Ўзбекистон ва Хитой муносабатларининг кенг доираси, хусусан, сиёсий савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалар бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.
Мамлакатлар ўртасидаги алоқалар дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик асосида ривожланиб бораётгани, олий даражадаги фаол сиёсий мулоқот туфайли 2023 йил Ўзбекистон-Хитой муносабатлари тарихида муҳим аҳамият касб этгани алоҳида таъкидланди.
Сўнгги 5 йилда мамлакатларимиз ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми икки бараварга ўсиб, 9 миллиард доллардан зиёдни ташкил этди. Бу даврда Хитой сармояси ҳажми ҳам 5 баробар, компаниялар сони эса 3 баробар ошди.
Мулоқот давомида биргаликда инновацион ва технологик қувватларни яратиш, хусусан, автомобилсозлик, яшил энергия, ақлли қишлоқ хўжалиги, сувни тежайдиган технологияларни ишлаб чиқариш соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Ўзаро муносабатларнинг яна бир муҳим йўналиши сифатида минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди. Жорий йилнинг ўзида амалга оширилган ташрифлар натижасида умумий қиймати 3,5 миллиард долларлик 100 дан ортиқ сармоявий битим ва шартномалар бўйича келишувга эришилгани мамнуният билан қайд этилди.
Шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорлик, биринчи навбатда, таълим, фан ва технология, маданият ва туризм соҳаларини янада ривожлантириш лозимлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.
Томонлар чуқур ва ўзаро манфаатли шериклик асоси сифатида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлаб, мазкур йўналишда кейинги йилларда фаоллик кузатилаётгани, муносабатларни амалий лойиҳалар билан янада бойитиш лозимлигига тўхталдилар.
Икки мамлакат ўртасида эришилган олий даражадаги келишувларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш учун мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш, бу жараёнда парламентлараро дўстлик гуруҳларининг мувофиқлаштирувчи сифатидаги ролини янада оширишга эътибор қаратилди.
Парламент делегацияларининг ташрифларини фаоллаштириш, қўшма тадбирлар ўтказиш, маҳаллий бюджетлар ижроси устидан парламент назоратини амалга оширишда ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, “яшил иқтисодиётга” ўтиш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш каби йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Бутунхитой халқ вакиллари кенгашининг доимий қўмитаси раиси ўринбосари Чжан Синвей Сенатининг фахрий меҳмонлар китобида дастхат ёзиб қолдирди.