Ўзбекистон энергетика бозори глобал ишлаб чиқарувчиларни жалб қилмоқда

    Йирик халқаро тадбир бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаради

    Кейинги бир неча ойда юртимизда анъанавий ўтказилаётган йирик халқаро кўргазмалардан бири — Ўзбекистон энергетика ҳафталигига жиддий тайёргарлик кўрилди. Одатдагидек бизнес ва минтақавий мулоқот майдонига айланадиган халқаро тадбирда иштирок этиш учун турли мамлакатлардан кўплаб компания вакиллари, машҳур брендлар, ёнилғи-энергетика соҳасининг етакчи гигантлари катта қизиқиш билдирган. Бугун Ўзбекистон энергетика соҳасидаги улкан ислоҳотлари билан жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортмоқда.

    Пойтахтимиздаги CAЕх халқаро кўргазмалар майдонида 13-15 май кунлари ўтказилаётган Ўзбекистон энергетика ҳафталиги бунинг яна бир исботи. Унда сайёрамизнинг бугунги ва эртанги куни учун яратилаётган хавфсиз энергетиканинг энг янги технологиялари, замонавий ёндашув ва инновациялари, илғор ечимлар намойиш этилмоқда. Aвстрия, AҚШ, Афғонистон, БAA, Беларусь, Буюк Британия, Германия, Грузия, Дания, Италия, Франция, Хитой, Тожикистон, Туркманистон сингари 30 зиёд давлат вакиллари ҳафталик тадбирларида қатнашяпти. Кўргазма майдонида 465 та компания ва бренд, 120 дан ортиқ спикер, 1420 делегат жам бўлди.

    Ҳафталик тадбирлари ёнилғи-энергетика соҳасининг икки асосий қисми — углеводород қазиб олиш ва электр энергетикаси йўналишларини бирлаштирди. CAЕх халқаро кўргазмалар марказида бир вақтнинг ўзида “Ўзбекистон нефть ва гази — OGU–2025” 27-халқаро кўргазмаси ва анжумани ҳамда “Энергетика, энергия тежаш, атом энергетикаси, муқобил энергия манбалари —

    Power Uzbekistan-2025” 18-халқаро кўргазмаси ўтказиляпти. Қолаверса, ҳафталик дастуридан “Яшил” энергия тежовчи технологиялар — GETCA-2025 ихтисослаштирилган бўлими, 5-халқаро энергетика анжумани ва бошқа йирик форматдаги тадбирлар жой олган.

    Бизнес учрашувлар, B2B ва В2G шаклидаги мулоқотлар учун ҳам қулай майдон яратилган. Ҳафталик назария ва амалиёт, инновация ва тажриба, саноат ва бизнес вакиллари ўртасидаги умумий мулоқотни таъминлаётганини кўриш мумкин.

    CAЕх халқаро кўргазмалар марказида ҳар бир мамлакат павильони алоҳида ажратилган. Уларни байроқ ёки бошқа рамзий белгилари орқали дарров таниб олса бўлади. Стендлар жойлашган майдончаларнинг ҳар бири тақдим этилаётган маҳсулот ва компания ҳақидаги маълумотлар, кўргазма учун намуналар, суҳбат учун алоҳида бурчак билан жиҳозланган. Масалан, бирор маҳсулот нотаниш кўринса, у ҳақидаги маълумотни бир неча тилда ўқиб, маълумотга эга бўлиш мумкин. Иштирокчилар билан тил топишиш ҳам унчалик қийин эмас, барчасининг олдида таржимон бор.

    Анъанавий усулга янгича ёндашувлар

    Ҳаётимизни электр энергиясисиз тасаввур қилиш мушкул. Уйимизни ёритиш алоҳида масала, аммо бугунга келиб биз фойдаланадиган деярли барча техник қурилманинг электр энергияси билан ишлаши электр энергиясига эҳтиёжимизни тўлақонли акс эттиради. Хонадонимиздаги барча маиший техника, ишхонадаги компьютер ва бошқа ускуналар, банк, савдо ёки бошқа хизмат кўрсатиш марказларидаги тўлов тизими ва аппаратлари, хуллас, дуч келадиганимиз жамики механик қурилмалар электрлаштириб бўлинган. Ҳатто сув жўмраклари ҳам электр токи ёрдамида ишлаяпти. Уйда чироқ ўчса, сув ҳам ўчади.

    Энергетика соҳаси ҳақида гап борганида, аввало, кўз олдимизга ёнилғи манбалари — нефть, табиий газ ва бошқалар келади. Чунки инсоният узоқ йиллар шу манбалардан фойдаланиб, электр энергияси ишлаб чиқарган. Тўғри, улардан чиқадиган зарарли газ атмосфера учун жиддий хавф туғдирмоқда. Аммо мамлакатлар фаол интилаётган “яшил иқтисодиёт”га ўтиш ҳаракати тўлиқ амалга ошмас экан, анъанавий усулда электр энергияси ишлаб чиқаришдан воз кечиш ҳақида гапириш мушкул. Фақатгина уларнинг зарарли таъсирини камайтириш учун янги ечимлар излаб топиш, соҳага замонавий технологияларни олиб кириш лозим. Хусусан, иқтисодиёт тармоқлари ривожида зарарли омилларни камайтириш, ишлаб чиқариш жараёнига илғор ускуналарни жорий этиш орқали атмосферани ифлослантирувчи чиқиндилар чиқишининг олдини олиш долзарб масалага айланган.

    Ўзбекистон энергетика ҳафталиги доирасида ўтаётган “Ўзбекистон нефть ва гази — OGU” халқаро кўргазмасида ана шундай ­технологиялар намойиш этилмоқда.

    — Экологик меъёрларга жавоб бериш талаби халқаро стандартларнинг асосий қисмига айлангани бежиз эмас. Ишлаб чиқариш корхоналари бу талабни бажармай туриб, бозордан ўрин эгаллай олмайди, — дейди Туркиянинг “Mimsan energy” компанияси бош директори Тарик Йилмаз. — Компаниямиз, асосан, сув иситиш ва буғ қозонлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Завод Анқарада жойлашган, 42 йилдан бери фаолият юритмоқда. Биз ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар турар жой мажмуалари, кўп қаватли уйларга ўрнатилади. Буғ қозонларидан эса кўпроқ озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқарувчи заводларда фойдаланилмоқда. Ушбу ускуналар газ ва дизель ёрдамида ишлайди. Улардан чиқадиган зарарли газни камайтириш учун махсус фильтрлар ўрнатилган. Ҳатто кўмирда ишлайдиган буғ қозонларининг мўрисидан ҳам тутун чиқмайди. Мана шу жиҳатлар билан бозорда устунликка эришиб келяпмиз. Ўзбекистонда ҳам харидоримиз кўп. Бу бозорга кириб келганимизга 7-8 йил бўлди. Шу кунгача расмий дилеримиз орқали Тошкент шаҳри, Андижон, Жиззах, Фарғона, Тошкент вилоятларидаги кўп қаватли уйларга ускуналаримиз ўрнатилди.

    “Яшил” келажак сари

    Кўргазма майдонидаги ҳар бир маҳсулот олдига борганда, унинг муқобил энергия манбалари ёрдамида ишлаш имконияти ҳақида суриштирдик. Чунки электр энергиясидан фойдаланишнинг мазкур тежамкор, арзон, хавфсиз, экологик тоза усули аллақачон ҳаётимизга кириб келиб, оммалашмоқда. Иқтисодиётнинг барча тармоғида муқобил энергетикани жорий этиш кўлами кенгайиб боряпти. Шунга яраша маҳсулотлар, янги технологиялар таклиф этиляпти. Бу бозорда ҳам рақобат анча кучайган.

    Ўзбекистон энергетика ҳафталиги доирасида асосий эътибор ҳам, муҳокама ва мулоқотлар марказидаги масала ҳам, ҳатто кўргазма майдонидаги кўп технологиялар “яшил” энергия билан боғлиқ экани боиси шунда. Жаҳонда табиий энергетика манбалари тобора қисқариб бораётгани муқобил энергия манбаларига эҳтиёжни оширмоқда. Экология ва атроф-муҳит муаммолари ҳам хавфсиз, атмосфера учун зарарсиз энергия манбаларига ўтишни тақозо этяпти. Ана шу зарурат кейинги йилларда дунёда “яшил” энергетика кескин ривожланиши ва янги технологиялар яратилишига сабаб бўлмоқда. “Яшил” энергияни фаол жорий этаётган етакчи давлатлар пайдо бўла бошлади. Уларнинг тажрибаси бошқа мамлакатларда ҳам тарғиб этиляпти. Гигант компаниялар давлатларнинг “яшил иқтисодиёт”га ўтишдаги саъй-ҳаракатини ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Яъни дунё ҳамжамияти сайёрамизнинг “яшил” келажаги учун бирлашяпти ва бунда айнан муқобил энергия манбаларига ўтиш асосий мақсадга айланган.

    Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб мазкур ҳаракатга қўшилган ва қисқа муддатда “яшил” тараққиёт томон юз буриб, мегалойиҳаларни амалга ошираётган давлат сифатида тилга олинмоқда. Бу йўлдаги саъй-ҳаракатлар 2019 йилдан бошланди. Ўша вақтда мазкур соҳадаги ишлар борасида тасаввур ҳам йўқ эди. Қуёш ёки шамолдан электр энергияси олиш у ёқда турсин, бунинг учун зарур станциялар қуришни ақлга сиғдиришимиз қийин бўлган. Чунки бу борада ҳеч қандай тажрибага эга эмас эдик.

    Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қатъий қадамлар ташланиб, нолдан янги тармоқ пайдо бўлди. 2019 йил 4 октябрида Президентимизнинг “2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда яқин ўн йилда мамлакатда углерод сарфини кескин камайтириш, иқтисодиётнинг барча тармоғида экологик тоза ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи, самарали энергия манбаларидан кенг фойдаланиш кўзда тутилган. Бу кўпчиликнинг наздида фақат қоғозда қоладиган ишлардек кўрингани ҳам рост. Аммо юртимизда қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш фаол ҳаракатга айланди. Асосий эътибор илғор давлатлар тажрибаси ва хорижий инвестицияларга қаратилди. Тез орада умумий қуввати 20 минг 630 мегаваттга тенг бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича халқаро компаниялар билан ҳамкорликда 40 та битим имзоланди.

    Кўлам йилдан йилга ошиб боряпти. Масалан, 2023 йил декабрида мамлакатимизда 5 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияси ишга туширилган бўлса, 2024 йил декабрида қиймати 3,7 миллиард долларлик 18 та янги қувват ишга туширилиб, 6 та лойиҳа қурилишига старт берилди. Юртимизда 3,5 минг мегаватт қувватдаги 16 та йирик “яшил” лойиҳа тармоққа электр узатиши ҳисобига 2024 йилда “яшил” энергия улуши 16 фоиздан ошди. Яъни экологик тоза энергия қуввати йилига 2-3 карра кўпайтириляпти.

    Бундай шиддатли шароитда 2026 йилга бориб, Ўзбекистонда умумий қуввати 5000 мегаватт, 2030 йилга бориб эса 18 минг мегаваттдан ортиқ бўлган қуёш ва шамол электр станциялари иш бошлаши режа қилинган. Мазкур “яшил” лойиҳалар ишга туширилгач, 2030 йилга қадар йилига 50 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти вужудга келади. Бу ушбу даврга бориб мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 54 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари ҳиссасига тўғри келади, дегани. Лойиҳалар, аввало, ҳудудларда энергетика барқарорлигини таъминлаш, олис манзилларгача узлуксиз электр токи етиб бориши, саноат ривожланиб, янги қувватлар, корхоналар ишга тушишига хизмат қилади. Қолаверса, ҳар бир лойиҳа ортидан юзлаб, минглаб инсон иш билан таъминланади.

    Бугун мамлакатимизнинг 10 та вилоятида умумий қуввати 4067 мегаватт бўлган 11 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 3 та шамол электр станцияси “яшил” энергия ишлаб чиқармоқда. Энергетика вазирлигининг хабар беришича, жорий йил 12 май ҳолатига кўра, юртимиздаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2025 йил бошидан буён ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 3 миллиард киловатт-соатни ташкил қилди. Бунинг натижасида 900 миллион куб метр табиий газ ­тежалишига эришилиб, атмосферага 1 миллион 710 минг тоннадан ортиқ карбонат ангидрид ва 1710 тонна азот оксиди чиқишининг олди олинди.

    Ҳозир Ўзбекистон “яшил иқтисодиёт”га ўтишнинг шиддатли йўлида бормоқда. Дунё ҳамжамияти мамлакатимизнинг бу борадаги имкониятлари ва саъй-ҳаракати ҳақида гапиряпти, йирик лойиҳаларни катта қизиқиш билан кузатяпти. Кузатибгина қолмай, ҳамкорликка, инвестиция киритишга интилмоқда. Жаҳоннинг етакчи компаниялари, дунёга машҳур энергетика гигантлари мамлакатимизни ишончли ҳамкор сифатида танлаяпти. Ҳатто Ўзбекистон бугун “яшил” трансформация йўлида глобал даражада намуна сифатида тан олинмоқда. Буни шу йил 5 май куни Италиядаги дунё молиячилари жам бўлган йирик анжуманда чиқиш қилган Осиё тараққиёт банки президенти Масато Канда эътироф этди.

    — Ўзбекистон “яшил” энергетикани хусусий инвестициялар ҳисобига ривожлантираётган муваффақиятли ва комплекс ёндашув намунасига айланди, — дейди М.Канда. — Мамлакатда бу борадаги ишлар барча босқични — бюджетни қўллаб-қувватлаш, электр энергетикаси соҳасини қайта қуриш бўйича сиёсий чора-тадбирлар ва қуёш энергияси дастурига асос солган бош режа кабиларни қамраб олган. Осиё тараққиёт банки хусусий инвестицияларни фаоллаштириш, лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини кўрсатишда ҳамкор сифатида иштирок этди. Натижада Ўзбекистонда хориж капиталини жалб қилган ҳолда янги қуёш энергияси ­қувватлари ишга туширилмоқда. Лойиҳаларнинг аксариятида энергия сақлаш тизими мавжуд бўлиб, бу тармоқ барқарорлигини таъминлайди. Ҳозир мамлакатда қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ электр энергиясини етказиб бериш битими молиялаштирилган ёки имзоланган. Ўзбекистон энергетика бозори энди дунё даражасидаги ишлаб чиқарувчиларни жалб этмоқда.

    Жаҳондаги йирик молиявий тузилмани бошқараётган Масато Канданинг мулоҳазалари шунчаки дипломатик лутф эмас. Бу, энг аввало, Ўзбекистон Президентининг энергетика тизимини қайта қуришга қаратилган саъй-ҳаракатларига берилган юксак баҳо. Қолаверса, тармоқдаги тарихий ислоҳотларнинг глобал даражада тан олиниши, юртимизнинг “яшил иқтисодиёт” сари қўйган қадамларининг амалдаги ҳаққоний натижасидир. Зеро, бугун Ўзбекистон минтақада “яшил” энергетика хабига айланмоқда.

    Тажриба алмашиш майдони

    Энергетика соҳасидаги энг илғор технология ва инновациялар намойиш этилаётган ҳафталик доирасидаги “Энергетика, энергия тежаш, атом энергетикаси, муқобил энергия манбалари — Power Uzbekistan-2025” 18-халқаро кўргазмаси ушбу стратегик аҳамиятга эга соҳани янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Унда тақдим этилаётган инновация ва энг сўнгги технологик ечимлар муқобил энергия манбаларини қўллашнинг афзалликларини яна бир карра кўрсатади. Бу борада ҳар бир давлатнинг ўз таклифи, янги технологиялари мавжуд. Улар кўргазмада ана шуларни тақдим этиш баробарида ишончли ҳамкорлар топиш ниятида.

    Масалан, турк компаниялари қаторасига тўртинчи йил миллий павильон форматида иштирок этмоқда. Хитой компанияларининг иштироки ҳам анъанага айланган. Стендларни томоша қилиш асносида кўплаб замонавий қурилмалар эътиборни тортади. Уларга қараб туриб, “яшил” энергетика технологиялари қанчалик шиддат билан ривожланаётганига амин бўлади киши.

    — Ҳозирги қуёш панеллари аввалгиларидан фарқ қилади ва йил сайин такомиллашяпти, — дейди Хитойнинг “Yuan Chan Solar” компанияси раҳбари Стиван Жиан. — Компаниямиз 2006 йилдан буён қуёш панели ва инвентарларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Заводда 4 та линия мавжуд бўлиб, 2024 йилдан бошлаб янги турдаги қуёш панеллари ишлаб чиқариляпти. Улар эскиларидан ички қуввати юқорилиги билан фарқ қилади. Кўплаб давлатларнинг муқобил энергия манбаларига ўтиши ортидан ушбу маҳсулотга талаб тобора ошиб бораётир. Бундай ускуналар Ўзбекистон учун ҳали янги бўлишига қарамай, давлат миқёсида уни кенг оммалаштириш, турар жой ва саноат корхоналарида қуёш панелларидан фойдаланишни кенгайтириш жадаллашган. Шу боис, 2023 йилда Тошкент шаҳрида “EvaEnergy” номи билан корхона ташкил қилдик. Бу ерда Хитойдаги заводимиздан олиб келинган қуёш панеллари сотиляпти. Катта-катта лойиҳалар учун қурилма келтириб, ўрнатиб берамиз. Заводимизда сув иситиш ускуналари ҳам ишлаб чиқарилади. Улар тўлиқ қуёш панели ёрдамида ишлайди ва сувни ёзда 100, қишда 50-60 даражагача иситиб беради.

    Энергетика маҳсулотлари саноатида маҳаллий ишлаб чиқариш ҳиссаси ҳам анча ошган. Ҳатто электротехника саноати юртимиз иқтисодиётининг драйверларидан бирига айланди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари хорижники билан тенг рақобатлашяпти. Миллий брендларимизга жаҳон бозорида харидор кўп. Муқобил энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳам бошланган.

    Энергетика ҳафталигида маҳаллий компаниялар иштироки яққол кўзга ташланди. Масалан, Тошкент шаҳридаги 18 йилдан ортиқ тажрибага эга “Nura Group” компанияси подстанция қуриш ва трансформаторлар ишлаб чиқаришда етакчилардан. У Хитой, Туркия, Украина, Россия билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Европа давлатлари билан савдо келишувларига эришиляпти. Кўргазма давомида хорижликлар компания маҳсулотларига қизиқиш билдирди. Бошқа компаниялар ҳам ҳафталик доирасидаги бизнес учрашувларда манфаатли келишувларга эришмоқда. Ҳамкорлик алоқалари икки томонлама ҳужжатларни имзолашда акс этяпти.

    Халқаро кўргазмадан кўзланган мақсад фақат савдо алоқаларини ўрнатишдан иборат эмас. Бугун замонавий энергетика соҳаси қанчалик ривожланмасин, соҳада кўзга ташланаётган муаммолар ҳам бор. Ҳафталикдан жой олган Ўзбекистон халқаро энергетика форумида айни шу масалалар ўртага ташланмоқда. Форумнинг уч кунлик кун тартибидан вазирлар ва экспертлар мулоқоти, ялпи мажлис, халқаро экспертлар иштирокидаги панел ва техник сессияларда таклиф этилаётган илғор ечимлар амалиётга кўчиши шубҳасиз.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates