Ўзбекистон халқаро суверен облигациялари Лондон фонд биржасида жойлаштирилди

    Ўзбекистоннинг умумий қиймати қарийб 1,5 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган навбатдаги суверен халқаро облигациялари 21 май куни илк бор 3 та валютада жаҳон молия бозорларида жойлаштирилди.

    Жорий йилнинг 17 май куни АҚШ, Буюк Британия, Германия, Дания ва Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлардан 76 нафар инвестор билан видеоконференция (Глобал Инвестор Call) ҳамда 20-21 май кунлари 40 нафар йирик инвестор билан яккама-якка форматда учрашувлар бўлиб ўтди.

    Учрашувларда халқаро инвесторларга Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида "Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва макроиқтисодий ҳолат юзасидан батафсил маълумот берилди.

    Халқаро инвесторлар томонидан дунёда давом этаётган мураккаб вазиятга қарамай, Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорлик сақланаётгани, энергия тарифлари, хусусийлаштириш ва бошқа таркибий ислоҳотларнинг амалий жиҳатдан жадаллашгани ижобий баҳоланди.

    Музокаралардан сўнг 21 май куни 3 та валютада, жумладан, АҚШ долларида 7 йиллик, еврода "Барқарор ривожланиш мақсадлари"ни молиялаштириш учун 3 йиллик ва Ўзбекистон миллий валютаси — сўмда суверен халқаро облигацияларини жойлаштириш бўйича буюртмалар қабул қилиниши эълон қилинди.

    Қайд этиш керакки, евродаги суверен халқаро облигациялар Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) молиялаштириш учун ишлаб чиқилган Ўзбекистон БРМ облигациялари дастури доирасида чиқарилди.

    Мазкур дастур "Маблағларни тақсимлаш" ва "Лойиҳаларнинг Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига таъсири" бўйича ҳисоботларини тайёрлаш ва эълон қилишни ҳам кўзда тутади.