Ўзбекистон суд тизими - қонуний, адолатли, замонавий ва халқпарвар

    Долзарб 6 октябр 2021 4953

    Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

    Ушбу фикрнинг тасдиғи учун даставвал биргина мисол — шу йилдан мамлакатимизда жиноят ишлари бўйича айбга иқрорлик тўғрисида келишув жорий қилинганига эътибор қаратайлик. Бу ўринда 2021 йил 18 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳақида сўз боради, албатта.

    Қонун билан Жиноят-процессуал кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, учта муҳим институт амалиётга жорий этилди. Булар кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш; жиноят иши бўйича дастлабки эшитув; айбга иқрорлик тўғрисида келишув институтларидир.

    Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш — гувоҳ ва жабрланувчини ишни судга қадар юритиш босқичида прокурорнинг илтимосига кўра сўроқ қилиш бўлиб, бу суд томонидан амалга оширилади. Гувоҳ ва жабрланувчини объектив сабабларга кўра кейинчалик сўроқ қилиш мумкин бўлмай қоладиган ҳолларда уларнинг кўрсатувлари олдиндан мустаҳкамлаб қўйилиши мумкин.

    Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув — жиноят ишини тўхтатиб туриш, тугатиш, бирлаштириш, айблов далолатномаси ёки хулосасини, тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни прокурорга юбориш ҳамда номақбул далилларни чиқариб ташлаш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда ўтказилади. Дастлабки эшитувни ўтказиш давомийлиги 10 суткадан ошмаслиги керак.

    Айбга иқрорлик тўғрисида келишув — ўта оғир жиноят ҳисобланмайдиган жиноятлар бўйича айбига иқрор бўлган, жиноятни очишга кўмаклашган ва зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан, прокурор билан тузиладиган институт. Қонун билан Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилганда жиноятлар бўйича жазо белгиланган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаган ҳолда тайинланади.

    Мазкур қонун билан жиноят ишида ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолатлар кенгайтирилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шу нуқтаи назардан, Жиноят-процессуал кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, биринчидан, шахс амалда ушланган ёки уни ушлаш билан боғлиқ тезкор-қидирув тадбири якунланган пайтдан бошлаб, у билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар амалга оширилгунга қадар ҳимоячи билан холи учрашиши таъминланади. Иккинчидан, тезкор-қидирув фаолиятни амалга оширувчи органлар томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчидан аризалар, тушунтиришлар ва кўрсатувлар олиш суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан, фақат ҳимоячи иштирокида амалга оширилади. Албатта, ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар бундан мустасно.

    Бундан ташқари, ушлаб туриш муддати шахс амалда ушланган пайтдан эътиборан кўпи билан 48 соатни ташкил этади. Илгари бу муддат шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга келтирилган вақтдан бошлаб ҳисобланган.

    Яна бир муҳим жиҳат: ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолатлар таснифи мукаммаллашди. Бу ҳолатлар тоифасига дастлабки эшитув ўтказилаётган; ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид; шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётган; айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузилган ишлар киритилди.

    Судлар фаолиятини ривожлантириш истиқболлари

    Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарор қабул қилинди.

    Бу ўринда, аввало, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунни эсга олиш жоиз. Унга биноан:

    биринчидан, ўтган қисқа даврда судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, кадрларни танлаб олишнинг демократик ва шаффоф механизмини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди;

    иккинчидан, юртимизда биринчи марта Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарларда 207 та маъмурий суд ташкил этилди;

    учинчидан, 85 та иқтисодий суд фаолияти йўлга қўйилди. Бундан кўзланган мақсад, албатта, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишдир;

    тўртинчидан, суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш, судларни моддий-техник ва молиявий таъминлаш масалаларини мустақил ҳал этиш мақсадида Олий суд ҳузурида Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилди;

    бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши таъсис этилди. Натижада судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, бу борада очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш имкониятлари кенгайди. Кенгаш томонидан судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлашда таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилди;

    олтинчидан, дунёнинг тараққий этган давлатлари илғор тажрибасини чуқур ўрганиш асосида мамлакатимиз тарихида илк бор судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинди. Судьяларнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мустақиллиги кафолатлари кучайтирилди.

    Шу билан бирга, жойларда судлар фаолиятидан жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.

    Суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мавқеини ошириш, хусусан, аёл судьяларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

    Судларни молиялаштириш тизими халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди

    2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, қуйи судлар судьялари, Судьялар олий мактаби ва уларнинг аппарати ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг иш ҳақи ва қўшимча тўловлари тўлиқлигича давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланди. Судьяларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди.

    Илк бор давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари ҳамда ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш борасидаги конституциявий ҳуқуқни амалга оширишни таъминлаш мақсадида яратилган тизим қисқа муддатда ўз натижасини бера бошлади.

    Жиноят ишини қўшимча тергов юритиш учун қайтариш институти бекор қилинди ва далилларга баҳо бериш институти тубдан такомиллаштирилди. Бу, ўз навбатида, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилган ҳолда оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратди.

    Бу ҳақда сўз борганда, айрим рақамларга тўхталиш мақсадга мувофиқ. Хусусан, мамлакатимизда судлар томонидан 2017-2021 йилларда жами 3 минг 464 нафар шахс оқланди. Яна бир муҳим рақам: 2017-2021 йилларда жами 17 минг 731 нафар шахс суд залидан озод қилинди.

    Ушбу соҳадаги натижадорликни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян ҳам алоҳида эътироф этди. Айни вақтда суд қарорлари қонунийлиги ва асослилигини қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тизимини такомиллаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

    Конституциявий ўзгаришлар ва суд-ҳуқуқ ислоҳоти

    “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мантиқий давоми бўлди. Қонунга асосан, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш тартибини илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, фуқаролар учун одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб:

    биринчидан, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида, судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри умумюрисдикция судлари ташкил этилди;

    иккинчидан, маъмурий тартиб-таомиллар ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларни ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш чоралари кўрилди, бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маъмурий судлари сақлаб қолинди.

    Шуларга асосан, суд тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилаётганини инобатга олиб, Конституциямизнинг 107-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилди.

    Суд қарорларини қайта кўриб чиқиш институти такомиллашди

    Инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимояси тўла-тўкис таъминланиши йўлида суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Жиноят-процессуал, Иқтисодий процессуал ҳамда Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги бешта қонун мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотининг мантиқий давоми эканини алоҳида таъкидлаш лозим.

    Ушбу қонунлар негизида суд тизимини тубдан янгилашнинг яна бир муҳим ва юксак босқичига қадам қўйилди. Бу қонунларнинг барчаси суд қарорлари қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш тартибини илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда ­такомиллаштиришга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этди.

    Шу билан бирга, амалда бўлган назорат инстанцияси тизими суд ишларининг йиллаб ўз ечимини топмасдан, фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келишини ҳам холислик нуқтаи назаридан очиқ-ошкора айтишимиз керак. Қолаверса, мазкур назорат инстанцияси тизими халқаро тажрибага ҳам мос эмас эди.

    Шу маънода, “бир суд — бир инстанция” тамойили илгари сурилгани айни муддао бўлди. Бу, биринчидан, суд қарорларини қайта кўриш тизимида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларнинг ҳал қилинишига кучли туртки берган бўлса, иккинчидан, ушбу тизимнинг тубдан қайта кўриб чиқилишига асос яратди.

    “Бир суд — бир инстанция” тамойилига кўра, эндиликда, биринчидан, халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилди. Яъни: биринчи инстанция — туманлараро, туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича — вилоят судлари, апелляция инстанцияси — вилоят судлари, биринчи инстанцияда вилоят судлари томонидан кўрилган мураккаб тоифадаги ишлар бўйича — Олий суд, кассация инстанцияси — Олий суддан иборат бўлди.

    Иккинчидан, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган назорат инстанцияси тўлиқ бекор қилинди. Вилоят суди томонидан биринчи инстанцияда кўрилган суд ишлари юзасидан берилган шикоятларнинг шу суднинг ўзи томонидан юқори инстанция суди сифатида кўрилиши амалиётига барҳам берилди. Натижада коррупциявий омиллар бартараф этилиб, шикоят қилиш институти самарадорлиги ошди.

    Ўз навбатида, суд ишларини назорат тартибида кўриб чиқиш институти тугатилиши ва кассациянинг учинчи инстанция суди сифатида белгиланиши натижасида суд қарорлари қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигидан норози томоннинг тўғридан-тўғри шикояти асосида кўрилишига эришилди. Судларда ишларни назорат тартибида кўриб чиқиш бўйича бир-бирини такрорловчи инстанциялар қисқартирилди.

    Судлар очиқлиги ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш самаралари

    Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасида жадал ишлар олиб борилмоқда. Ишларни инсон омилисиз, яъни автоматик равишда тақсимлаш, суд мажлиси жадвалининг ягона электрон базасини жорий этиш, суд қарорларини расмий веб-сайтда эълон қилиш, судга электрон мурожаат ва суд ҳужжатларини тарафларга электрон шаклда юбориш, суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш каби замонавий ёндашувлар эвазига одил судлов самарадорлигига эришилмоқда.

    2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишда соҳани рақамлаштиришни янада кенгайтириш мақсадига қаратилган. Унга кўра, Олий суд ахборот тизимини 28 та давлат органи ахборот тизимига интеграция қилиш орқали маълумотлар алмашинувини 100 фоиз рақамли шаклга ўтказишни назарда тутувчи “Йўл харитаси”, шунингдек, 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди.

    Барча суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш, биринчи инстанцияда тўлиқ жорий қилинган ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш тартибини апелляция ва кассация инстанцияси судларида ҳам йўлга қўйиш ишлари жадал бормоқда. Бунда тарафларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида SMS орқали хабардор қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобиль дастур амалиётга жорий этилаётгани ҳам жуда муҳим.

    Судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш энг асосий вазифаларимиздан бўлиб, бу борада ҳам муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, судлар чиқарган қарорлар Олий суд веб-сайтида мунтазам равишда эълон қилиб борилмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми 2020 йил 21 февралда “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Бундан мақсад суд муҳокамаси ошкоралигини, судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқи тўлиқ амалга оширилишини таъминлашдир.

    Пленум қарорида судлар суд муҳокамаси ошкоралиги ва судлар фаолиятига доир ахборотни олиш ҳуқуқини амалга ошириш учун зарур шароит яратиши лозимлиги тушунтирилди. Айниқса, одил судловдан фойдаланиш имкониятларини осонлаштириш ҳамда бу борадаги шаффофликни оширишга қаратилган электрон тартиб-таомиллар босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилаётгани катта аҳамиятга эга.

    Яна бир муҳим жиҳатга тўхталамиз. Сўнгги йилларда судларнинг халққа янада яқинлашиши, судьялар ва суд ходимларининг халқ орасига кириб бориши суд фаолиятининг очиқлиги, холислиги ва шаффофлигига нисбатан жамоатчилик ишончини тубдан оширмоқда.

    Таъкидлаш керакки, яқинда мамлакатимизда суд тизими ислоҳига оид яна бир муҳим қонун ҳужжати кучга кирди. Яъни “Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун имзоланди ҳамда матбуотда эълон қилинди.

    Янги қонун билан Фуқаролик процессуал кодексига соддалаштирилган тартибда иш юритиш институти киритилди. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларнинг изчил ва мантиқий давомидир.

    Икром МУСЛИМОВ,

    Олий суд раиси ўринбосари