Ўзбекистон ва Қозоғистон сайғоқлар популяциясини тиклаш учун кучларни бирлаштиради

    Икки давлат ўртасида сайғоқларни асраш ва тиклаш бўйича англашув меморандуми имзоланиши режалаштирилмоқда.

    Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Қозоғистон Экология ва табиий ресурслар вазирлиги сайғоқларни асраш ва уларнинг сонини тиклашга қаратилган давлатлараро ҳамкорликни изчил равишда ривожлантирмоқда.

    Сайғоқ — ноёб ва йўқолиб борувчи жонзот сифатида ҳисобланади. Илгари унинг яшаш ареали Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Россиянинг жанубий ҳудудларини қамраб олган бўлса, бугунги кунда у Ўзбекистоннинг Қизил китобига киритилган. Шунингдек, сайғоқлар CITES Конвенциясининг II иловаси ҳамда Кўчманчи турлар тўғрисидаги Конвенциянинг (CMS) I иловасига ҳам киритилган бўлиб, бу уларни халқаро миқёсда муҳофаза қилиш зарурлигини таъкидлайди.

    Ўзаро ҳамкорлик доирасида икки давлат ўртасида сайғоқларни асраш ва тиклаш бўйича англашув меморандуми имзоланиши режалаштирилган. Ушбу ҳужжат сайғоқлар сонини ошириш ва уларнинг муҳитида комплекс дастурларни амалга ошириш учун ҳуқуқий ва ташкилий асос бўлиб хизмат қилади.

    Меморандум доирасида қуйидаги қўшма чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда:

    • Сайғоқларнинг анъанавий кўчиш йўналишларида эркин ҳаракатланиши ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чегара бўйлаб махсус муҳофаза этиладиган ҳудудлар ҳамда миграцион коридорлар ташкил этиш;
    • Сайғоқларнинг озиқланиши ва кўпайиши учун муҳим бўлган табиий йайловлар, сув ҳавзалари ва экотизимларни тиклаш;
    • Табиатга қайта кўчириш (реинтродукция) дастурини ишлаб чиқиш;
    • Илмий тадқиқотлар, мониторинг ва тажриба алмашинувини ташкил этиш, жумладан, қўшма экспедициялар, рейдлар, мутахассисларни тайёрлаш ва популяция бўйича маълумотлар билан алмашиш.

    Шу билан бирга, ҳамкорлик доирасида трансчегаравий экотизимларда сайғоқларнинг сони, саломатлиги ва кўчиш жараёнларини кузатиш, яшаш муҳитини тиклаш, ареалнинг парчаланишининг олдини олиш, шунингдек, генетик ва техник маълумотлар билан алмашиш, сунъий йўлдош орқали кузатув, ветеринария назоратини жорий этиш, браконьерликка қарши курашиш ва аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш ҳам назарда тутилган.

    Ҳисоб усулларини мувофиқлаштириш, ягона маълумотлар базасини яратиш ва табиатни муҳофаза қилиш дастурларига халқаро шерикларни жалб этиш ҳам муҳим вазифалардан ҳисобланади.

    Таъкидлаш жоизки, сайғоқларни муҳофаза қилиш соҳасидаги бу икки давлат ҳамкорлиги нафақат биохилма-хилликни сақлаш, балки барқарор трансчегаравий экологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам ҳисобланади. Шу орқали минтақанинг табиий меросини келажак авлодларга етказиш борасидаги халқаро мажбуриятларга содиқлик намоён этилмоқда.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates