«Ўзбекистон: мамлакатдаги гендер ҳолатни баҳолаш» ҳисоботининг тақдимоти ўтказилди

    2024 йил 27 март куни Олий Мажлис Сенати, Жаҳон Банки, «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда Буюк Британиянинг Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва Тараққиёт вазирлиги ҳамкорлигида «Ўзбекистон: мамлакатдаги гендер ҳолатни баҳолаш» ҳисоботининг тақдимоти ўтказилди.

    Тадбир «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков модераторлигида олиб борилди. Унда Ўзбекистон парламенти ва ҳукумати аъзолари, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор вакиллари қатнашди. Хусусан, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева, Жаҳон Банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси етакчи иқтисодчиси Девид Найт ва Буюк Британия Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва Тараққиёт вазирлигининг Марказий Осиё бўйича ҳудудий ривожлантириш директори Сара Купер иштирок этди.

    Тадбир қатнашчилари мамлакатда аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш йўлидаги мавжуд муаммолар ва имкониятларни муҳокама қилишди. Шунингдек, мамлакат ҳаётининг турли соҳаларида гендер тенглигига эришиш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий ва институционал чора-тадбирлар тилга олинди.

    Хусусан, Ўзбекистонда сўнгги бир неча йил ичида аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида эришилган натижалар қайд этилди. Жумладан, бир хил иш учун аёллар ва эркакларга тенг ҳақ тўлашни кафолатловчи норма 2022 йил октябрь ойида қабул қилинган янги Меҳнат кодексида белгиланди ҳамда айрим соҳаларда аёллар меҳнатидан фойдаланишга қўйилган чекловлар бекор қилинди.

    Бундан ташқари, аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш борасида ҳам маълум ишлар амалга оширилди. Хусусан, ушбу турдаги жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

    Мамлакатнинг юқорида таъкидланган соҳалардаги муваффақиятлари Жаҳон банкининг «Аёллар, бизнес ва қонун» йиллик ҳисоботида қайд этилган. Ҳисоботда 190 мамлакатдаги гендер тенглиги билан боғлиқ вазият баҳоланади. Ўзбекистон 18 та давлат қаторида юқорида қайд этилган аёллар ҳуқуқларини кенгайтирувчи ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириб, 2022 йил октябрь ойидан буён гендер тенглиги бўйича қонунчиликни такомиллаштиришда энг юқори натижаларга эришган бешта давлатдан бирига айланди.

    Тадбир давомида Жаҳон банки экспертлари тайёрлаган «Ўзбекистон: мамлакатдаги гендер ҳолатни баҳолаш» ҳисоботининг асосий хулоса ва тавсиялари тақдим этилди.

    Таъкидланганидек, ҳисоботда гендер тенглигининг асосий йўналишлари, жумладан, аёлларнинг иқтисодий фаолияти, таълим тизими ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш имкониятларига эътибор қаратилган. Шунингдек, унда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, никоҳ ва ажрашиш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштироки билан боғлиқ вазиятлар ўрганилган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда аёлларнинг ҳуқуқлари ва уларнинг жамиятдаги ўрни ҳақидаги тасаввурга таъсир кўрсатадиган хатти-ҳаракатларига оид ижтимоий меъёрлар ва кутилмалар таҳлил қилинган.

    Тадқиқотда агар аёллар мамлакат иқтисодий ҳаётида эркаклар билан тенг иштирок эта олса, Ўзбекистон ялпи миллий даромади тахминан 29 фоизга ошиши ҳамда ушбу фойдаланилмаган иқтисодий салоҳият 700 мингдан ортиқ одамни камбағалликдан олиб чиқиши мумкинлиги қайд этилган.

    Жаҳон банки экспертлари мамлакатда гендер тенглигига эришиш учун муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлашди. Шу билан бирга мазкур йўналишдаги мавжуд муаммоларга ечим топиш давлат ва жамият иштирокида комплекс ва мувофиқлаштирилган ёндашувни, жумладан, қонунчиликни янада такомиллаштириш, тегишли давлат ва жамоат институтларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг хабардорлигини ошириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этишини айтиб ўтди.

    Тадбир сўнгида иштирокчилар Ўзбекистонда аёллар ўртасидаги ишсизлик даражасини қисқартириш, уларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш ва таълим олиш имкониятларини кенгайтириш борасидаги вазифаларни ҳам муҳокама қилишди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates