Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Рабиъул аввал ойи муносабати билан Набий алайҳиссалом сийратларига бағишланган маърифий тадбир ва Муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг “Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ!” номли янги китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда Набий алайҳиcсаломнинг туғилганларидан то Рафиқул аълога кўтарилган кунларига қадар Ислом тарихида чуқур из қолдирган воқеалар келтирилган.
Албатта, у зотнинг ҳаётлари ва инсониятга берган манфаатлари жилд-жилд китобларга сиғмаслиги тайин. Шундай бўлса-да, мазкур нашрда Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётидаги энг муҳим лавҳалар қамраб олинган.
Уни ўқувчи равон тилига ва воқеалар кетма-кетлигига берилиб, бир нафасда мутолаа қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга юргандек бўлади.
Айниқса, китоб бошида у зотнинг дунёга келишлари ва болалик чоғларидаги воқеалар қалбингизни ёриштириб, Расулуллоҳ алайҳиссалом билан боғлиқ илоҳий мўъжизалар билан таништиради.
Тақдимот маросимида файзли уламолар, зийнат қорилар ва хушовоз нашидхонларнинг гўзал чиқишлари ижтимоий тармоқлар орқали намойиш этилди.
Нодир Маҳмудов