Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, марказ ижтимоий масалаларни ҳал этиш ҳамда Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий хизматлар тизимларини ривожлантириш бўйича инновацион саъй-ҳаракатлар маркази бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий агентлиги, Колумбия университети, UNICEF ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик натижаси бўлган ушбу марказ аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишнинг долзарб масалалари бўйича илғор инновацияларни таъминлашга хизмат қилади.
«Ушбу марказнинг ташкил этилиши ижтимоий хизматларни ривожлантириш ва аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлашнинг янги босқичини англатади. Марказ нафақат билим ва инновациялар манбаи, балки ижтимоий иш ходимлари энг яхши амалиётлар ва тажриба алмашишлари мумкин бўлган жой бўлиб хизмат қилади», деди Шаҳноза Мирзиёева, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари
Марказ фаолияти Ўзбекистонда ижтимоий таъминот тизимини такомиллаштиришга қаратилган. Унинг фаолияти ходимларнинг касбий ривожланишига, самарали дастурлар ва методикаларни яратишга, мазмунли тадқиқотлар ўтказишга ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
«Оилалар ва жамоалар билан алоқада бўлган ўқитилган ижтимоий хизмат ходимлари болаларни ҳимоя қилиш учун жуда муҳимдир. Болаларни ҳимоя қилиш соҳасидаги фидойи ва малакали кадрлар саъй – ҳаракатлар ва ресурсларни мувофиқлаштириш ҳамда адолат ва ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш ва таълим, хавфсизлик ва табий офатлар хавфини камайтириш каби барча соҳалардаги болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимини таъминлаш учун зарурдир,»- деди UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Кастижио. «Буларнинг барчаси, ўз навбатида, аҳолининг барча қатламлари учун ижтимоий адолат ва ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилади,» – дея таъкидлади у.
Ижтимоий хизмат ходимлари камбағалликни камайтириш, хавфларни аниқлаш ва бошқариш, шунингдек, болалар ва оилалар фаровонлигини ошириш учун ижтимоий хизматлардан фойдаланиш ва таъминлашни осонлаштириш орқали ҳамжамиятлардаги болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлашда Марказий роль ўйнайди. Буни таъминлаш учун Марказ ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий хизматлар соҳасида таълим, тадқиқот ва амалиётни ривожлантиришга қаратилган мустаҳкам таълим инфратузилмасини таклиф этади. Марказ Колумбия университети ижтимоий иш мактабининг (CSSW) академик раҳбарлиги ва менторлик ёрдамига таянади, Колумбия университетининг ижтимоий иш бўйича етакчи ролидан фойдаланиб, заиф аҳоли ва маҳаллий ҳамжамиятлар фаровонлигини яхшилайдиган инновацион, далилларга асосланган саъй-ҳаракатларни ҳамда ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлайди.
Марказ билим алмашиш ва илғор тажрибаларни ривожлантиришга, халқаро алоқалар ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Ҳамкор ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик ижтимоий ҳимоя соҳасида самарали, далилларга асосланган стратегия ва дастурларни ишлаб чиқишга ёрдам беради.