2025 йилда ЮНEСКО Бош конференцияси 43-сессияси Самарқанд шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўрилмоқда. Мазкур нуфузли тадбирни муносиб ўтказиш мақсадида кўплаб олий таълим массалари қаторида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети олдига Бразилиянинг нуфузли ОТМлари билан ҳамкорлик алоқаси ўрнатиш вазифаси қўйилган эди.
Шу мақсадда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети делегацияси Бразилияга хизмат сафари билан борди. Шу йилнинг 27 ноябрь куни ЎзДЖТУ делегацияси Бразилиянинг жаҳон рейтингларида юқори ўрин эгаллаган Сао Пауло университетига ташриф буюрди.
ЎзДЖТУ ректори Илҳомжон Тўхтасинов бошчилигидаги делегацияни Сао Пауло университети Халқаро ҳамкорлик бўйича директори ўринбосари Проф, Др, Ларисса Дриэмеиэр кутиб олди.
Ташриф доирасида икки университет вакиллари ўртасида учрашув ташкил этилди. Суҳбат чоғида турли ташкилий масалалар, жумладан, Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилаётган ЮНEСКО 43-сессиясида мезбонларнинг иштироки кабилар бўйича ўзаро фикрлар алмашилди. Шунингдек, Ўзбекистон ташаббуслари тўғрисида маълумот берилди.
Ташриф доирасида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Тадбир аввалида ЎзДЖТУ ректори профессор И.Тўхтасинов сўзга чиқиб, икки университет ўртасидаги мустаҳкам алоқалар ҳақида сўзлаб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон таълим тизимидаги ислоҳотлар ва чет тилларнинг ўқитилиши ҳақида сўз юритди.
Тадбир давомида ЎзДЖТУ ҳақидаги видеоролик намойиш этилди, ҳамда делегация аъзолари томонидан Ўзбекистоннинг буюк шахслари ҳақида маълумот бериб ўтилди. Тадбирдан Ўзбекистон маданияти ва урф-одатларига оид кўргазма материаллари намойиши, Ўзбекистон байроғи, миллий либослар, сўзана, ҳунармандчилик намуналари намойиш этилди.
Иштирокчиларга патир, ширинликлар, қуруқ мевалар таклиф қилинди.
Миллий таомимисиз бўлган палов тайёрланиб, иштирокчиларга тортиқ этилди.
Маълумот ўрнида: QS World ranking‘да 92-ўринни забт этган Сао Пауло университети 1934 йил 25 январда ташкил топган. Ҳозирги кунда 100 мингдан ортиқ талабаларга таҳсил бераётган Сао Пауло университетида кўплаб Нобел номзодлари, миллий Конгресси аъзолари, асосчилари ва машҳур Бразилия компаниялар раҳбарлари, жамиятда муҳим ўрин эгаллаган шахслар таълим олган.
Шунингдек, Сао Пауло университети Бразилиянинг энг йирик тадқиқот муассасалари қаторига киради. Юқори сифатли конференция ва журналларда нашр этилган илмий мақолаларнинг 25 фоиздан ортиғини мазкур университет тадқиқотчиларига тегишли.