баннер
17 мар 2025
11:21

    Янги Ўзбекистонда гендер тенглиги: орзулар ҳақиқатга айланди

    Хўш, авваллари қандай эди, деган ҳақли савол туғилади. Албатта, яхши қонунларимиз, яхши ниятларимиз бор эди. Аммо уларни ҳаётга татбиқ этиш учун хоҳиш ҳам, рағбат ҳам йўқ эди раҳбарларда.

    Куни кеча давлатимиз раҳбарининг «8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Ўзининг кўп йиллик самарали меҳнати, юқори касбий малакаси ва маҳорати билан янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида алоҳида ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ опа-сингилларимиз мамлакатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлди.

    Тўғриси, ушбу рўйхатда илм-фан, таълим, тиббиёт, техника, иқтисодиёт, хавфсизлик каби турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилаётган хотин-қизлар билан бир қаторда кўча ва хиёбонларимизни, маҳаллаларимизни озода сақлаётган заҳматкаш, оддий аёллар ҳам борлигини кўриб, чин дилдан қувондим. Қувонмай бўладими? Ахир мамлакатимизда хотин-қизлар жамият­даги мавқеи, ёши, миллати, динидан қатъи назар, давлатимиз эътибори ва ардоғида.

    Кўпчилик учун янгилик бўлмаса ҳам, ­айтай. Биз кўп йиллар 8 мартни асосан, латофат ва гўзаллик байрами сифатида нишонлаб келдик. Бугунги кунда ушбу сана аёлларнинг жамиятдаги ўрнини эътироф этиш, самарали меҳнатларини улуғлаш ҳамда гендер тенглигини таъминлаш айёми сифатида ҳам қадр топмоқда. Бинобарин, янги Ўзбекистонда ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркин­ликларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий муҳофазаси ва гендер тенглигини таъминлаш масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиляпти.

    Дарҳақиқат, бугун юртимизда аёлларни қўллаб-қувватлаш масаласи бундан 10 йиллар олдин бўлгани каби, фақат маърузаю ҳужжатларда қолиб кетаётгани йўқ. ­Аксинча, халқимиз ҳаётини тубдан ўзгартираётган, эртанги кунига умид уйғотаётган халқчил ислоҳотларнинг фараҳбахш эпкинини жуда кўплаб опа-сингилларимиз ўз тақдири мисолида ҳис қилиб, сезиб турибди.

    Хўш, авваллари қандай эди, деган ҳақли савол туғилади. Албатта, яхши қонунларимиз, яхши ниятларимиз бор эди. Аммо уларни ҳаётга татбиқ этиш учун хоҳиш ҳам, рағбат ҳам йўқ эди раҳбарларда. Аёлнинг жамиятдаги роли ва аҳамиятини ошириш учун кўп ишлар қилинди, лекин ҳаммаси ҳам кутилган натижани бермади. Масалан, тадбиркорлик қилмоқчи бўлган аёллар учун имкониятлар қоғозда бору, улардан фойдаланиш осон эмас эди. Имтиёзлар, қўллаб-қувватлаш тизимларини ишга тушириш борасидаги аниқ режа ва ҳаракатлар етишмади. Натижада кўплаб аёлларимиз жамият ҳаётидан узилиб қолди, ўз ўринларини топа олмади.

    Бу муаммолар тарбия ва таълим тизимида ҳам кўзга ташланди. Қиз боладан кўра, ўғил боланинг келажаги ҳақида кўпроқ қайғурилди: уни ўқитиш керак, унга шароит яратиш керак, чунки у — оиланинг боқувчиси. Қиз болага эса «Ўқиб нима қилади, бировнинг хасми бўлса», деган қараш кучайди. Аммо қизларимиз билимли, маълумотли бўлса, бу нафақат уларнинг, балки келгуси авлодларнинг тақдирига ҳам ижобий таъсир қилишини унутдик.

    Давлатимиз раҳбари бу оғриқли муаммоларни Президент этиб сайланган илк кунлариданоқ босқичма-босқич ҳал этишга киришди. Мана, орадан тўққиз йил ўтиб, янги Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бера бошлади.

    Хотин-қизлар таълим, давлат бошқаруви, тадбиркорлик ва жамиятнинг барча соҳаларида ўз ўрнини мустаҳкамлаб, нафақат шахсий келажагини, балки юрт тақдирини ҳам белгилашга қодир кучга айланмоқда.

    Бу ўзгаришлар мамлакатимизнинг хал­қаро рейтинглардаги ўрнида ҳам ўз аксини топмоқда. Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон Гендер тенглик ва бошқарув индекси (ГEГИ) бўйича натижаларини 51 поғонага яхшилаб, 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди ва Марказий Осиёда етакчи давлатга айланди.

    Бу ютуқлар хотин-қизларнинг IT ва STEM-лойиҳалардаги иштироки, рақамли кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган таълим дастурлари ҳамда гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган чора-тадбирлар натижасидир. Шунингдек, аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида махсус илова ва ишонч телефонлари ҳам ишга туширилди.

    Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, GEGI рейтинги 158 давлатни қамраб олиб, гендер тенглиги соҳасидаги ютуқлар ва камчилик­ларни аниқ баҳолаш имконини беради. 2024 йилда Ўзбекистон 72,8 балл тўплаб, қўшни давлатлар орасида энг юқори натижага эришди.

    Ушбу рейтингда яқин қўшниларимиз — Қозоғистон — 76-, Қирғизистон — 99-, ­Тожикистон — 103-ўринни эгаллади.

    Қолаверса, ўтган йилнинг март ойида ­Ўзбекистон Жаҳон банкининг «Аёллар, бизнес ва қонун» рейтингида 100 баллдан 82,5 балл тўплаб, гендер тенглигини таъминлаш борасида энг катта ютуқларга эришган бешта давлат қаторига кирди.

    Бу натижалар мамлакатимизда хотин-­қизлар ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланаётгани, жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун яратилаётган имкониятларнинг юксак эътирофи, десак асло адашмаган бўламиз.

    Қолаверса, дунёда кечаётган оғир геосиёсий ўзгаришлар, иқтисодий ва маънавий инқирозлар фонида гендер тенглигини таъминлаш ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлаш каби ижтимоий масалалар давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланиши катта жасорат ва масъулият талаб этади.

    Яқин ўтмишимизда аёлларнинг сиёсий жараёнлардаги иштироки ҳисобот учунгина таъминланган даврларни ҳам кўрдик. Бироқ бугунги Ўзбекистонда аёллар нафақат парламентда, балки давлат бошқаруви, маҳаллий ҳокимият, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, иқтисодий сиёсат юритиш жараёнларида ҳам фаол иштирок этмоқда.

    Ҳозирда Олий Мажлис юқори палатасида сенаторларимизнинг 26,4 фоизи хотин-қизлардир. Қонунчилик палатасига янгидан сайланган депутатларнинг эса 38 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Бу аёллар энди қонунларни ижро этувчигина эмас, балки уларни шакллантиришда ҳам фаол иштирок этаётган етакчи кучга айланаётганидан дарак беради.

    Давлат бошқарувида аёллар иштироки ортиб, вазирликлар, банклар, илмий ва таълим муассасалари, йирик саноат корхоналари улар раҳбарлиги остида ишламоқда. Юксак давлат лавозимларидаги хотин-қизлар нафақат шахсий муваффақияти, балки минг­лаб аёллар ҳаётини яхшилашга қаратилган ташаббуслари билан жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшяпти.

    Бироқ олдимизда ҳал этилиши керак бўлган масалалар ҳам анчагина. Хусусан, билимсизлик ва ўз ҳуқуқларини етарли даражада талаб қила олмаслик опа-сингилларимизни қийнаб келаётган кўплаб муаммоларга сабаб бўлаётир. Афсуски, жамиятимизда оилавий ажримлар, келишмовчиликлар туфайли уй-жойсиз қолган, ҳатто болалари таъминоти учун моддий даъво қўя олмаётган аёлларни ҳам учратиш мумкин. Хотин-қизларимиз жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топиши, энг аввало, ота-оналар муносабати ва олий таълим имкониятларидан кенг фойдаланиш билан боғлиқ.

    Муҳтарам Президентимиз ўтган йили юртимиз хотин-қизларини 8 март байрами билан қутлар экан, «Қанчалик қийин бўлмасин, биз қўшимча имконият топиб, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, хотин-қизларимизнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун шароит яратмоқдамиз ва бу ишларимиз албатта давом этади. Чунки аёлларнинг, хусусан, қиз боланинг ўқиб, олий маълумотли бўлиши, касб-ҳунар эгаллаши оила бахти, фарзандлар камоли учун, шу асосда бутун жамият равнақи учун хизмат қилади», деган эди.

    Ҳақиқатан, таълим — аёл учун ҳаёт йўли, эркинлик калити, тараққиёт пойдевори. Бир пайтлар мактабни битирган қизларимиз кўпинча ўқишини давом эттира олмаган бўлса, жорий ўқув йилида республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хотин-қизлар улуши 52,2 фоизни ташкил қилмоқда. Ваҳоланки, бир неча йил аввал бу кўрсаткич атиги 20-30 фоиз атрофида эди.

    Шу ўринда бир ҳақиқатни унутмаслик керакки, халқимиз азал-азалдан аёлни она, тарбиячи, миллат таянчи сифатида улуғлаб келган. Шу боис, маърифатпарвар боболаримиз «Онани ўқитсак, миллатни ўқитган бўламиз», дея хотин-қизларни билимли қилишга интилган. Тарих гувоҳ: ҳар қандай қалтис даврларда ҳам миллатпарвар зиёлиларимиз аёллар таълимига алоҳида эътибор қаратган. Бунга ўзбек қизларининг бир гуруҳи ХХ аср бошларида ватанпарвар зиёлилар ҳомийлигида Германияга ўқишга юборилгани ёрқин мисол бўла олади. Шу билан бирга, Тўмарис, Сарой Мулк хоним (Бибихоним), Гавҳаршодбегим, Гулбаданбегим, Мумтоз ­Маҳалбегим, Нодира, Увайсий, Анбар отин каби юзлаб маърифатпарвар аждодларимиз ҳаёти бугун ҳам биз учун ибрат бўлиб келмоқда.

    Бугун юртимизнинг ҳатто қишлоқ ҳудудларида ҳам қизлар учун олий таълим олиш имконияти яратилди. 7 йил муддатга 14 фоиз­ли таълим кредитлари жорий этилгани, магистратурада ўқишга кирган аёлларнинг шартнома тўловлари давлат томонидан қоп­лаб берилаётгани, шунингдек, эҳтиёжманд оилалар қизлари учун махсус грантлар ажратилаётгани минглаб ёшларнинг эзгу орзу-­умидларини рўёбга чиқармоқда.

    Хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллиги олий таълим олиш каби долзарб ­масалалардан биридир. Шу боис, сўнгги ­йилларда 205 мингдан ортиқ аёл ўз бизнесини йўлга қўйди. Давлат томонидан хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида 3 йил муддатга 14 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилди, давлат грантлари, субсидиялар ва бизнес дас­турлари жорий этилди, ҳунармандчилик ва тадбиркорлик курслари ташкил этилди.

    Шунингдек, «Аёллар дафтари» тизими орқали минглаб хотин-қизлар тадбиркорликка йўналтирилди. Ишбилармон аёллар ўз ҳаётини яхшилабгина қолмай, жамият тараққиётига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

    Сўнгги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оила институти ва гендер тенглик масалаларини давлат сиёсати даражасига кўтаришга қаратилган салмоқли ислоҳотлар амалга оширилди. Шу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири — ­Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича Респуб­лика комиссиясининг ташкил этилиши бўлди.

    Ушбу комиссия хотин-қизлар масалалари билан шуғулланувчи парламент ва ҳукумат ҳузуридаги такрорланувчи кенгашларни бирлаштириб, ягона ёндашув асосида фаолият юритишга йўналтирди. Унинг таркибига парламент аъзолари, ҳукумат вакиллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда ҳудудий ҳокимликлар вакиллари киритилди.

    Комиссиянинг асосий вазифаларидан бири — маҳаллаларда хотин-қизлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мазкур йўналишда намунавий тизим яратиш. Бу борада бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб, аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини қўллаб-қувватловчи тизимли дастурлар ишлаб чиқилди.

    Давлат бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини ошириш мақсадида «Раҳбар аёллар мактаби» дастури жорий этилди. Шунинг­дек, БМТнинг «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» тўғрисидаги резолюциясини амалга ошириш бўйича 2022-2025 йилларга мўлжалланган «Йўл харитаси» тасдиқланди.

    Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар қабул қилиниб, ҳуқуқий база мустаҳкамланди. Бу борадаги муҳим қадамлардан бири — 2023 йилда қабул қилинган «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қонун бўлди.

    Ушбу ҳужжат жинсий зўравонлик ва оила­вий тазйиқларга қарши кескин чораларни назарда тутиб, қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқларни бартараф этди. Айниқса, вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсларга енгиллик бериш имконияти бутунлай бекор қилинди.

    Бу ташаббуслар хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, жамиятда адолат ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

    Жамоатчилик ва халқаро ташкилотлар бу ўзгаришларни ижобий баҳолади. ­Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш йўлидаги саъй-­ҳаракатлар, айниқса, халқаро миқёсда эътироф этилиб, Пекин деклара­цияси ва ­Хотин-қизлар ҳуқуқларини камситилишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция каби халқаро мажбуриятларга мувофиқ экани таъкидланди. Бу ўзгаришлар халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистонда гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ­борасидаги ­тизимли ислоҳотлар самараси сифатида баҳоланмоқда.

    Хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш нафақат ҳуқуқий, балки иқтисодий воситалар орқали ҳам таъминланмоқда. 2024-2025 йилларда 580 минг нафар аёлни иш билан таъминлаш режалаштирилган. Бу мақсадда 3 триллион 128 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун «Лойиҳалар фабрикаси» электрон платформаси ишга туширилди.

    «Аёллар дафтари» тизими орқали 548,8 минг хотин-қиз иш билан таъминланди. Шунингдек, «Ҳамроҳ» дастури доирасида тадбиркор аёлларга молиявий кўмак бериш механизми жорий этилди ва халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликда грантлар жалб қилинмоқда.

    Хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш мамлакат ижтимоий ривожланишининг ажралмас қисмига айланди. Бу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар, қабул қилинган қонунлар ва ишлаб чиқилган дастурлар аёлларнинг ҳаётдаги мавқеини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

    Ҳукумат томонидан белгиланган изчил сиёсат натижасида Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқ ва имкониятлари кенгайиб, ижтимоий барқарорлик янада мустаҳкамланяпти. Бу саъй-ҳаракатлар нафақат жамиятда тенг­ликни таъминлаш, балки келажак авлод учун кучли ва барқарор асос яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаб­буси билан ишлаб чиқилган «Аёллар дафтари» тизими ва гендер тенгликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар аёллар турмуш фаровонлигини оширишнинг муҳим омилларидан бирига айланди.

    Мазкур йўналишда 2024 йили амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, 2025 йилга мўлжалланган устувор йўналишлар белгилаб олинди. Эндиликда нафақат ижтимоий ҳимоя, балки аёлларнинг иқтисодий фаоллиги, таълим ва давлат бошқарувидаги иштироки ҳам эътибор марказида бўлади.

    Дарҳақиқат, 2020 йилдан буён амалга оширилаётган дунёда муқобили йўқ «Аёллар дафтари» тизими давлат ва жамият ҳамкорлигида эҳтиёжманд хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмига асос солди. 2020-2024 йиллар давомида 3,5 миллион хотин-қизга моддий, тиббий, ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

    Ўтган йили 549 минг хотин-қиз иш билан таъминланди; 36 минг аёл тадбиркорликни йўлга қўйиш учун 362 миллиард сўм кредит олди; 161 минг боқувчисини йўқотган аёлга моддий ёрдам кўрсатилди; 6 минг хотин-қизнинг уй-жой шароитлари яхшиланди; 211 минг аёл ва уларнинг 49 минг нафар фарзанди тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу тизим жамоатчилик ва халқаро ташкилотлар томонидан ижобий баҳоланди.

    2025 йилдан «Аёллар дафтари» янги босқичга кўтарилади. Эндиликда аёлларнинг эҳтиёжларини аниқлашда «маҳалла еттилиги» етакчи роль ўйнайди. Бу йил хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш мақсадида 580 минг хотин-қизни иш билан таъминлаш, 134,4 минг аёлни тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, 2,3 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратиш, «Лойиҳалар фабрикаси» платформаси орқали 250 та тадбиркорлик йўналишида онлайн ўқув дастурларини жорий этиш режалаштирилган.

    Шунингдек, касб-ҳунарга ўқитишда давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги мус­таҳкамланмоқда. 2025 йилда 139,3 минг ­хотин-қиз касб-ҳунарга, 96,6 минг нафари эса иш билан таъминлашга йўналтирилади.

    Хотин-қизларнинг раҳбарлик лавозимларига тайёргарлиги ва таълим олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида 2024 йилда «Раҳбар аёллар мактаби» дастури орқали 100 нафар хотин-қиз ўқитилди, 388 нафар талабанинг контракт тўловлари давлат томонидан қоплаб берилди, 150 хотин-қизнинг фарзанди учун грант ажратилди.

    Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижти­моий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётдаги иштироки янги босқичга чиқмоқда. Эҳтиёжманд хотин-қизлар бу йил ҳам «Аёллар дафтари» тизими орқали манзилли ёрдам олишда давом этади. Бироқ бу тизимнинг асосий мақсади — уларни касб-ҳунарга ўргатиб, молиявий мус­тақилликка эришишини таъминлашдан иборат бўлади. Давлатимиз раҳбари белгилаган мақсадлар доирасида 2025 йилда 1 миллиондан ортиқ хотин-қиз учун янги имкониятлар яратиш режалаштирилган.

    Хотин-қизларнинг давлат бошқаруви, тадбиркорлик ва таълим соҳаларидаги иштироки кучайган сари, Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш йўлидаги қадамлари ҳам янада мустаҳкамланиб боради. Бу нафақат аёллар, балки бутун жамият тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга. Демак, бу йилги 8 март байрамига азиз хотин-қизларимиз учун нафақат гуллар, балки янги имконият ва келажакка умид ҳам тақдим этиляпти.

    Бу йўналишда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг ёруғ келажагини яратишга хизмат қилади.

    Танзила НОРБОЕВА,

    Олий Мажлис Сенати Раиси,

    Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш,

    гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика

    комиссияси раиси

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech