Ўзбекистон делегацияси Лондон шаҳрида ЕТТБ томонидан ташкил этилган форумда иштирок этди

    Халқаро ҳамкорлик 26 январ 2024 3431

    Жорий йил 25 январда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) Лондондаги бош қароргоҳида “Янги Ўзбекистон: тараққиёт учун янги имкониятлар ва ижтимоий шериклик” мавзусида халқаро форум ўтказилди.

    ЕТТБ, Олий Мажлис Сенати, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ва “Сабр” Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 100 дан ортиқ юқори даражадаги иштирокчилар, жумладан, ЕТТБ вакиллари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, вазирликлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ва бизнес ҳамжамиятлари вакиллари иштирок этди.

    Халқаро форумда Ўзбекистоннинг давлат органлари, бизнес тузилмалари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида муваффақиятли ҳамкорлик йўлга қўйилгани, аёллар тадбиркорлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришда кўмак берилаётгани таъкидланди.

    Форумнинг очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Нарбаева кейинги 7 йилда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш борасида туб ўзгаришлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлади.

    – Бугун ўзбекистонлик тадбиркорлар жаҳон бозорларига ишонч билан қадам қўймоқда. Бюрократик тўсиқлар бартараф этилди, мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди, гендер тенгликни таъминлашда амалий натижаларга эришилди. Буларнинг барчаси жаҳон ҳамжамиятининг муносиб эътирофига сазовор бўляпти. Бундай натижаларга эришишда фуқаролик бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади, – деб таъкидлади Т.Нарбаева.

    Қўйилаётган юксак мақсадларга эришишда халқаро ҳамкорларнинг қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамият касб этишига тўхталар экан, Сенат Раиси Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш йўлидаги стратегик ҳамкорига айланганини эътироф этди.

    Таъкидлаш жоиз, Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон ЕТТБ томонидан молиялаштирилаётган лойиҳалар бўйича етакчилик қилмоқда ва мазкур инвестициялар қайта тикланадиган энергетикадан тортиб, банк ишигача бўлган соҳаларга киритиляпти. Банкнинг мамлакатдаги лойиҳалар портфели 4 миллиард евродан ошади ҳамда сўнгги тўрт йилда 3,3 миллиард евролик лойиҳалар ўз ишини бошлаган.

    Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасида мустаҳкам шериклик ва ҳамкорлик йўлга қўйилгани ҳамда гендер тенгликни рағбатлантириш ва аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш умумий стратегик устувор вазифалардан бири эканига алоҳида урғу берди. Мазкур йўналиш куни кеча ушбу молиявий тузилманинг Директорлари кенгаши томонидан маъқулланган Ўзбекистонга оид 2024-2029 йилларга мўлжалланган янги стратегияда ҳам ўз аксини топганини айтиб ўтди.

    – Дарҳақиқат, бугунги кунда Ўзбекистон бутун Марказий Осиё минтақасида етакчи ислоҳотчи сифатида тан олинган. Биз бу борада Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашда давом этамиз ва мен 2024 йилда ва ундан кейинги йилларда ҳам кучли ҳамкорлигимиздан умидворман, – деб таъкидлади ЕТТБ президенти.

    Форумда 2016 йилдан буён Ўзбекистонда нафақат давлат бошқаруви, балки барча жабҳаларда, жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотларини, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, молиявий ва номолиявий ресурслардан фойдаланиш борасида амалга оширилаётган инновацион ўзгаришлар тақдим этилди.

    Форумда аёллар тадбиркорлиги, жумладан, уни молиялаштириш ва таълим дастурлари билан боғлиқ муваффақиятлар, илғор тажрибалар, муаммолар ва ечимлар бўйича эксперт панеллари ташкил этилди.

    Тадбир иштирокчилари ижобий тажрибаларни ўргандилар ва келажак учун ўз стратегияларини ишлаб чиқдилар.

    Форум доирасида Ўзбекистон тадбиркор аёллари ва ҳунармандларининг “Шарқ бозори” хайрия кўргазма-ярмаркаси ҳамда “Ўзбекистон аёллари ҳаётида бир кун” ижодий фотокўргазмаси ташкил этилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates