Ўзбекистон ва АҚШ санъатшунослари ҳамкорлик қилади

    Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Давлат санъат музейи директори Тигран Мкртичев билан учрашди.

    Мулоқот чоғида АҚШнинг етакчи музейларида Савицкий музейи кўргазмасини ташкил қилиш, Америка илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек маҳаллий музей мутахассислари учун мақсадли тренинглар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

    Амалга ошириладиган илк қўшма лойиҳалардан бири Нью-Жерсидаги Ратгерс университети ҳудудида жойлашган Зиммерли санъат музейи билан ҳамкорлик ўрнатиш экани таъкидланди. Америка делегацияси 2022 йилда Нукусга ташриф буюриб, маҳаллий музей коллекциясини ўрганиш орқали келгусида Америка Қўшма Штатларида Савицкий музейи экспозициясини шакллантириш учун экспонатлар рўйхатини тузишни режалаштирмоқда.

    “Америка вакиллари Ўзбекистон ва АҚШ санъатшунослари учун биргаликда тажриба алмашиш дастурларини ташкил этишга ҳам тайёр, - деди элчи. – Икки музей мутахассисларининг мунтазам ўзаро ташрифлари коллекцияларни пухта ўрганиш ишларини йўлга қўйиш ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш имконини беради”.

    1966 йилда галерея сифатида ташкил этилган Зиммерли санъат музейи 1983 йилда музей мақомини олган. 6,5 минг квадрат метр майдонда жойлашган ушбу музей мамлакатдаги энг йирик ва энг машҳур музейлардан бири бўлиб, қадимий ва замонавий санъат асарларидан иборат 60 минг объектни ўз ичига олган.

    Элчихона маълумотига кўра, учрашув чоғида дунёдаги энг қадимий марказ ҳисобланувчи Нью-Йоркдаги Николай Рерих музейи билан ҳамкорлик масаласи ҳам муҳокама қилинган. Таъкидланишича, ушбу музей Н.Рерих асарлари тўпламидан ташкил топган бўлиб, рассомнинг тасвирий санъат асарлари репродукциялари ва унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган кўплаб китобларни тарқатиш билан шуғулланади.

    Нукусдаги учрашувда америкалик ҳамкорлар билан биргаликда И.Савицкий музейи санъат объектларини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса санъатшунос томонидан тўпланган асарларга халқаро миқёсда қизиқишнинг сезиларли даражада ортишига хизмат қилади. Виртуал тур ва музей расмлари билан онлайн-танишув уларнинг дунё миқёсида кенгроқ аудитория орасида оммалаштиришга салмоқли ҳисса қўшиши таъкидланди.

    Бундан ташқари, томонлар АҚШнинг етакчи рассомларини Қорақалпоғистон, унинг бетакрор табиати, Орол денгизи фожиаси ҳақидаги картиналарни яратишга таклиф этишга ва кейинчалик Нукусда уларнинг кўргазмасини ўтказишга келишиб олди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates