Бу ҳақда шу йил 20 апрель куни Саудия Арабистони пойтахтида Ислом олами уюшмаси таркибидаги Исломий фиқҳ академиясининг 23-давра йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда иштирок этаётган дунёнинг етакчи уламолари Муфтий ҳазратларини ушбу мартаба билан қутлаб, Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни юқори баҳоладилар.
Шу ўринда айтиш ўринлики, охирги йилларда Диний идоранинг мусулмон дунёси билан алоқалари ривожланиб, турли йўналишларда муносабатлар йўлга қўйилди.
Айниқса, халқаро ташкилотлар билан амалий ҳамкорлик ўрнатилди, турли давлатлар диний идоралари билан меморандумлар имзоланди, хориждаги илмий конференциялар, Қуръон мусобақалари ва кўргазмаларда вакилларимиз фаол иштирок этмоқда.
Таъкидлаш керакки, шу пайтга қадар ҳам Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Халқаро мусулмон уламолари кенгаши ва Мусулмон донишмандлар кенгаши аъзоси сифатида нуфузли тадбирлардаги ташаббуслари мусулмон дунёси томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Шунингдек, долзарб мавзудаги чиқишлари Миср Араб Республикаси, Қатар, Россия ва МДҲдаги бир қатор давлатларнинг минглаб кузатувчиларга эга бўлган сайт ва ижтимоий тармоқлар, газета-журналларда араб, инглиз ва рус тилларида нашр этилди.
Ўзбекистон вакилининг мазкур кенгашга қабул қилингани юртимизда давлатимиз Раҳбари раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг юксак эътирофи бўлди.