Шу нуқтаи назардан "Атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш имконияти, иштироки ва одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги Конвенцияга (Орхус, 1998 йил 25 июнь) қўшилиш тоғрисида"ги Қонун қабул қилинди. 1045-сонли ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 11 мартда имзоланди.
Маълумот учун, мазкур Қонун Қонунчилик палатаси томонидан жорий йил 11 декабрда қабул қилинган ва Сенат томонидан 22 февралда маъқулланган.
Конвенциянинг мақсади экология, атроф-муҳит ва фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қарорларни қабул қилишда жамоатчилик иштироки билан боғлиқ ҳамкорликни тартибга солиш, шунингдек, одил судловдан фойдаланишни таъминлашдан иборат. У давлат органлари ва ташкилотлари томонидан атроф-муҳитнинг ҳаво, атмосфера, сув ва тупроқ каби унсурлари тўғрисида зарур ахборотни кенг жамоатчилик талабига биноан тақдим этишни, соҳани ривожлантиришга қаратилган дастур ва режаларни ишлаб чиқишда жамоатчилик иштирокини таъминлашни белгилайди.
Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конвенцияга қўшилиши экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муносиб ҳимоя қилишни таъминлаш, экологик хавфсизликка эришиш бўйича хорижий ҳамкор давлатлар билан биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади.