Тўққизинчи маротаба ўтаётган кўп овозлик жамоалар фестивалида бу йил Ўзбекистон давлат симфоник оркестрининг Хор жамоаси ҳам иштирок этди.
Жежу халқи билан хор қўшиқлар жозибасини баҳам кўриш учун Кореянинг энг кўркам оролида дунёнинг нуфузли жамоалари бирлашди. Бу йилги халқаро хор фестивалига дунёнинг энг ривожланган давлатларидан номдор хор жамоалари таклиф қилинди. Индонезия хор бирлашмаси “Индонезия”, Нингбо хори “Хитой”, Астана филармонияси хор жамоаси “Қозоғистон”, Ванкувер ёшлар хори “Канада”, Филипин Мадригал жамоаси “Филипин”, Сингапур овози Ёшлар хори “Сингапур”, Ўзбекистон давлат симфоник оркестри хор жамоаси “Ўзбекистон”, Балта хори “Латвия” шулар жумласидандир.
Бундан ташқари Корея Республикасининг кўзга кўринган Хор жамоалари иштирок этди. Тадбир Жежу шаҳри ҳомийлиги билан Жежу халқаро хор фестивали бадиий раҳбар Хи Чол Ким ташкилий қўмитаси томонидан уюштирилди.
Ўзбекистон давлат симфоник оркестри хор жамоаси дунёнинг кўзга кўринган жамоалари билан бир саҳнада Ўзбек санъатининг кўп овозлик асарларини намойиш этишди.
- Бу каби тадбирлар мамлакатимиз нуфузини халқаро майдонларда янада юксалтиради, - дейди Ўзбекистон давлат Консерваторияси Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор Юлдуз Хуснитдинова. - Тадбирда иштирок этган ёшларимиз келажакда етук санъаткорлар бўлиб етишишларига ишонаман.
Яхши маънодаги ижодий беллашув катта тажриба ва катта мақсадларга, соҳа ривожи йўлидаги қўйилган яна дадил қадам қадам сифатида кўрилди.
Зеро, санъатда тил, ирқнинг аҳамияти йўқ – унинг асосий мақсади эзгулик, яхшилик!