Учрашув давомида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги илм-фан ва технологиялар соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Вазир Ўзбекистон–Беларус қўшма илмий лойиҳалар танловлари доирасида амалга оширилган 15 та лойиҳалар якунига етказилиб, ҳозирда тижоратлаштириш босқичидан ўтаётганини таъкидлади. Шунингдек, қўшма танловларнинг 2-тури доирасида жами 2 млн. АҚШ доллари қийматидаги 30 та илмий лойиҳа молиялаштирилганини айтиб ўтди. Бундан ташқари, сўнгги 3 йил давомида 200 нафар ёш олимлар ва тадқиқотчиларнинг Беларус илмий-тадқиқот институтларига стажировкаларини ташкил этишга муваффақ бўлинди.
Музокаралар доирасида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Беларус Миллий фанлар академияси ўртасида меморандум ҳамда 2022–2023 йиллар учун илмий-техник ва инновацион ҳамкорлик дастури имзоланди. Ҳужжатларни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова ҳамда Беларус Миллий академияси Президиуми раисининг биринчи ўринбосари Сергей Чижик ҳамда Беларус Республикаси Илм-фан ва технологиялар Давлат комитети ўринбосари Сергей Шербаков имзоладилар.
Икки давлат ўртасидаги илмий-техник ва инновацион ҳамкорлик дастури доирасида томонлар қўшма илмий лойиҳаларни қўллаб қувватлашни давом эттириш, илмий тадбирларни ташкил этиш, олимларнинг малакасини ошириш, илмий инфратузилмани ривожлантириш ва технологиялар трансферини амалга ошишга келишдилар. Беларус Миллий академияси билан меморандум доирасида эса икки давлат илмий жамоаларининг турли шакллардаги ҳамкорлигини кенгайтириш, олимлар ва тадқиқотчиларнинг ўзаро алмашинувини йўлга қўйиш, илмий маълумотлар билан алмашиш, ҳамкорликда нашрий фаолиятни ривожлантириш, илмий-амалий тадбирларни қўллаб қувватлаш кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Беларус билан илмий ҳамкорлик доирасида Тошкент темир йўллар транспорти муҳандислари институти ҳамда Тошкент Техник университети базасида иккита қўшма илмий лабораториялар ташкил этилган. Ўнлаб ўзбек олимлари Беларус Миллий Фанлар академияси институтларида тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар. Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги «Яшнабод» ва Беларус Миллий техник университетининг «Политехник» технопарки ўртасида ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, қўшма стартап лойиҳаларни ривожлантириш назарда тутилган.
Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги илм-фан ва технологиялар соҳаларидаги ҳужжатлар икки давлат ўртасидаги илмий ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.









