Ўзбекистон илм-фани ривожида хотин-қизларнинг улуши қай даражада?

    Сўнгги беш йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси олималарининг 29 нафари турли даражадаги давлат мукофотлари билан тақдирланган.

    Бугунги ўзгариш ва янгиликларга бой кечаётган давр барчамизнинг олдимизга янги-янги талабларни қўймоқда. Энг муҳими илм йўлини танлаган хотин-қизларимиз учун ўз имкониятларини намоён қилиш учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Уларни қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг тараққиёт дастурларига киритилган.

    Айтиш лозим, ҳар бир жамиятнинг интеллектуал манзараси ҳақида фикр юритилганда, илм-фанга муносабат, илмий ғоялар ва тадқиқотлар, эришилган илмий натижалар кўлами муҳим кўрсаткич бўлиб хизмат қилади. Зотан, мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалиши илм-фан ривожига боғлиқ. Бу, ўз навбатида, илм-фан соҳасида изланишлар олиб бораётган хотин-қизлар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди. Олима аёллар томонидан бажарилаётган илмий тадқиқотлар, саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий-маърифий ва маданий соҳаларнинг ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

    БМТ Бош Ассамблeяси томонидан 2015 йил 22 декабрда қабул қилинган “Тараққиёт мақсадларидаги фан, тeхника ва инновациялар” тўғрисида рeзолюцияда 11 фeвраль – Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро куни, деб эълон қилинган. Ушбу қарор аёллар ва қизларнинг илм-фан билан тўлақонли фойдаланишига тенг шароитлар яратилиши, шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш мақсадига хизмат қилмоқда. Бунда белгиланган бош ғоялар – аёллар янги инновацион ғояларни ҳаётга кенг татбиқ этиши, юксак марралар сари интилишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган. 2016 йилдан эътиборан бу кун жаҳонда кенг нишонланиб келинмоқда.

    Бугунги кун хотин-қизларнинг илмий тадқиқотлар олиб боришдаги иштироки дунё давлатларида турли рақамлар билан қайд этилмоқда. Масалан, ЮНЕСКО Статистика институти маълумотларининг 2020 йил ҳолатига кўра, дунёда фан билан шуғулланаётган олималар улуши 30 фоизни (хусусан, Боливияда бу кўрсаткич 63 фоиз, Францияда 26 фоиз, Эфиопияда 8 фоизни) ташкил этади. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 39 фоизга яқинлашгани қувонарли ҳолат, албатта.

    Бунда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида хизмат кўрсатаётган олималарнинг ҳиссаси алоҳида эканини таъкидлаш зарур. Фанлар академиясининг асосий вазифаси фан ва техника соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлаш, давлат ва жамият тараққиётини таъминловчи истиқболли йўналишлар бўйича фундаментал илмий текшириш ва илғор технологияларни ривожлантириш стратегиясини белгилаш, табиий, техникавий, тиббий, ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасида жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, илмий-техникавий ва маънавий-маърифий ривожига кўмаклашувчи фундаментал тадқиқотлар олиб боришдан иборат.

    1943 йил 4 ноябрда ташкил этилган Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил топган даврдан бери унинг илмий текшириш муассасалари ходимлари сони, илмий текшириш ишлари кўлами ва салмоғи жиҳатидан катта тарихий ривожланиш йўлини босиб ўтди.

    Академия ташкил топган 1943 йили унинг таркибида 11 ҳақиқий аъзоси, 18 мухбир аъзоси ҳамда 3 фахрий аъзоси бўлиб, 10 илмий текшириш институтини бирлаштирган, 210 илмий ходим, жумладан, 28 фан доктори ва 80 нафарга яқин фан номзоди ишлаган. Айтиш лозим, ходимлар орасида аёллар жуда озчиликни ташкил этган эди. Ўтган тарихий давр мобайнида Фанлар академияси таркибидаги илмий тадқиқот муассасаларида илм-фан билан шуғулланувчи хотин-қизлар сони ортиб борди.

    Фанлар академияси тизимида илм билан шуғулланаётган хотин-қизлар фаоллиги ошиб бораётганини кўрсатмоқда. 2023 йил ҳолати бўйича Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимида жами ходимлар сони 5337 нафар, шундан 2081 нафар аёл (38,9 фоиз), илмий ходимлар сони 2833 нафар, шундан 927 нафари аёллар (32,7 фоиз), жами фан докторлари 490 нафар, шундан 109 нафари аёллар (22,2 фоиз), фан номзодлари ва PhD 831 нафар, шундан 265 нафари аёллар (31,8 фоиз) ташкил этди.

    Шу билан бирга Фанлар академияси таянч докторантураси ҳамда докторантурада таҳсил олаётганлар орасида хотин-қизлар сони ортаётгани эътиборга лойиқ. Ҳозирда таянч докторантурада таҳсил олаётганларнинг умумий сони 686 нафар, шундан 250 нафарини аёллар (36,4 фоиз), докторантурада (DSc) 88 нафар, шундан 25 нафарини аёллар (28,4 фоиз) ташкил этади. Қувонарлиси шундаки, аниқ ва табиий фанлар йўналишида изланувчи қизларнинг улуши ошиб бормоқда.

    Фанлар академияси бошқарув аппаратида 39 фоиз аёллар хизмат кўрсатади. Тизимдаги мавжуд 35 илмий ташкилотнинг 4 тасида аёл директорлар (2 академик, 1 фан доктори, профессор, 1 фан номзоди) ўз соҳалари ривожида сидқидилдан хизмат қилмоқда.

    2023 йил январь ҳолатига кўра, Фанлар академияси академиклари сони 65 нафар, шундан 5 аёл академик мамлакатимиз илм-фани ривожига самарали ҳисса қўшиб келмоқда. Қайд этиш керак, 2017 йил бўлиб ўтган Фанлар академияси академик сайловларида сайланган 32 академикнинг 3 нафари аёл бўлди.

    Тарихга назар солинса, 1943 йилдан 2017 йилга қадар сайланган 310 нафар Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси – академикларнинг фақат 20 нафарини хотин-қизлар ташкил этган. Уларнинг 9 нафари табиий, 8 нафари ижтимоий-гуманитар, 3 нафари аниқ фанлар йўналишидадир. Аммо, академик аёллар сони юқорида қайд этилган умумий кўрсаткичга нисбатан 6,45 фоизни ташкил этади.

    Академик аёлларимизнинг ҳаёт йўли илм-фан билан шуғулланаётган хотин-қизлар учун ҳақиқий ибрат мактабидир. Бу эса, ўз навбатида, Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига бўладиган сайловларда илм-фанда ўз илмий мактабини яратган, юқори натижаларга эришаётган хотин-қизлар иштирокини кўпайтиришни тақозо этаётганини кўрсатмоқда.

    ХХ аср бошларида миллатимиз маърифатпарвари Абдулла Авлоний: “Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим, зеро, бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбиялайдилар”, деб ёзган эди. Дарҳақиқат, бу масалани ҳал этмасдан тараққиётни тасаввур этиш қийин. Бугунги кунда ўзбек олималари аёллик мақомини тадқиқотчилик, етакчилик, устозлик фаолияти билан уйғунлаштира олган замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонларидир.

    Нодира Мустафоева,

    ЎзРФА Ижтимоий-гуманитар фанлар бўлими раҳбари

    тарих фанлари доктори, профессор

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates