Ўзбекистон Президенти Россия ИИВ делегациясини қабул қилди

    Ҳукумат 25 июн 2024 946

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Россия Федерацияси ички ишлар вазири Владимир Колокольцевни қабул қилди.


    Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари яқинда Доғистонда содир этилган террорчилик хуружи оқибатида ҳалок бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг оила аъзоларига ҳамдардлик ва далда сўзларини билдирди.

    Олий даражада эришилган келишувларнинг амалий ижроси кўриб чиқилди.

    Терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, киберхавфсизлик ва рақамли экспертиза соҳаларидаги ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди.

    Миграция соҳасида ҳамкорлик механизмларининг самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.