ушбу ишларнинг мантиқий давоми ва ёшлар билан ишлашда тизимли ёндашувлар таклифи сифатида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати БМТнинг Болалар жамғармаси – ЮНИСEФ билан ҳамкорликда «Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар» глобал ташаббусини амалга оширади. Унинг асосий ғояси шундан иборатки, ҳар бир бола ва ёш йигит-қиз улар учун хавфсиз бўлган, асосий ижтимоий хизматлардан фойдалана оладиган ҳамда уларнинг овозларига қулоқ тутиб, фикр-мулоҳазалари эътиборга олинадиган муҳитда ўсиш ва ривожланиш ҳуқуқига эга.

    Ташаббус маҳаллий бошқарув тизимида болалар ҳуқуқларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратишга хизмат қилади, шунингдек, болаларнинг фикри ва эҳтиёжлари давлат сиёсати, дастурлари ва қарорларининг ажралмас қисми бўлган жамоатчиликни шакллантиришга ёрдам беради.

    Мақсад – болалар ва ёшларнинг бевосита уларнинг ҳаётига тегишли масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда иштирок этишига ва тегишли равишда жойларда ҳаракат дастурларини ишлаб чиқиб, уларни амалга оширишга йўналтирилган тизимли ёндашувни қўллашдир.

    Ташаббус доирасида қуйидаги йўналишлар қамраб олинади:

    - ёшлар бандлиги тизимини такомиллаштириш;

    - қўшимча таълим олиш имкониятларини кенгайтириш;

    - ёшлар маданиятини ривожлантириш;

    - хавфсизлик ва фаровон атроф-муҳитни яратиш;

    - соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш.

    Ўзбекистонда «Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар» дастлаб турли вилоятлардаги 5 та шаҳарда амалга оширилади. Бунинг учун ҳамкор ташкилотлар услубий, техник ва молиявий кўмак беради. Аввало, жойларда болалар ва ёшлар учун яратилган шароитлар таҳлил қилиниб, уларни такомиллаштириш бўйича дастурлар шаҳар ҳокимлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади, деб хабар беради «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.

    Маълумот учун: «Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар» глобал ташаббуси ЮНИСEФ томонидан 1996 йилда БМТнинг аҳоли пунктларини ривожлантириш масаласи бўйича иккинчи конференцияси резолюцияси доирасида илгари сурилган. Бугунги кунда ушбу ташаббус дунё бўйлаб 3 000 та шаҳар, 30 миллион нафар болалар ва ёшларни қамраб олган.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates