Муфтий бугунги кунда фатво беришнинг масъулияти, унинг мўмин-мусулмонлар ҳаётида тутган ўрни ва бу борадаги айрим муаммоли масалалар ҳақида маъруза қилди.
Шунингдек, у ўз нутқида ҳозирги даврда жамоавий ижтиҳодга катта аҳамият бериш, фатво бериш масъулиятини янада ошириш ҳамда етарли илм ва далилларга эга бўлмай туриб фатво беришдан сақланиш каби масалалариа алоҳида урғу берди.
Илмсиз фатво беришнинг олдини олиш, адашган тоифаларга қарши курашишда ҳамкорликни йўлга қўйиш ва Бутунжаҳон фатво ҳайъати ҳузурида замонавий фатволарни ўрганиб, хулоса берадиган кенгаш тузиш каби муҳим таклифларни илгари сурди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида Фатво маркази фаолият олиб бораётгани ҳамда мазкур йўналишда фаол ва амалий ҳамкорлик қилиш муҳим эканини Муфтий ҳазратлари маълум қилди.
Нутқда баён қилинган муҳим масалалар ва амалий таклифлар Миср Араб Республикаси муфтийси, профессор Шавқий Иброҳим Аллом, уламолар, давлат ва дин арбоблари томонидан юқори баҳоланди.