Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё – Хитой” саммитидаги нутқи

    Ҳукумат 19 май 2023 4838

    Биз янги иқтисодий мулоқотни шакллантириш ва мамлакатларимиз ўзаро боғлиқлигини кучайтириш тарафдоримиз.

    Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

    Сизлар билан яна кўришиб турганимдан ғоят хурсандман.

    Ҳамкасбларимнинг фикрларига қўшилган ҳолда, жаноб Раис Си Цзиньпинга “Марказий Осиё – Хитой” форматидаги биринчи юзма-юз учрашувни ўтказиш ташаббуси ҳамда анъанавий илиқ ва самимий қабул учун чуқур миннатдорлик изҳор этаман.

    Сизни муҳим сиёсий тадбирлар муваффақиятли ўтказилгани ва Хитой Халқ Республикаси Раиси лавозимига қайта сайланганингиз муносабати билан чин дилдан табриклайман.

    Хитой Раисига дунёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири, буюк империя пойтахти бўлган гўзал Сианда бугунги учрашувимизни ташкил этгани учун алоҳида ташаккур билдираман.

    Йирик илмий, маданий ва иқтисодий марказ бўлган бу шаҳар кўп асрлар давомида бутун Евроосиё қитъасида цивилизацион ривожланиш, ўзаро боғлиқлик ва тараққиётга муносиб ҳисса қўшган Буюк ипак йўлига тамал тоши қўйилган қутлуғ маскандир.

    “Бир макон ва бир йўл” ташаббусига ўн йил тўладиган мазкур йилда айнан мана шу жойда – Шарқда шуҳрат қозонган Чанъанда биз ушбу эзгу анъаналарни тиклаб, мамлакатларимизнинг янги даврдаги умумий равнақи учун мустаҳкам пойдевор қўяётганимиздан мамнунман.

    Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

    Бугунги мураккаб халқаро вазиятда бизнинг саммитимиз алоҳида аҳамият касб этмоқда.

    Мамлакатларимиз пандемия билан боғлиқ синовларни енгиб ўтиб, глобал миқёсдаги ишонч тақчиллигининг салбий оқибатларига тўқнаш келди. Айниқса, Марказий Осиё учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган барқарор транспорт-логистика занжирларидаги жиддий узилишлар, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигига таҳдидлар, инфляция импорти ўсиб бораётган шароитдаги ижтимоий кескинлик билан боғлиқ хавф-хатарлар ва бошқа муаммолар биздан амалий ҳамкорлигимизни кучайтириш ва фаолиятимизни янада кўпроқ мувофиқлаштиришни талаб этмоқда.

    Ҳамкасбларимнинг мазмунли нутқлари ва уларнинг ҳамкорликка қатъий тайёрлиги минтақадаги туб ўзгаришлардан далолат беради.

    Бугун Марказий Осиё бутунлай янги – жипслашган ва кучли, мулоқот ва кенг кўламдаги шериклик учун очиқ минтақадир.

    Ўтган йили биз минтақа мамлакатлари ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатларнинг ўттиз йиллигини биргаликда нишонладик. Ишонч, ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олишга асосланган мукаммал ҳамкорликка эришдик. Ўзаро маҳсулот айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми юзлаб каррага ошди, бизнес кооперацияси ва гуманитар алмашувлар соҳасида катта тажриба орттирдик.

    Шунга алоҳида урғу бериб айтмоқчиман: бизнинг мамлакатларимиз – Хитойнинг “Ян-гуань довони ортида”ги вақт синовларидан ўтган чинакам дўстларидир.

    Ҳурматли саммит иштирокчилари!

    Биз бугунги йиғилиш кун тартибидаги масалаларни ва Сиань декларациясининг асосий бандларини қўллаб-қувватлаймиз. Бугун илгари сурилаётган ташаббус ва таклифлар албатта амалга оширилади, деб ишонаман.

    Шу маънода, минтақавий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича самарали шериклик механизмларини шакллантириш муҳимлиги ҳақидаги фикрларга тўлиқ қўшиламан. Бу ўринда сўз, биринчи навбатда, савдо, инвестициялар, транспорт, гуманитар алоқалар ҳақида бормоқда.

    Шу билан бирга, келгуси ўн йилликларга мўлжалланган кўп қиррали ҳамкорликнинг узоқ муддатли кун тартибини, истиқбол учун режа ва вазифаларни ишлаб чиқиш принципиал жиҳатдан муҳим, деб ҳисоблайман.

    Менимча, мамлакатларимизда етакчи “ақл марказлари”нинг биргаликдаги фаолиятини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Таҳлил институтлари, олим ва мутахассислар стратегик ёндашувлар, комплекс тавсия ва қарорлар, минтақавий ва глобал миқёсда туб бурилиш ясайдиган лойиҳаларни ишлаб чиқиши лозим.

    Келгуси йил Самарқандда миллий стратегияларимизни уйғунлаштириш масалалари бўйича биринчи Халқаро экспертлар конференциясини ўтказишга ва мунозара майдонини тақдим этишга тайёрмиз.

    Ҳурматли ҳамкасблар!

    Минтақавий ҳамкорлик билан боғлиқ энг долзарб масалалар бўйича бизнинг қарашларимиз ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.

    Энг аввало, бу – мамлакатларимиз ва бутун минтақанинг барқарор ривожланиши учун зарур шароитларни шакллантиришдан иборат. Бу масалада биз аҳоли турмуш даражасини ошириш ва камбағалликка қарши самарали курашишга устувор аҳамият берамиз.

    Шу борада тегишли миллий дастурларни амалга оширишда Хитойнинг илғор тажрибасидан фаол фойдаланган ҳолда, фақатгина сўнгги бир йилда бир миллиондан ортиқ фуқароларимизни эҳтиёжмандлар тоифасидан чиқаришга эришдик.

    Биз кеча муҳтарам Хитой Халқ Республикасининг Раиси билан Глобал тараққиёт ташаббусларининг бош мақсадига эришиш учун биргаликдаги ишларимизни давом эттиришга келишиб олдик.

    Ишончим комил, аҳоли ҳаёт даражасини ошириш ва ҳудудларни, энг аввало, қишлоқ туманларини ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган қўшма дастурни қабул қилиш ва амалга ошириш халқларимиз томонидан қўллаб-қувватланади ҳамда бу 2030 йилгача бўлган Кун тартибидаги мақсадларга эришиш йўлида умумий ҳиссамиз бўлади.

    Биз янги иқтисодий мулоқотни шакллантириш ва мамлакатларимиз ўзаро боғлиқлигини кучайтириш тарафдоримиз.

    Минтақа мамлакатлари томонидан 2030 йилгача Хитой билан товар айланмаси ҳажмини икки баробар оширишга бемалол эришиш мумкин, деб ҳисоблаймиз. Бунга биринчи навбатда саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришнинг мутаносиб ўсиши, самарали савдо-логистика инфратузилмалари ва замонавий улгуржи-тақсимлаш тармоқларини шакллантириш, “яшил” ва экспресс-йўлаклар тизимини жорий этиш, электрон тижоратнинг умумий платформасини яратиш ҳисобидан эришилади.

    Мамлакатларимизда экспорт ва импорт кўргазмалари, бизнес ва инвестиция форумларини ҳар йили ўтказиб бориш, Марказий Осиё ва Хитой Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш муҳимлигини таъкидлаймиз.

    Қулай шарт-шароитлар ва зарурий ҳуқуқий базани шакллантириш учун Ўзаро савдога кўмаклашиш ва инвестицияларни рағбатлантириш тўғрисида кўп томонлама битимни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этамиз.

    Саноат кооперациясини чуқурлаштириш, рақамли технологияларни жалб этиш ва инновацияларни, айниқса, қишлоқ хўжалигига кенг жорий этиш масалалари Хитойнинг провинциялари билан тўғридан-тўғри ҳудудлараро мулоқотлар доирасида самарали ҳал этилиши мумкин.

    Амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, биродарлик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш учун бу йил Ўзбекистонда мамлакатларимиз шаҳарлари ва минтақаларининг форуми ва кўргазмасини ўтказишни таклиф этаман.

    Хавфсиз, қисқа ва қулай транспорт коридорларини ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга. Улар Хитойни бизнинг минтақаларимиз билан боғлаб, Европа, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш имкониятини беради.

    Транс-Евроосиё магистрали Буюк ипак йўлини тиклаш бўйича устувор лойиҳа ҳисобланади. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон автомобиль ва темир йўли ушбу магистралнинг муҳим таркибий бўғинидир. Хитой ва қирғиз шерикларимиз билан биргаликда биз бу борада амалий ишлар босқичига ўтмоқдамиз.

    Истиқболда ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши ва Трансафғон коридорининг қурилиши “Бир макон ва бир йўл” ташаббуси доирасида Хитойни Жанубий Осиё мамлакатлари билан муқобил йўллар орқали боғлаш имконини беради.

    Шунингдек, транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича миллий дастурларнинг уйғунлигини таъминлаш ва шу асосда узоқ муддатга мўлжалланган ягона стратегияни ишлаб чиқишни биринчи галдаги вазифа, деб ҳисоблаймиз.

    Иқлим ўзгариши ва “яшил энергетика” бўйича ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратишни таклиф этаман.

    Афсуски, Марказий Осиёдаги энергетика инфратузилмаларини ривожлантириш суръатлари саноатлашиш ва урбанизация жараёнларидан, шунингдек, аҳоли ўсишидан ортда қолмоқда. Бу эса мамлакатларимизнинг узоқ муддатли барқарор тараққиёти учун чиндан ҳам жиддий таҳдиддир.

    Хитойнинг қуёш, шамол ва гидро-энергетика, шунингдек, лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг молиявий воситалари соҳасида технологик жиҳатдан етакчи эканини ҳисобга олиб, муқобил энергетика бўйича яқин илмий-амалий шерикликни кенгайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

    Оролбўйидаги экологик муаммоларни ҳал этиш, биохилма-хилликни ҳимоя қилиш, музликлар ва тупроқ ҳосилдорлигини сақлаш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этишда ҳам самарали ҳамкорликка тайёрмиз.

    Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

    Биз барқарорлик ва хавфсизлик масалалари бўйича минтақавий мулоқотнинг бугунги даражасини юксак қадрлаймиз. Мамлакатларимизнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги масалалари бўйича принципиал позицияни эгаллаб келяпмиз.

    Ўзбекистон Хитойнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига мувофиқ хавфсизликнинг бўлинмаслиги ва тинч тараққиёт тамойилларига асосланган глобал ташаббусини қўллаб-қувватлайди.

    Марказий Осиё давлатлари ва Хитой махсус хизматлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасида уч ёвуз куч, наркотрафик, трансчегаравий ва кибер жиноятчиликка қарши курашда яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этамиз.

    Афғонистонда гуманитар ҳалокатга йўл қўймаслик бўйича келишилган позицияни ишлаб чиқиш ва чора-тадбирларни қабул қилиш учун Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Афғонистонга қўшни мамлакатлар доирасида Мулоқот гуруҳи платформаларидан тўлиқ фойдаланиш долзарбдир.

    Ҳурматли Си Цзиньпин жаноблари, кеча сиз таъкидлаб ўтганингиздек, “Афғонистонда инклюзив сиёсий тизимни яратиш, мамлакатларимизнинг терроризмга қарши кенг кўламли ҳамкорлик ўрнатиши билан боғлиқ масалаларни ҳамжиҳатликда илгари суришимиз муҳимдир.”

    Шунингдек, жаҳон ҳамжамияти ҳамда Афғонистон ҳукумати томонидан ўзаро мажбуриятларни бажариш алгоритмини ишлаб чиқиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида юқори даражадаги Халқаро гуруҳни тузиш ҳақидаги ташаббусимиз қўллаб-қувватланади, деб умид қиламиз.

    Биргаликдаги ҳаракатларимизни мунтазам келишиб олиш учун бугунги форматда Хавфсизлик кенгашлари котиблари учрашуви механизмини яратишни таклиф этамиз.

    Қадрли дўстлар!

    Бизнинг мамлакатларимиз ва халқларимиз миллий маданиятларни ўзаро бойитиб бориш учун катта цивилизацион салоҳият ва улкан имкониятларга эгадир. Кеча Марказий Осиё ва Хитой Маданият ва санъати йили ҳамда Ёшлар фестивалининг очилиши доирасида бўлиб ўтган ажойиб концерт бунга яққол мисолдир.

    Эзгу анъанага айланиб қолган гуманитар алмашувлар, турли кўргазмалар, концерт ва гастроллар, қўшма спорт тадбирларини ёшларимизни кенг жалб этган ҳолда, доимий ўтказиб боришни давом эттиришимиз муҳим, деб ҳисоблайман.

    Келгуси йилда мамлакатларимиз Ёш истеъдодлари форумини йўлга қўйишни таклиф этамиз.

    Хитой томонига анъанавий тиббиёт, кўз касалликларини даволаш ва таълим соҳаларидаги муҳим ташаббуслари ва қўшма дастурлар учун миннатдорлик билдираман.

    Ҳурматли ҳамкасблар, делегациялар раҳбарлари!

    Бизнинг мамлакатларимиз стратегик шерик ва ишончли дўстлардир. Бизнинг ўзаро ишонч, ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш принципларига асосланган кўп йиллик ҳамкорлигимиз ҳеч қачон сиёсий конъюнктураларга боғлиқ бўлмаган.

    Бугунги халқаро муносабатларда қарама-қаршилик кучайган ва оқибатини олдиндан айтиб бўлмайдиган шароитда ҳам биз бир-биримизни қўллаб-қувватлаяпмиз ва халқларимиз учун фаровон келажакни биргаликда қуряпмиз.

    Мамлакатларимиз пандемия даврида бир-бирига самарали ёрдам кўрсатгани ана шундай алоҳида муносабатларнинг яққол тасдиғидир.

    Шу муносабат билан, Хитой томонининг Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасида дўстлик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш учун учрашувларимизни мунтазам ўтказиб бориш тўғрисидаги стратегик ташаббусларини қўллаб-қувватлашни истар эдим.

    Раис Си Цзиньпин жаноблари, сиз буюк Хитойнинг донишманд раҳбари, бизнинг минтақамизда, умуман, бутун жаҳонда хавфсизлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш тарафдорисиз. Бизнинг учрашувларимиз ва бугунги саммит бу фикрнинг яққол исботидир.

    Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикасида конституциявий ислоҳотлар муваффақиятли ўтказилгани ва бўлажак Президент сайловини қўллаб-қувватлаганингиз ҳамда эзгу тилакларингиз учун самимий миннатдорлик билдираман.

    Мазкур анжуманнинг самарали натижалари яхши қўшничилик муносабатлари ва ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга, мамлакатларимиз ва халқларимизнинг фаровонлигига хизмат қилишига аминман.

    Эътиборингиз учун раҳмат.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates